Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ҳоким дала кезмоқда...


Деҳқон қўлига таëқ олиб¸ ерини кузатса¸ ҳоким қўлига рўйхат олиб¸ фермерни қийратмоқда¸ дейди кузатувчи ва жабрдийда фермерлар.
Деҳқон қўлига таëқ олиб¸ ерини кузатса¸ ҳоким қўлига рўйхат олиб¸ фермерни қийратмоқда¸ дейди кузатувчи ва жабрдийда фермерлар.

Фақат бу кезишдан муддао¸ деҳқон ташвишини тушуниб¸ унга "Ҳорманг!" деб далда бериш эмас¸ балки тепада ҳомийси бўлмаганларнинг асабини бузиб¸ қўлини ишдан совутишдир¸ дейди Озодлик гаплашган фермерлар.

Қашқадарё вилоят Косон тумани. Ҳоким фермерлардан "режада кўрсатилганига қўшимча яна 20% дон топшираман" деган мазмунда тилхат ёздириб олмоқда.

Жиззах вилоят Арнасой тумани. Фермер Оязимхон Хидирова ерини қайтариб беришларини талаб қилиб, Тошкентга бормоқчи, президентга арз қилмоқчи.

Жиззах вилоят Зарбдор тумани. Ҳоким режа бажарилгунича етиштирилган ғалладан ўз эҳтиёжи учун олишни фермерларга таъқиқлаб қўйди.

Бу кейинги кунларда фермерлар ҳаётидан Озодликда ёритилган учтагина материалнинг мухтасар мазмуни.

Шу учтагина хабар ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида асосий бирликка айланган фермернинг аҳвол-руҳияси тўғрисида муайян тасаввур пайдо қилиши мумкин.

Фермерлар мавзуи доимо диққатимиз марказида турган мавзулардан бири.

Ўтказадиганимиз суҳбатлардан “ернинг ҳақиқий эгалари” ҳар доим ерсиз қолиш ёки қамалиб кетиш хавфи остида яшамоқда, деган тасаввур қолаверади.

10 июн куни Сирдарё вилоят Оқ-олтин туманида яшайдиган фермер Ҳамид ака Абдуллаев билан гаплашдик.

Шу кунда у судма-суд юрибди. Ерини қайтариб олмоқчи.

Ҳамид Абдуллаев: Ҳокимнинг қарори нотўғри чиққан.

Озодлик: Ҳокимнинг қарорининг нимаси нотўғри?

Ҳамид Абдуллаев: Еримни қалбаки аризага асосланиб олиб қўйган.

Озодлик: Сиз ерингизни топшириш тўғрисида ариза ëзмаганмисиз?

Ҳамид Абдуллаев: Йўқ¸ ëзмаганман.

Озодлик: Сизнинг номингиздан биров ëзибдими?

- Менинг номимдан биттаси ариза ëзган. Қўл қўйиб¸ муҳр босиб юборган. Ўша қалбаки аризага биноан ҳокимнинг қарори чиқиб менинг еримни олиб қўйишди¸ дейди Ҳамид ака Абдуллаев.

Ҳамид аканинг айтишича, унинг ерини тортиб олиши учун ўтган йилги режани бажармагани ҳокимга асос бўлган.

"Ҳокимнинг қарорини декабрда билдим, унгача эса, ерга харажат қилиб қўйгандим, баҳорги донни сепиб қўйгандим", деб зорланади Ҳамид ака.

Расман ўзига тегишли бўлмай қолган ерга, айтишича, бу йил пахта ҳам экиб олган.

Ҳамид ака етиштирган ғаллага, у экиб қўйган пахтага шу кунда бошқа фермер эгалик қилмоқчи.

Оқ олтинлик фермерга уйқу бермаётган ташвишнинг мағзи шу.

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Карим Бозорбоевнинг айтишича, фермерлардан ер тортиб олинар экан, мавжуд қонунлар қўпол равишда бузилмоқда.

Мана яна бир фермернинг ерини тортиб олиш тўғрисидаги ҳужжатнинг пайдо бўлиш алгоритми:

- Масалан¸ қарорда 30 октябр деб белгиланган бўлса¸ лекин ўша фермер хўжалигининг раҳбарининг 31 октябрда ëзган аризасига асосланиб деяпти. Шу ерда “Ҳокимнинг қарори олдин чиққанми ë фермернинг аризаси олдин берилганми?” деган бир савол туғилаяпти¸ дейди Карим Бозорбоев.

Карим Бозорбоевнинг фикрича, ерининг келаси йилдаям ўз ихтиёрида қолишига ишончнинг мутлақ йўқлиги¸ ўзбекистонлик фермернинг асабини бузаётган омилларнинг биринчисидир.

- Иккинчидан¸ бизнинг фермерларимизни Ўзбекистон республикаси қонунлари билан тадбиркорлик фаолиятини юритувчи¸ қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юридик шахс деб кўрсатилишига қарамасдан ҳуқуқлар тўлиқ ўзларига ҳали берилгани йўқ.

Фермерлар устидан назорат қилиш ҳокимлар ва мансабдор шахслар устига юклатилган¸ дейди Карим Бозорбоев.

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси санайверса, фермернинг асабини бузадиган, беташвиш меҳнат қилишига йўқ қўймаётган сабаблар кўп. Шу ўринда яна бир ҳақли савол пайдо бўлади.

Озодлик: Мана биринчидан¸ иккинчидан¸ учинчидан – бари муаммо¸ муаммо¸ муаммо. Ҳаëт шунчалик оғир экан¸ нима учун фермерлар ерини ташлаб кетмаяпти?

- Биласизми¸ ҳозир шикоят билан чиқаëтган ҳар бир фермерларимизнинг оиласида етти-саккизтадан бола-чақаси бор.

Мисол сифатида “Жондор ота” фермер хўжалигини оладиган бўлсак¸ унинг 14 нафар ишчиси бор. 14 нафар ишчининг камида 70 нафар қоракўзи “нон ейман” деб оғзини очиб турибди.

Бизнинг туманларимизда¸ қишлоқ жойларимизда ҳеч қандай ишлаб чиқариш йўқ. Борларини ҳам яксон қилиб¸ ер билан бир қилиб бўлишди. Агар фермерлар ерини ташлаб кетадиган бўлса¸ ишсизлар сони кўпайиб¸ фуқаролар очарчиликдан қийналиб қолади¸ дейди Карим Бозорбоев.

Карим ака Бозорбоев айтаётган муаммолар тўғрисида Ўзбекистоннинг расмий матбуоти ёзмайди. Ўзбекистонда ер чоғроқ-чоғроқ қилиб фермерларга бўлиб берилганида¸ “ўзининг ҳақиқий эгасини топган” эди.

Ўтган йили оптималлаштириш ҳаракати бошланганидан сўнг ер яна “ўзининг ҳақиқий эгасини” топа бошлади. Аввалги йиллардаги “ҳақиқий эгаларнинг” бир қисми ноҳақиқий бўлиб чиқди.

Ерсиз қолган ва умуман бошига иш тушган фермернинг дардини давлат идораларида қай даражада эшитаяптилар, умуман эшитаяптиларми, бу ҳақда бир нарса дейиш қийин.

Лекин, фермерларнинг нажот излаб инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларга қилаётган мурожаатлари кундан кунга кўпайиб бораётгани бор гап.

Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти вакили, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов шикоятчи фермерларнинг кўпайгани тўғрисида мана бундай дейди.

- Мана ҳозир сиз телефон қилаëтган пайтда яна учта линиядан телефон келаяпти. Биламан булар фермерлар. Битта табиб чиқибди¸ ҳамманинг дардига даво бўлаëтган экан¸ дейдию.

Ҳозир “битта журналист ҳамманинг муаммосини ечаëтган экан” деб, телефон қўлдан қўлга ўтиб кетаверади. Хоразмдан телефон қилиб “Муаммоим бор¸ ëрдам беринг” дейди¸ бошқа вилоятдан телефон қилади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳа, фермерлар ҳар томондан шикоят қилишдан чарчамаяпти.

Фермерлар республика раҳбариятининг қишлоқ хўжалигини оптималлаштирмоқчи эканлигини тушунишни хоҳламаяпти.

Оптималлаштириш йўлида эса, ҳокимлар Хорун ар-Рашид бўлишгаям тайёр. Ҳатто туман ҳокимлари Хорун ар-Рашид бўлишга тайёр.

Мана эшитинг.

- Эшитишимга қараганда ҳокимлар эски чопонларни кийиб¸ худди эски подшоларга ўхшаб далаларни кезиб юрибди. Воқеаларни кузатаëтгандай бир ҳолатни кўраяпмиз.

Ëки бўлмаса фермернинг уйига оддий кийимда бориб¸ қанча дон олдинг¸ қанча пахта экдинг деб сўрайдиган ҳолатлар бор.

Демоқчиманки¸ менинг назаримда¸ ҳокимларга ҳам¸ фермерларга ҳам мана шу вазиятнинг қурбонлари деб қараш керак бўлади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG