Линклар

Маҳбуснинг аëли ҳам хўрланди

  • Барно Анвар

Қамоқхонада калтакланган аëл¸ ўз исми ошкор этилишидан чўчимоқда.

Қамоқхонада калтакланган аëл¸ ўз исми ошкор этилишидан чўчимоқда.

Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаётган турмуш ўртоғини кўришга борган фарғоналик аёл қамоқхонада калтакланди. Боз устига¸ бу ҳақда бировга овоз чиқарса¸ қамалиш билан пўписа қилинди.

Озодлик радиосига бу ҳақда интервью берган аёлнинг сўзларига кўра, у ва унинг Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги қамоқхонада сақланаётган турмуш ўртоғи қонунда белгиланган уч кунлик учрашув ва бошқа ҳақларини талаб қилгани боис¸ қамоқхона ходимлари томонидан калтакланган.

Қамоқхона маъмурлари аёлга бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этмаслик, акс ҳолда уни ҳам қамоққа ташлаш тўғрисида пўписа қилганига қарамай, фарғоналик аёл ҳаққини талаб қилиб, республика ҳуқуқ-тартибот идоралари эмас¸ тўғридан тўғри нодавлат ва хорижий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилишга қарор қилди.

Исми-шаърифини ошкор қилмаслигимизни сўраган бу аёл Озодлик билан суҳбатда можаро Олмалиқ қамоқхонаси нозирлари аввалига уни махфий суҳбатга чақиргани ҳамда эри билан учрашув имконини беришдан олдин унга шарт қўйишганидан бошланганини айтди.

- Сизларни бошлиқ чақираяпти¸ деб олиб кириб кетди. Биттаси ўзини¸ биринчи ўринбосарман¸ деб таништирди.

“Агар уч куннинг ичида эримни авраб¸ бу йўлдан қайтараман десангиз¸ уч кун берамиз. Акс ҳолда уч кун бермаймиз” дейишди. Мен “Менга шарт қўйишга ҳаққингиз йўқ. Мен қонуний учинчи кунимни сўраяпман. Бўлмаса¸ аризамнинг тагига “Учинчи сутка берилмасин” деб ëзиб берасиз. Мен чиқиб кетаман” десам¸ “Буни ўйлаб кўрамиз. Кириб¸ гапимни ўйланг” деди.

Биз турган жойда ҳеч ким йўқ эди. Икки қаватли бино эди. Биринчи қаватида битта бизнинг оила бор эди. Икки кун турганимиздан кейин учинчи кунга ариза ëздик¸ аммо беришмади. Аризани йиртиб ташлади.

У куни начальник чиқди. Хўжайиним билан ташқарига олиб чиқиб кетиб “Сен эркакмисан? Чиқ¸ хотининг кетади. Барибир сен қўлимда қоласан” деб¸ роса нафсониятига тегадиган гапларни гапирди.

Хўжайиним “Чиқмайман. Хотинимни 8 ойда кўра олдим” деб айтдилар. Учинчи куни чиқиб кетмаймиз¸ деганимиздан кейин бир маҳал эшик тақиллади.

Эшикни очсак¸ эшикнинг тагида начальникнинг секретари ва унинг орқасида 8 нафар эркак турибди. Аëл фақат томоша қилиб турди. Иккита эркак менинг қўлимни орқага қайирди¸ олтитаси эса хўжайинимни уриб¸ тепиб¸ судраб олиб чиқиб кетишди. Мени ҳам дўппослаб кетишди. Қўл-оëқларим бирпасда моматалоқ бўлиб кетди.

Озодлик: Ким дўппослади сизни?

- Биттаси начальник эди¸ биттасининг кимлигини билмайман. Фақат кўрсам танийман.

“Хўжайинимни олиб чиқиб кетиб¸ иккита эркак менга кучинг етдими? Мен аëл киши бўлсам” десам¸ ҳалиги секретар аëл “Мен эри унинг қўлини қаттиқ ушлагани учун шунақа бўлди¸ деб гувоҳлик бераман. Бу ерда сенинг бошқа гувоҳинг йўқ” деди.

Мен “Тўғри¸ сен нотўғри гувоҳлик берсанг¸ менинг Оллоҳдан бошқа гувоҳим йўқ” дедим. Кейин қайтиб чиқдим.

Кейин нарсаларимнинг ҳаммасини озиқ-овқат¸ кийим-кечакларни аралаштириб сумкага солиб¸ ташқарига чиқиб энди передача бермоқчи бўлиб турсам¸ сизни начальник чақираяпти¸ дейишди. Начальник катта ëшли киши экан.

“Эрингиз қайси модда билан қамалган” деб сўради. 159¸ дедим. “Нимага фахрланиб 159 деяпсиз” деди. Мен “Сиз қайси модда эканлигини билиб туриб сўрадингиз. Мен айтдим. Эрим одам ўлдиргани йўқ¸ ҳаром иш қилгани йўқ. Эрим фахрланса фахрлангудай” дедим.

Кейин мени роса ҳақорат қилди¸ нафсониятимга тегадиган гапларни гапирди. “Тўрт ойдан кейин келишингни ўйла. Ҳеч кимга учрамасдан¸ тўғри уйингга кет. Хоҳласам ҳозирнинг ўзида сенинг ўзингни хулиганликда айблаб ëки ëнингга варақа тиқиб қамаб юборишим мумкин. Мендан кечирим сўрайсан” деди.

Мен “Нимага мен кечирим сўрашим керак? Ходимларингиз мени ноҳақ урганлари учун мен сиздан кечирим сўрайманми?” десам¸ “Мендан кечирим сўрайсан” деди. Шу билан мазам бўлмасдан уйга келдим.

Озодлик: Сиз эрингизни қайси йўлдан қайтаришингиз керак эди?

- Менинг эрим Ҳизбут-Таҳрир аъзоси деб қамалган. Мен у кишини шу йўлдан қайтаришим керак экан. Қонун бўйича булар қайтса қайтмаса¸ муддати тугагандан кейин чиқиши керакми?

Буларнинг чиқишларига олти ой қолганда муддат қўшиб 7 йилу уч ой қилиб қўйишди. Юзимга “Агар қайтмаса¸ 10 йилдан кейин яна муддат қўшилади бунга” дейишди.

Чиқаëтганимда хўжайиним “Ëзинг. Тўхтамасдан¸ ëзиб учранг. Мени бир нарса қилиб қўяди деманг. Бу ҳолатни биздан кейин ҳеч кимга қилишмасин булар. Индамай кетаверади булар деб ўйлашаяптими? Ëзинг” деб айтдилар.

Озодлик: Сиз кимларга ва қандай ташкилотларга мурожаат қилдингиз? Сизнинг мурожаатларингизга қандай жавоб беришди?

- Ҳали ҳеч кимга мурожаат қилганим йўқ. ҳаммаси айланиб ўргилиб ўзимга келади. Шунинг учун ҳеч кимга мурожаат қилмадим. Оллоҳ кифоя қилсин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG