Линклар

Қирғиз суди ўзбек қочқинини оқлади


Шерали Ҳамдамов қирғиз суди томонидан оқланган биринчи ўзбек қочқини эмас.

Шерали Ҳамдамов қирғиз суди томонидан оқланган биринчи ўзбек қочқини эмас.

10 июн куни Бишкекда судланган ўзбек қочқини Шерали Ҳамдамов суд залидан озод қилинди. Унга қўйилган айбловларнинг кўпи¸ хусусан диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорлик айби ўз исботини топмади.

Ўзбекистонлик Шерали Ҳамдамов “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзоликда, чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтганликда, диний низо келтириб чиқарувчи фаолиятда ва конституциявий тузумни куч билан ағдаришга даъват қилганликда айбланаётган эди.

19 май куни бўлиб ўтган биринчи суд жараёнида 21 ёшли ўзбек қочқини айбловни тан олмаган, давлат айблови эса Шералининг Ҳизбут-Таҳрирга аъзолиги, диний низо келтириб чиқарувчи фаолияти ва конституциявий тузумни куч билан ағдаришга даъват қилгани борасидаги исбот-далилларни судга тақдим қила олмаган эди.

Шундан сўнг суд Шерали Ҳамдамовни қўлга олиб, унинг тергови билан шуғулланган милиция ходимларини гувоҳ сифатида судга келишини талаб қилган ва маҳкама жараёнини бошқа кунга қолдирган эди.

10 июн куни суд мажлисига гувоҳ сифатида чақирилган милиция ходимлари ҳам ўзбекистонлик қочқин диний-экстремистик фаолият олиб борганига далил-исбот келтира олмадилар.

Шундан сўнг давлат қораловчисининг Шерали Ҳамдамовдан Ҳизбут-Таҳрирга аъзолик, диний низо келтириб чиқарувчи фаолият ва конституциявий тузумни куч билан ағдаришга даъват қилиш айблари олиб ташланишини суддан илтимос қилишдан бошқа иложи қолмади.

Шерали Ҳамдамовнинг ўзи чегарани ноқонуний бузиб ўтганлигини тан олгани учун ҳам прокурор мана шу айблов билан судланувчига жазо берилишини, яъни 232 доллар миқдорида жарима солинишини илтимос қилди.

Бироқ оқловчилар суддан бу жазони енгиллаштиришни сўрадилар:

- Шерали бу ерда ишламайди, ойлик олмайди, қариндошлари ҳам узоқда. Шунинг учун унга 10 минг сўм, яъни 232 доллар миқдорида эмас, балки 5 минг сўм - 116 доллар миқдорида жарима солинишини илтимос қиламиз, деди Шерали Ҳамдамовнинг жамоатчи ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Шундан сўнг судя Жанил Мамбетали суд ишида танаффус эълон қилди. Бир неча соатдан кейин эса ҳукм ўқилди.

- Суд тергов органлари томонидан Шерали Ҳамдамовга қўйилган чегарани ноқонуний бузиб ўтиш айблови тўғри, деган хулосага келди. Бироқ судланувчининг диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорлиги ва бу борадаги фаолияти ҳақидаги айбловлар ўз исботини топмади, деди судя Жанил Мамбетали.

Айни пайтда суд Шерали Ҳамдамовнинг ҳозирги кундаги моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда унга катта миқдорда жарима солишни ҳам лозим топмади. Ҳукмда қайд этилишича, Шерали Ҳамдамов 18 февралдан 10 июнгача қамоқда сақланган. Мана шу қамоқ муддати унга жазо сифатида қўлланилди ва у суд ҳукми билан жазо муддатини ўтаб бўлган шахс сифатида озодликка чиқарилди.

- Унга нисбатан кўрилган чора ўзгартирилсин ва муддатини ўтаб бўлган шахс сифатида суд залидан озод қилинсин, дейди судя Жанил Мамбетали.

Суд залидан озод қилинган ўзбекистонлик қочқин Шерали Ҳамдамов матбуот вакиллари билан суҳбатлашишни истамади.

Суд жараёнини кузатиб борган ўзбекистонлик қочқин Тошпўлат Йўлдошев эса ҳукмни адолатли, дея баҳолади:

- Қирғизистонда бу даражада адолатли суд бўлишини кутмаган эдим. Албатта Қирғизистон суд тизимини ҳам идеал даражада, деб бўлмайди. Лекин Ўзбекистон судлов тизими билан солиштирганда, Қирғизистонда суд мустақиллиги бор экан, деган хулосага келиш мумкин. Бу ерда суд далил-исботларни, судланувчи шахсини ўрганиб, ўзича мустақил ҳукм чиқариши мумкин экан.

Шералига жарима солиниши мумкин эди. Лекин суд унинг ижтимоий аҳволини ҳисобга олиб, унга жарима солмади. Аксинча, унинг тергов жараёнида қамоқда сақланган кунларини жазо сифатида белгилаб, суд залидан озод қилди, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Шерали Ҳамдамов Қирғизистон суди томонидан оқланган ягона ўзбекистонлик қочқин эмас. Бундан бир неча йил аввал Ўш шаҳар суди Ўшда террорчиликда айбланиб қўлга олинган, “Акромийлар” ҳаракати йўлбошчиси деб айтиладиган Акром Йўлдошевнинг қизи Гулмирани ҳам қўйилган айбловлар исботини топмагани учун суд залидан озод қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG