Линклар

logo-print

Митчелл Исроил расмийлари билан учрашди


АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчел боши берк кўчага кириб қолган Исроил-Фаластин тинчлик музокараларини жадаллаштириш мақсадида Исроилга сафар қилди.

Исроил президенти Шимон Перес билан учрашган Митчелл расмий Вашингтон имкон қадар тез фурсатда Исроил-Фаластин тинчлик музокараларини бошлаш ниятида эканини маълум қилди.

АҚШ расмийси, шунингдек, ҳар иккала томон эришилган "Йўл харитаси"га мувофиқ ўз зиммасига олган мажбуриятларга содиқ қолиши лозимлигини таъкидлади.

-Яқин Шарқда барқарор тинчлик, жумладан, Исроил билан ёнма-ён Фаластин давлати ташкил этиш режаси борасида фаол ишлар олиб бормоқдамиз. АҚШ президенти ва Давлат котиби Вашингтоннинг бу масалага ёндашувини ошкор қилган. Исроил ва фаластинликлар эса "Йўл xаритаси" режасига мувофиқ ўз зиммаларига олган мажбуриятларга содиқ қолишлари лозим, деди Жорж Митчел.

Чоршанба куни АҚШ расмийси Ғарбий соҳилга сафар қилиб¸ бу ерда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан сўзлашувлар олиб боради.

Ўтган ҳафта Қоҳирада мусулмонларга мурожаат қилган АҚШ президенти Барак Обама Исроилни Ғарбий соҳилдаги қурилиш ишларини тўхтатиш ҳамда фаластинликларнинг ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқини тан олишга ундади.

Бироқ Исроил ҳукумати Фаластин давлати ташкил этиш ва яҳудийлар учун турар-жой бинолари қуришни тўхтатиш борасида шу пайтгача сукут сақлаб келмоқда.

Исроил расмийларига кўра, Бош вазир Нетаняҳу душанба куни Барак Обама билан қилган телефон мулоқот чоғида келаси ҳафта минтақа хавфсизлигига оид сиёсий баёнот билан чиқажагини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG