Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:52

Тавилдара изи Тошкентдан қидирилмоқда


Диндорлар уйида тинтув ўтказаëтганлар¸ ўзларининг Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланган шахсларни қидираëтганини билдирганлар.
Диндорлар уйида тинтув ўтказаëтганлар¸ ўзларининг Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланган шахсларни қидираëтганини билдирганлар.

Норасмий хабарларга кўра, Тошкент шаҳар ва вилоятидаги баъзи диндор хонадонларда тинтув ўтказилмоқда ва бу диндор оилаларга қарши навбатдаги таъқиб кампаниясининг бошланиши сифатида кўрилмоқда..

Тошкентлик диндор хонадонлардан Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари қидирилаётгани ҳақида Озодликка ҳуқуқ ҳимоячиси Дилором Исҳоқова хабар қилди.

- Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги барча туманларда ҳижобли¸ диндор аëлларнинг уйида тинтувлар ўтказилаяпти. Қўлимизда олтита ордер бор.

Шу олтита ордернинг биттасида “Ҳозирги пайтда Тавилдарада¸ лагерда истиқомат қилаëтган фалончи фалончиев шу ерда бўлиши мумкин бўлгани ва шундай маълумотлар борлиги учун уйингиз тинтилаяпти” деб ëзилган. Тавилдарада деб ўзи кўрсатиб кетаяпти.

Яна битта ордерда “Ҳозирги пайтда Афғонистон ҳудудида юрган фалонча фалончиевнинг мана шу ерда бекиниб ëтган бўлиши мумкинлиги учун сизнинг уйингиз тинтилаяпти” деб кўрсатилаяпти¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, ички ишлар ходимлари ўтказаётган тинтувлар учун рухсатномалар шаҳар ва туман прокуратуралари томонидан берилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова диндор хонадонлардан ЎИҲ аъзолари қидирилаётганига оид хабарни инкор қилди.

Дилором Исҳоқова бу ҳолатни 26 май воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматининг диндор оилаларга қарши бошлаган янги таъқиб кампаниясидир, дея изоҳлайди.

Лекин, Тожикистоннинг Тавилдарасидаги вазият ва унинг 26 май Хонобод воқеаларига бевосита боғлиқлигига оид баъзи хабарлар бу мавзунинг бошқа жиҳатларини ўрганишимизга туртки бўлди.

Бундан ташқари, 3 июн куни Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев куч ишлатар идоралари билан ўтказган ёпиқ мажлисда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги сўнгги воқеалар, Тожикистондаги вазият минтақадаги аҳвол қалтислигидан даракдир, деган фикрлар айтилган.

Бишкекдаги манбалардан бирига кўра, бу мажлисда ЎИҲ аъзолари Тавилдарадан Қирғизистон ҳудудига, у ердан Ўзбекистонга ўтиши мумкинлигига оид разведка маълумотлари ва қалтис тус олаётган вазиятга Қирғизистон ичидаги радикал кучларнинг аралашуви эҳтимоллари муҳокама қилинган.

Хўш, Тошкентда ўтказилаётган тинтувларнинг ҳақиқатан Тавилдара ва Хонобод воқеаларига алоқаси бўлиши мумкинми?

Россиядаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов Тавилдарада Тожикистон ҳукумат қўшинлари жангариларга қарши амалиёт олиб бораётгани ва жангарилар орасида ЎИҲ аъзолари борлигига оид хабарлар тасдиқлангани инобатга олинса, бу воқеаларни бир-бири билан боғлаш мумкин, дейди.

- Тавилдарадан аниқ маълумотлар олинмаган бўлса-да, у ерда Тожикистон хавфсизлик кучларининг жангарилар билан тўқнаш келгани ва оқибатда иккала томондан талафотлар бўлгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланди.

Тавилдарага Афғонистондан ўтган бу жангарилар орасида ЎИҲ аъзолари борлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотаётгани йўқ ва бу вазиятда уларнинг маълум қисми Ўзбекистон ҳудудига ўтган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бишкекда ўтказилган ёпиқ мажлисга келсак, биринчидан ЎИҲ жангариларининг минтақага ўтгани ёки ўтиши эҳтимоллари ҳақида 26 май кунги воқеалардан кейин гапирила бошлади.

Иккинчидан, бу мажлисда айтилган гаплардан кўзланган мақсад, АҚШга тегишли Манас базасини мамлакат ҳудудида қолдириш учун бир важ бўлиши мумкин, айниқса, Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг президент Бакиевдан буни илтимос қилгани ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Екатеринбургдаги навбатдаги саммитида Манас базаси масаласи кўриб чиқилиши инобатга олинса, дейди россиялик таҳлилчи.

Берлиндаги хавфсизлик масалалари бўйича Жорж Маршалл марказининг шарҳловчиси профессор Ник Пратт ҳам Ўзбекистон хавфсизлик хизматида муайян разведка маълумотлари бўлмаганида¸ Тошкентдаги каби тинтувлар ўтказилмаган бўларди, дейди.

- Яқинда рўй берган воқеалар минтақада ЎИҲ ёки бошқа бир ташкилот ҳаракат қилаётганига ишора қилади. Менимча, сиз айтаётган тинтувлар хавфсизлик хизматлари тўплаган разведка маълумотларининг натижасидир.

Мен бу разведка маълумотларини кўрмаганим боис, уларни асосли ё асоссиз, дея олмайман. Лекин минтақада қандайдир жараёнлар рўй бераётгани аниқ ва уларнинг ЎИҲга қандайдир алоқаси борлигини айтиш мумкин.

Лекин яна бир нарсани айтиш керак, бундай жараёнлар кўпчиликнинг аралашувини талаб қилмайди, яъни террорчилар лагерларида тайёргарликдан ўтган саноқли кишилардан иборат гуруҳ ҳам бундай муаммоларни келтириб чиқариш учун кифоядир, дейди Ник Пратт.

Айни пайтда, баъзи манбалар, минтақадаги вазиятнинг жиддийлашаётгани ортида Россия ва минтақа давлатлари хавфсизлик хизматларининг қўли бор, деган тахминларни илгари сурмоқда.

Бу тахминларга кўра, вазиятнинг қалтислашуви минтақанинг баъзи давлатларида жиддий сиёсий ўзгаришларга олиб келади ва пировардида Россиянинг стратегик манфаатларига хизмат қилади.

Ник Пратт ҳам, Аркадий Дубнов ҳам фитна сценарийсига оид бу тахминлар эҳтимолдан йироқ¸ дейди.

Лекин, дейди “Время новостей” газетаси шарҳловчиси Дубнов, минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, масалан, сув заҳиралари устидаги тортишувлар эътиборга олинса, вазият атайлаб кескинлаштирилаётган бўлиши мумкин.

- Бу воқеалар хавсизлик хизматлари олиб бораётган нозик ўйиннинг оқибатлари бўлиши мумкин, албатта.

Ўзбекистон ўз қўшнилари орасида душманлар борлиги, масалан, Қирғизистон ва Тожикистондан муайян таҳдидлар келаётгани баҳонасида бу давлатлар билан чегараларни мустаҳкамлаш ва мамлакат ичидаги ҳар қандай норозиликни бостиришни ниятида, буни атайлаб уюштираётган бўлиши мумкин.

Албатта, бундай вазият Тошкент фойдасига ишлаши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди, дейди Марказий Осиё масалалари бўйича россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG