Линклар

"Ким бунга йўл қўйди?"


Ортида қудратли "силовиклар" тургани айтилаëтган "Роснефть" вице-президенти ўғлининг ўғирланиши қудратли гуруҳларнинг бир-бири ҳовлисига тош отаëтгани белгиси сифатида кўрилмоқда.

Ортида қудратли "силовиклар" тургани айтилаëтган "Роснефть" вице-президенти ўғлининг ўғирланиши қудратли гуруҳларнинг бир-бири ҳовлисига тош отаëтгани белгиси сифатида кўрилмоқда.

Россия нефт саноати энг йирик бошқарувчиларидан бири ўғлининг сирли равишда йўқолиб қолганига яқинда икки ой бўлади. Мазкур жиноят Россия воқелигининг бир жиҳати тўғрисида тасаввур пайдо қила олади.

Россия давлат И.М. Губкин номидаги Нефт ва газ университети талабаси Михаил Ставскийдан 14 апрелдан бери дарак йўқ.

"Роснефть" ширкати вице-президенти Михаил Ставскийнинг ўғли Мишани, айтишларича, университет биноси олдида икки киши боғлаб, машинага солиб олиб кетган.

Мазкур воқеанинг учи орадан бир ярим ой ўтиб, 1 июнда, "Новая газета" хабар қилгач чиқди.

Шундан кейингина Тергов қўмитаси талабанинг ўғирланганини тасдиқлади, боз устига ўғриларнинг фотороботи борлигини маълум қилди.

Шундан сўнг ставскийлар оиласи ўғлини топиш учун ёрдам берадиган ҳар қандай маълумот учун суюнчи беражагини эълон қилди.

"Ким бунга йўл қўйди?" Бу "Новая газета"да эълон қилинган мақола сарлавҳасидир. Газета саволи остида ҳайрат ва ҳадик бор. Зеро "Роснефть" давлатга қарашли ширкат бўлгани учун Ставскийнинг ўғлини ўғирлаганлар нимага ва кимга қарши қўл кўтарганларини билмасликлари мумкин эмас эди.

"Роснефть" директорлар кенгашини бош вазир ўринбосари Игорь Сечин бошқаради. Маълумотларга қараганда, Сечиннинг ортида қудратли "силовиклар" туради.

Бас шундай экан, "Новая газета"нинг саволи бежиз эмас: "Ким бунга йўл қўйди?"

"Балки, жиноятчилар қўрқув ҳиссини йўқотиб қўйгандир ёки уларнинг юқори лавозимли ҳомийлари бормики, Россиянинг энг катта ширкатлари раҳбарларига бамалол ҳужум қила олсин?" деб ёзди газета.

Шу ва шунга ўхшаш саволларнинг барчасини Роснефть изоҳсиз қолдирди.

"Новая газета"нинг баъзи манбаларига кўра, Миша Ставскийни ўғирлаганлар унинг отасидан 50 миллион евро талаб қилган.

Айни пайтда бошқа нашрлар ўғирланган йигитнинг ота-онасига таяниб ҳеч қандай пул талаб қилинмагани тўғрисида ёзди.

Кейинги йилларда Россияда кўплаб иш одамлари ва уларнинг яқинлари ўғирлаб кетилди. "Новая газета" кейинги 4 йил ичида 8 та шундай воқеа бўлгани тўғрисида ёзди.

Бундай ишлардан энг йириги 2001 йили юз берган эди. Ўшанда Лукойл ширкати вице президенти Сергей Кукурани ўғирлаб кетишган, хабарларга қараганда, Лукойл ўз ходимини озод қилиш учун 6 миллион доллар тўлаган. Лекин ширкат бу маълумотни инкор этган эди.

Давлат думасининг Единая Россия партиясидан сайланган депутати Сергей Марков каби таҳлилчилар фикрича, шу кунда ҳам бизнес билан жиноят оламининг алоқалари бор, бироқ аҳвол 1990-йиллардагидан фарқ қилади.

"Новая газета"нинг ёзишича, одам ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларни очиш учун Тергов қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан тиғиз ҳамкорлик қилмоқда.

Москвадаги Меркатор тадқиқот маркази раҳбари Дмитрий Орешкиндай экспертлар фикрича, юқори лавозимли давлат амалдорлари ёки уларнинг болалари ўғирланаётгани мамлакатда тартиб ҳануз йўқлиги белгисидир.

Агар Роснефтдай давлат иштироки катта бўлган, ФСБ билан алоқалари кучли бўлган Сечинга тегишли ташкилот ходимлари болаларини ўғирлаётган эканлар, Путин тартиб ўрнатиш учун келди, деган гаплар қуруқ гапдан нарига ўтмаганини кўрсатиб турибди.
XS
SM
MD
LG