Линклар

АҚШ намояндаси Яқин Шарқ сафарини бошлади


АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчел боши берк кўчага кириб қолган Исроил-Фаластин тинчлик музокараларини жадаллаштириш мақсадида Исроилга сафар қилди.

Жорж Митчел бугун Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашади. Чоршанба куни эса АҚШ расмийси Ғарбий соҳилга сафар қилиб¸ бу ерда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан сўзлашувлар олиб боради.

Ўтган ҳафта Қоҳирада мусулмонларга мурожаат қилган АҚШ президенти Барак Обама Исроилни Ғарбий соҳилдаги қурилиш ишларини тўхтатиш ҳамда фаластинликларнинг ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқини тан олишга ундади.

Бироқ Исроил ҳукумати Фаластин давлати ташкил этиш ва яҳудийлар учун турар-жой бинолари қуришни тўхтатиш борасида шу пайтгача сукут сақлаб келмоқда.

Исроил расмийларига кўра, Бош вазир Нетаняҳу душанба куни Барак Обама билан қилган телефон мулоқот чоғида келаси ҳафта минтақа хавфсизлигига оид сиёсий баёнот билан чиқажагини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG