Линклар

logo-print

Тошкентга жон¸ Москвага мой қайғу

  • Фаррух Юсуфий

Таҳлилчилар¸ бир кунлик музокаралар на КХШТ ва на ШҲТ ичидаги кескинликни юмшата олишига ишончсизлик билан қарамоқдалар.

Таҳлилчилар¸ бир кунлик музокаралар на КХШТ ва на ШҲТ ичидаги кескинликни юмшата олишига ишончсизлик билан қарамоқдалар.

Келаси кунлар ичи собиқ совет ҳудудларида пайдо бўлган икки йирик ташкилот олий даражали йиғинини ўтказади. Ўзбекистоннинг бу гуруҳлардаги ўзига хос¸ ўзига мос роли мисолида таҳлилчилар¸ бу саммитлар самарасига ҳозирданоқ шубҳа билдирмоқдалар.

Ҳафта бошида Россия Президенти Дмитрий Медведев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа билан учрашиб¸ тезкор кучлар масаласини иложи борича тезроқ узил-кесил ҳал қилиш муҳим эканини таъкидлади.

- Бугун минтақавий таҳдидлар сақланиб қолаётган шароитда тезкор кучларни ташкил этиш ғоясининг долзарблиги ошиб бормоқда.

Тезкор коллектив кучларга қонуний асос яратиш учун барча ҳужжатларни тайёрлашимиз лозим, деди Медведев.

Лекин КХШТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотларига аъзо баъзи давлатларнинг ўзаро мураккаб муносабатларининг бу тузилмалар охирги йиғинидан бери янада чигаллашгани инобатга олинса, президент Медведев илгари сураётган мақсадга эришиш анча қийин кечиши мумкин.

Муносабатлар кескинлашганига, хусусан, 26 май Хонобод воқеаларидан кейин Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини мустаҳкамлаб, чегара чизиғи бўйлаб хандақ қазиётгани очиқ иловадир. Айни пайтда¸ Тожикистон билан чегарада ҳам хандақлар қазилиб, баланд деворлар кўтарилмоқда.

КХШТ доирасида тезкор кучларни ташкил этиш қарорини аъзо давлатлар феврал ойидаги Москва саммитида қабул қилган¸ аммо Ўзбекистон бошиданоқ бу масалада ўзининг “ўзгача фикрини” билдириб келаётган эди.

Тезкор кучлар масаласи кўриб чиқиладиган 14 июн саммитида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўзининг “ўзгача фикрини” ифода этувчи тўртта талабни илгари суради.

Бу талабларни КХШТ матбуот котиби Виталий Струговец бирма-бир тилга олади:

- Биринчиси, Ўзбекистон мазкур келишув барча аъзо давлатлар томонидан ратификация қилинмагунича, уни вақтинчалик кучга киритишга қаршилик қилмоқда. Лекин, биласиз, халқаро сиёсатда баъзи ҳужжатлар ратификация қилингунича вақтинча кучга киритилганига оид тажриба бор.

Иккинчиси, Ўзбекистон тезкор кучларни ишга солиш қарори, кўпчилик овоз билан эмас, барча аъзо давлатларнинг розилиги билан қабул қилиниши керак, демоқда.

Учинчиси, Ўзбекистон тезкор кучларнинг у ёки бу мамлакатга юборилиши миллий қонунларга зид бўлмаслиги лозим, демоқда.

Тўртинчиси, Ўзбекистон бу кучларнинг КХШТ ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги можароларда ишлатилмаслигини талаб қилмоқда, дея маълум қилди КХШТ расмийси Озодликка.

“Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов Ўзбекистон илгари сураётган талаблар унинг КХШТга аъзо ҳамкорлари билан потенциал конфликтлар бўлиши ва мамлакат ичида бирор можаро рўй бериши мумкинлигидан чўчиётганини кўрсатади, деган фикрда.

- Бу талаблар Тошкентнинг агар тезкор кучларни ишлатиш қарорига оид муроса бўлмаса, Ўзбекистоннинг ўзида қандайдир нотинчликлар рўй берган тақдирда, айнан Ўзбекистон тезкор кучлар ишлатиладиган объектга айланиб қолишдан хавотирланаётгани билан боғлиқ.

Умуман олганда, Ўзбекистон талаблари мантиққа тўғри келади. Чунки агар тезкор кучлар у ёки бу давлатга ёрдам кўрсатиш учун тузилаётган бўлса, ёрдам ҳар бир давлатнинг розилиги билан кўрсатилиши лозим.

Шу сабабдан Ўзбекистоннинг талаби КХШТга аъзо бошқа давлатлар томонидан инобатга олиниши мақсадга мувофиқ бўлади, дейди таҳлилчи.

Россиядаги “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц ҳам, Ўзбекистоннинг ўз розилигисиз тезкор кучлар унинг ҳудудида ишга солинишидан хавотирланишида асослар бор, дейди.

Бундай хавотирлар мавжудлигининг ўзиëқ Тезкор коллектив кучлар тузилиши ғоясини йўққа чиқаради, деб давом этади таҳлилчи.

- Ўзбекистон раҳбарияти республика ичида қандайдир можаролар рўй беришидан хавотирланаётган бўлиши мумкин ва Тошкент бундай вазиятда четдан кимнингдир унга аралашишини истамайди¸ албатта.

Лекин Тошкент қўяётган бу талабларни амалга ошириш тезкор кучлар ғоясини бемаъни бир масалага айлантириб қўяди.

Бундан ташқари, биласиз, Беларус ва Арманистон ҳам ўз қуролли кучларининг ўз ҳудудларидан ташқарида ҳаракат қилишини қонун билан таъқиқлаб қўйди.

Бу вазиятда эса, менимча, Тезкор коллектив кучларни тузишдан маъни қолмайди, дейди ҳарбий шарҳловчи Гольц.

КХШТнинг Москва саммитидан кейин 15-16 июн кунлари Екатеринбургда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади.

Бу тузилмага Хитойдан ташқари КХШТга аъзо давлатлардан бештаси – Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон киради.

Кузатувчилар¸ бу ташкилотнинг ҳам ички бўлинишлар оқибатида¸ қарийб яроқсиз тузилмага айланганини айтмоқдалар.

- Вақт ўтган сари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг, хоҳ иқтисодий бўлсин, хоҳ ҳарбий бўлсин, самарасизлиги аён бўлиб бормоқда.

Ташкилот доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик¸ асосан¸ икки томонлама форматдаги ҳамкорликка бориб тақалади.

Бунда ҳам, икки томонлама формат ҳақида гапирганда фақат Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига кўрсатаётган иқтисодий ёрдами, ёки аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу давлатларда Хитойнинг экспансияси ҳақида гапириш мумкин холос.

Албатта, икки томонлама форматдаги ҳамкорликнинг бошқа кўринишлари ҳам бор, бунга яқинда Россиянинг Қирғизистонга катта молиявий ёрдам кўрсатганини мисол қилиш мумкин.

Лекин ҳозиргача ШҲТ доирасида барча аъзо давлатларни ўз ичига олувчи бирорта лойиҳа ишлаб чиқилганини кўрганимиз йўқ.

Навбатдаги саммитда ҳам бу ташкилот фаолиятида жиддий ўзгаришларни кўзда тутувчи қарорларнинг қабул қилинишига ишониш қийин, дейди Россиядаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG