Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:08

"Информацияни хандақлар ушлаб қола олмайди"


Гувоҳларнинг айтишича¸ ўзбек-қирғиз чегарасининг Риштон туманида қурилаëтган бетон девор баландлиги 7 метрга яқин.
Гувоҳларнинг айтишича¸ ўзбек-қирғиз чегарасининг Риштон туманида қурилаëтган бетон девор баландлиги 7 метрга яқин.

Айни дамларда Ўзбекистон –Тожикистон ва Ўзбекистон - Қирғизистон чегара чизиғи бўйлаб жадал суръатлар билан хандақлар қазилмоқда. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг баъзи участкаларида ўзбекистонлик маъмурлар ҳатто девор ҳам қурмоқда.

Девор қурилиши тўғрисида бир оздан сўнг ҳикоя қиламиз.

Ҳозир хандақнинг давоми.

Душанба куни хандақ Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Хонобод шаҳрига яқин участкаси бўйлаб қазилаётгани тўғрисида ўша ерда яшовчи тингловчимиз айтиб берган эди.

Икки Қорасув – ўзбек Қорасуви билан қирғиз Қорасувининг ўртасида, шаҳарнинг Қирғизистон қисмида яшайдиган Шокиржон ака билан гаплашдик.

Озодлик: Қорасувнинг қаерида яшайсиз?

Шокиржон ака: Мен поезд вокзалининг олдида яшайман.

Озодлик: Чегарага узоқми?

Шокиржон ака: Йўқ¸ яқин.

Озодлик: Чегарада хандақ қазияпти¸ дейди.

Шокиржон ака: Ҳа¸ қазиди. Эни уч метр¸ чуқурлиги уч метр. Қазияпти.

Озодлик: Ўзингиз кўрдингизми?

Шокиржон ака: Ҳа¸ ўзим бориб кўрдим. Экскаватор турибди. Аллақачон бир километрдан ортиқроқ жойни кавлаб қўйишипти.

Озодлик: Хандақни ўзбеклар қазияптими ëки қирғизларми?

Шокиржон ака: Ўзбеклар. Ўзбекистон қазияптида.

Озодлик: Ўзбекистон ҳудудида қазияпти-а?

Шокиржон ака: Ўзбекистон ҳудудида экскаватор билан қазияпти.

Озодлик: Қачон бошланди бу иш?

Шокиржон ака: Бу ўтган ҳафтадан бошланган.

Озодлик: Нима учун қазиëтганини биласизми?

- Билмадим¸ дейди Шокир ака.

Бу Қорасувдаги гап.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг бошқа қисми – Фарғона вилоят Риштон туманига туташ қисмида ўзбекистонлик маъмурлар хандақ қазишдан кўра девор қуришни маъқул кўрганга ўхшайди.

Риштонлик Олимжон билан гаплашдик.

Олимжон: Андижонда билмадим¸ хандақ қазилаëтгандир¸ лекин бизда¸ Фарғона вилоятида¸ ўзим гувоҳ бўлган ҳудуд Риштонда чегарада девор қурилаяпти.

Озодлик: Сиз айтаëтган девор Ўзбекистон-Қирғизистон чегара чизиғи бўйлаб қурилаяптими?

Олимжон: Ҳа¸ чегара бўйлаб қурилаяпти. Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида олдиндан каттароқ ариқ оқиб ўтади. Ўша ариқнинг Ўзбекистон ҳудуди томонида девор қурилаяпти.

Озодлик: Ўша деворни тасвирлаб беринг.

Олимжон: Девор бетондан. Одамлар ўта олмайдиган даражадаги девор.

Озодлик: Баландлиги қанча?

Олимжон: Баландлиги етти метр.

Озодлик: Сиз бу деворни ўз кўзингиз билан кўрдингизми?

Олимжон: Ўз кўзим билан қурилаëтганининг тахминан 15-20 метрини кўрдим.

Озодлик: Бу деворни қуриш қачон бошланди?

Олимжон: Бир-икки ой бўлди. Қурилишга сафарбар этиш учун колониялардан махсус 20-30 нафар одам олиб келинган. Улар ҳозир чегарага яқин жойда ëтиб-туриб ишлашаяпти.

Озодлик: Демак¸ деворни аристонлар қураяпти-а?

Олимжон: Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Сиз кўрган девор чегаранинг айнан қайси участкасида?

Олимжон: Биринчи пост¸ дейиладиган жойда. Биринчи АКП деганми¸ шунақа номери бор.

Озодлик: Демак¸ “Қайтбас” чегара пункти ëнидаги постни айтаяпсиз.

- Ҳа¸ худди ўша жой¸ дейди риштонлик Олимжон.

Риштондаги гап.

Шуни қўшимча қилиб қўйишимиз керакки, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйлаб бир неча йил муқаддам Ўзбекистон томони тиканли симдан девор қилган эди.

Тиканли сим қанчалик қалин тортилмасин, боши осмонга етса симдир. Бугунга келиб ўша сим тўсиқ ўрнига хандақ қазилмоқда, девор кўтарилмоқда. Икки давлат ўртасида бу иншоотларни барпо этишга Ўзбекистон ҳукуматини нима мажбур қилмоқда, деган саволга жавоб берар экан, таҳлилчилардан бири уларни "ҳарбий-муҳандислик истеҳкомлари", деб атади.

Чегарада хандақ қазилаётганию девор қурилаётгани сабаби оддий ўзбекистонликлар назарида жуда жўн: мамлакат бозорини қўшни давлатлардан кириб келаётган сифатсиз моллардан ҳимоялаш.

Мана, бояги риштонлик Олимжон:

- Контрабандага қарши¸ халқ тилида 154 чилар дейди¸ Қирғизистон адашмасам¸ Жаҳон савдо ташкилотига аъзо. У ерда нархлар арзон бўлгани учун бизникилар у ëққа ўтиб¸ ҳар хил кийим-кечак олиб бу ëққа келишади. Баъзилар ноқонуний товар олиб ўтишнинг олдини олиш учун дейишаяпти¸ дейди риштонлик Олимжон.

Жуда оммабоп жавоб бу.

Айниқса, қўшни давлатлардан олиб кириладиган товарларнинг божга тортилмайдиган қисми қийматини 10 долларга тушириш тўғрисидаги куни кеча қабул қилинган қарор ёдга олинса, жуда мантиқли жавобдир.

Лекин, таҳлилчилар фикрича, масала мураккаброқ.

Мустақил сиëсатшунос Камолиддин Раббимов.

- Бу контрабанда билан курашишнинг йўли эмас. Режимнинг манфаатидан келиб чиқиб бу ҳамма соҳага боғлиқ. Бунга иқтисодий ëндашув ҳам бор¸ сиëсий ëндашув ҳам бор. Сиëсий соҳада давлатнинг хавфсизлиги. Давлатнинг эмас¸ сиëсий режимнинг хавфсизлиги билан боғлиқ.

Яъни қўшни давлатларнинг Ўзбекистонга таъсир қилмаслиги¸ Ўзбекистон фуқароларининг қўшни давлатларга ҳукуматнинг рухсатисиз чиқиб кета олмаслиги ва бошқа бир қанча масалалар борки¸ сиëсий режим вазиятни¸ ўзининг фуқароларининг ва қўшниларнинг ичкарига таъсирини тўлақонли назорат қилмоқчи¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов ҳам, контрабандага қарши кураш Ўзбекистоннинг чегарада хандақ қазиши ортида турган баҳоналардан бири, деган фикрда.

- Контрабандага қарши кураш баҳоналардан бири бўлиши мумкин. Чунки унга қарши курашиш учун девор қуриш ёки зовур кавлаш шарт эмас, дейди Мирослав Ниёзов.

Хўш, унда асл сабаб нимада бўлиши мумкин?

Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши собиқ котибининг жавоби мана бундай бўлди.

- Ўзбекистон раҳбарияти ихтиёрида чегара олди ҳудудларида оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган қандайдир кўнгилсиз кўринишлар мавжудлигидан дарак берувчи маълумотлар бор, деб тахмин қилиш мумкин¸ дейди Мирослав Ниëзов.

Фикрини далиллашга ҳаракат қилар экан, Мирослав Ниёзов расмий Тошкентнинг 26 май куни Хонобод ва Андижонда юз берган воқеалардан сўнг Қирғизистонни айблаганини эслаб ўтди.

Тошкентнинг жиноятчилар Қирғизистон ҳудудидан ўтгани тўғрисидаги баёнотини назарда тутиб, Мирослав Ниёзов деди:

- Бу информациянинг нақадар тўғри эканлигини билмайману¸ лекин бундай эҳтимолни тўла инкор қилишни ҳам истамайман. Чунки Ўзбекистондаги тартибнинг қаттиқлигидан фарқли ўлароқ Қирғизистондаги қонунларнинг либераллигидан келиб чиқиладиган бўлса, Тошкентнинг иддаосида жон бўлиши мумкин¸ дейди Мирослав Ниëзов.

Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши собиқ котибининг жавоби замиридаги мантиқ шуки, Тошкентнинг чегарада хандақ қазиш ва девор қуришдан мақсади террорчи экстремистлардан сақланишдир.

Лекин бу фикрга Камолиддин Раббимов қўшилмайди.

Камолиддин Раббимов: Дейлик террорчилар хуружи¸ назарий олиб қарайдиган бўлсак¸ бундай хуружларни хандақлар ҳеч қачон қайтариб қола олмайди. Хандақлар қурилишидан асосий мақсад жамиятни назорат қилиш.

Агар террорчи гуруҳлар ҳақиқатан Ўзбекистонга зарар етказаман дейдиган бўлса¸ бу хандақлар фақатгина уларнинг методларини амалга оширишда ëрдам бериши мумкин.

Лекин бу ўзини қўшнилардан изоляция қилиш ва қўшниларнинг Ўзбекистонга таъсирини чеклаб-чегаралаш. Мақсад ташқи хуружлардан ҳимояланиш эмас¸ ташқи таъсирдан ҳимояланиш.

Озодлик: Яна бир таҳлилчи ўтган ҳафтада бошқа бир муносабат билан ўтказганимиз суҳбатда “Россия қайсар Каримовдан қутулмоқчи ва шу йўлда Тожикистон билан Қирғизистон ҳудудидан фойдаланиб¸ қандайдир бир провокация қилиши мумкин” деб айтган эди. Шунақа провокация бўлиш эҳтимолига бўлишига ишонасизми ва агар ишонадиган бўлсангиз¸ Каримовнинг девори билан хандаги ўша провокациядан сақланиш учун қилинаëтгандир?

- Биласизми¸ бундай провокация бўлиши учун бу провокацияни ойдинлаштириш керакда. Қўшни давлатлар билан ҳарбий армия олиб кирадими ëки аҳолисини киргизадими ëки Ўзбекистон ичкарисидаги аҳолини кўтармоқчими – бу провокацияни амалга ошириш йўллари¸ назарий олиб қараганда жуда ҳам кўп бўлиши мумкин.

Бу хандақлар қандай қилиб ташқи провокацияларнинг олдини олиши мумкин? Бу жуда ҳам қийин масала. Жамиятнинг ҳатти-ҳаракати информация билан боғлиқ. Информацияни хандақлар ушлаб қола олмайди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Россиянинг Ўзбекистонга қарши провокация уюштириш эҳтимолига оид саволни Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Мирослав Ниёзовга ҳам бердик.

У кишининг жавоби мана бундай бўлди.

- Менда бундай маълумот йўқ. Шунинг учун фол боқмоқчи эмасман. Лекин принципда бундай эҳтимолни, балки, тўла соқит қилиш ҳам мумкин эмас, деди Мирослав Ниёзов.
XS
SM
MD
LG