Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:48

Чоҳ кимга қазилаяпти?


Хонободлик тингловчимизнинг тасвирлашича¸ ўзбек-қирғиз чегарасида ҳозирда қазилаëтган ҳандақлар суратдагидан ками уч баравар энлироқ ва чуқурроқдир.
Хонободлик тингловчимизнинг тасвирлашича¸ ўзбек-қирғиз чегарасида ҳозирда қазилаëтган ҳандақлар суратдагидан ками уч баравар энлироқ ва чуқурроқдир.

Андижон вилоятининг Қирғизистонга чегарадош ҳудудлари эни 3 метр, чуқурлиги 3 метрлик хандақ билан қазиб чиқилмоқда. Бу ҳақда хонободлик тингловчимиз хабари билан бир пайтда¸ ўзбек-тожик чегарасида ҳам чоҳ қазилаëтгани маълум бўлди.

Озодлик: Сиз Хонободда турасиз-а?

- Ҳа¸ мен хонободликман.

Озодлик: Айтишларича¸ чегара бўйлаб чуқур ариқлар қазилаяпти экан. Шунақа бўлаяптими?

- 25 май куни ҳалиги воқеа бўлдику. Ўшандан кейин вилоятнинг шарқий қисми билан Қирғизистон ўртасидаги чегараларда эни ва чуқурлиги уч метр бўлган чоҳлар қазилаяпти.

Озодлик: Нима билан қазишаяпти?

- Экскаватор билан қазишаяпти.

Озодлик: Буни чегарачилар қазияптими ëки ишчиларми?

- Ҳозир ҳокимият томонидан қаздирилаяпти. Қурилишлардан¸ ташкилотлардан экскаваторни олиб келиб қаздиришаяпти.

Озодлик: Энди уч метр¸ чуқурлиги уч метрми.

- Ҳа¸ шундай. Узунлиги эса бутун чегара бўйлаб бўлади.

Озодлик: Чегаранинг қаеридан қаеригача энди?

- Ҳозир “Андижон вилоятининг атрофи шунақа кавланиб чиқади” деган гап бор.

Озодлик: Бу нима учун қилинаяпти экан?

- Одамлар ноқонуний йўллар билан ўтиб кетмаслиги учун. Чегарани сал мустаҳкамлаш масалалари бўлаяпти шекиллида. Ҳалиги воқеаларда ўтган одамлар Қирғизистон томондан ўтган деган гаплар бўлдику.

Бунинг қанчалик ҳақиқатга яқин ëки яқин эмаслигини билмаймиз. Шунинг учун шу чоралар кўрилаяпти ҳозир.

Озодлик: Сиз чегарага яқин яшайсиз-а?

- 25 майдан 26 майга ўтар кечаси воқеалар бўлдику. Ўша воқеалар содир бўлган чегарадан бир километр узоқликда яшайман.

Озодлик: Қазиëтганларини ўзингиз кўрдингизми?

- Ҳа¸ ҳар куни кўраяпмиз.

Озодлик: Одамлар чегарадан ўтиб келаяптими ë ëпиқми?

- Ҳозирча чегарадан ўтказмаяпти. Чегарани очгани йўқ.

Озодлик: На қирғизистонлик ўтади¸ на ўзбекистонлик.

- Ҳа¸ шунақа.

Озодлик: Хонободда аҳвол қандай?

- Тинчлик. Ҳар қалай яхши бўлиб қолди.

Озодлик: Мактаблар¸ боғчалар ишлаяпти-а?

- Ишлаяпти. Ҳаммаси жойига тушди. Фақатгина Сойиб Хўжаев номидаги истироҳат боғимиз ишламаяпти. Боғда ўтадиган кўнгилочар тадбирлар¸ болаларнинг ўйинлари тўхтатиб қўйилган.

Айни пайтда Ўзбекистон томони Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан ҳам чегараларини мустаҳкамлашни давом этмоқда. Чуқурлиги уч метрдан ортиқ бўлган хандақлар Тожикистоннинг Конибодом, Исфара ва Ўзбекистоннинг Бешариқ туманлари ўртасида ҳам қазилди.

Конибодомликларнинг айтишларича, Ўзбекистон томони икки республика чегараси ўртасига қуролланган чегарачиларни ташлаган. Улар аҳолини на у томонга, на бу томонга ўтишга қўймаяптилар.

- Деҳқончилик қилаётган еримиз Тожикистоннинг Равот ва Ўзбекистоннинг Рапқон қишлоқлари ўртасида жойлашган, 65 гектарни ташкил этади. Мана шу майдонда 100 га яқин оила тирикчилик қиларди.

Бир ҳафтадан бери қуролланган ўзбек чегарачилари бизни майдонларимизга қўйишмаяпти. Кеча эса трактор ва экскаваторлар ёрдамида чуқурлиги уч метрдан ортиқ бўлган хандақлар қазиб, йўлимизни бутунлай ёпиб қўйди, дейди конибодомлик аёл.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, деҳқонлар йил давомида етиштирган буғдой, арпа, ўрик ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан, шунингдек, чорва молларидан ажралиб қолган.

Конибодомлик Ҳошимжон аканинг айтишича, тожик-ўзбек алоқалари ҳеч қачон бугунги қадар совуқ бўлмаган. 72 ёшли бу отахон эсини таниганидан буён бу майдонларда деҳқончилик қилишини айтади.

- Ўзбекистон чегарачилари Тожикистон ҳудудига шлагбаум қўйиб, бизни ўз ерларимизга қўйишмаяпти. Аслида бу ерлар ота-бобомиздан қолган майдонлар. Чунки 100 йил олдин ҳам авлодларимиз мана шу ерларда деҳқончилик қилишган. Биз ер ва маҳсулот учун солиқларни ҳам тўлаб қўйганмиз. Қўлимизда ер бизники эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларимиз бор.

Ўзбекистон чегарачилари эса бундай чораларни Андижондаги воқеалар билан боғлашди. Улар: “Ўзбекистон юрти ҳозир нотинч, шунинг учун чегаралар қаттиқ қўриқланмоқда”, дейишаяпти, дейди Ҳошимжон ака.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Неъматжон Қўчқоровга кўра, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари вакиллари ҳеч бир асоссиз баҳсли ҳудуд бўлиб ҳисобланувчи қишлоққа кириб келганлар.

- Ростини айтсам, ҳозиргача билмаймиз нима сабаб ва қайси мақсад билан келганларини. Аввал Ўзбекистон милицияси вакиллари қишлоғимизга кириб келишди. Кейин чегарачилар ҳам киришди. Пост ўрнатилди, биз ерларимиздан ажралиб қолавердик, дейди Неъматжон Қўчқоров.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, улар Конибодом тумани ва вилоят ҳукумати раҳбарларига мурожаат қилишган. Бироқ раҳбарлар ҳанузгача бирор бир чора кўрмаган.

Бу орада Тожикистон чегара қўшинлари вакиллари келиб кетишган ва қўлларидан ҳеч нима келмаслигини айтишган.

Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Сўғд вилояти бошқармаси зобити подполковник Раҳматулло Орипов билан боғландик.

- Конибодом ва Бешариқ ўртасидаги ерлар демаркация ва делимитация қилинмаган. Шундай экан, чегара аниқланмагунига қадар ушбу ерлар баҳсли бўлиб қолаверади.

Аслида тожикистонликлар Шўролар давридан мазкур ерда истиқомат қилиб, деҳқончилик билан шуғулланиб келадилар.

Биз бу борадаги масалани муҳокама қилиш учун Ўзбекистон расмийлари билан учрашишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин улар биз билан мулоқот қилишга шошилмаяптилар, деди Раҳматулло Орипов.

Эндиликда конибодомликлар ҳар икки давлат раҳбарларига мурожаат қилиб, мазкур муаммони ҳал қилишга кўмаклашишни илтимос қилмоқчилар.
XS
SM
MD
LG