Линклар

Ўзбеклар хандағига норозилик ошмоқда


Бугунда ўзбек-қирғиз чегара чизиғининг аксар бўлакларида хандақлар қазиб бўлинган.

Бугунда ўзбек-қирғиз чегара чизиғининг аксар бўлакларида хандақлар қазиб бўлинган.

Қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича комиссиянинг қирғизистонлик вакиллари ва Қирғизистон Чегара хизмати саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон чегаранинг айрим ҳудудларида хандақ қазиш ишларини вақтинча тўхтатди.

Қирғизистон Чегара хизмати 11 июн куни тарқатган маълумотида айтилишича, Жалолобод вилояти Ахси туманининг ўзбек-қирғиз чегарасига туташган ҳудудларида чуқурлиги 2 метр, эни уч метрли хандақлар қазилиб, бу ерни ўзбек чегарачилари мунтазам назорат қилмоқдалар.

Айни пайтда қирғиз расмийлари Новкен туманининг Ўзбекистон чегаралари билан туташ ҳудудларида ковланаётган хандақлар Қирғизистон манфаатларига зид келишини қайд этмоқдалар.

Бу ерда ўзаро келишув натижасида қазиш ишлари тўхтатилди ва хандақларни қайта тўлдириш маҳаллий ҳокимиятлар зиммасига юклатилди.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати ва чегара хизмати вакиллари 12 июн куни хандақлар масаласи бўйича Ўзбекистон томони билан учрашув ўтказишни режаламоқда.

Қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича Қирғизистон Давлат комиссиясининг раҳбари Саламат Аламановнинг айтишича, Ўзбекистон томони Риштон ва Қадамжой туманлари чегарасига баландлиги етти метрли бетон девор қурмоқда. Қирғиз расмийси ўзбек тарафининг ҳаракатлари Қирғизистон ҳукумати вакиллари томонидан кузатиб борилаётганини айтади:

- Бизнинг чегарамизга кириб кетишмасин, деб назорат қилаяпмиз. Бунинг учун жанубий вилоятларга мутахассисларимизни жўнатганмиз. Бу ишга маҳаллий ҳукуматлар, чегара хизмати ва ҳукумат вакиллари жалб қилинган, деди Саламат Аламанов.

Унинг айтишича, айни пайтда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида баҳсли бўлиб турган 60 га яқин ҳудуд бор. Ўзбекистон ва Қирғизистон мана шу ҳудудлар аниқланиб, чегара тўлиқ демаркация бўлмагунига қадар чегара чизиғида турли иншоот ва истеҳкомлар қурмаслик тўғрисида келишувни имзолаган эдилар.

Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи Ишенбай Абдураззоқов фикрича, Ўзбекистон томонидан бу мажбуриятга амал қилинмаётгани давлатлараро муносабатларнинг кескинлашувига сабаб бўлади.

- Бу ҳаракатлар зиддиятнинг потенциал сабаби бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам чегара тўлиқ аниқланиб олмагунига қадар бундай ҳаракатларни қилишдан тийилиш керак. Чегара аниқланиб олгач эса ҳар бир мамлакат ўз чегарасини қандай ҳимоя қилишни ўзи ҳал қилишга тўла ҳақлидир, деди Ишенбай Абдураззоқов.

Қирғиз матбуоти тарқатган хабарларга кўра, сўнгги бир неча ой ичида ўзбек-қирғиз чегарасида бир қатор можароли воқеалар бўлиб ўтган.

Масалан, ўтган ойда қирғиз фуқароларига икки марта ноқонуний тарзда ўзбек чегарачилари томонидан ўқ отилган, бир қирғиз фуқароси - Улуғбек Усмонов ўзбек чегарачилари томонидан ўлдирилган ва унинг жасади тўрт кундан кейингина оила аъзоларига қайтарилган.

Айни пайтда Ўзбекистон чегарачилари 17 кундан бери қирғиз чегарачиси Зокир Абакировни Қирғизистонга қайтаришдан бош тортиб келаётир.

Ўзбекистон томонига кўра, Абакиров 26 майда Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний ўтган, деган айб билан қўлга олинган.

Ўзбекистон томони Абакировга нисбатан жиноят иши очилганини ва унинг иши судга ўтказилгани айтмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати ва ташқи ишлар вазирлиги қирғиз чегарачисини ватанга қайтариш йўналишида иш олиб бораяпти.

Хабарларда айтилишича, ўзбек-қирғиз чегарасида қазилаётган хандақлар чегарадаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.

Масалан, Жалолобод вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Турдиназир Бекбоевнинг айтишича, Ўзбекистон томонидан қазилаётган хандақлар вилоятнинг айрим туманларида сув муаммосини пайдо қилган.

Қирғизистон парламенти чегарадаги вазиятнинг мураккаблашуви олдини олиш мақсадида Қирғизистон ҳукуматидан Тошкентга норозилик нотаси жўнатишни таклиф қилмоқда.

Қирғиз депутатларининг ўзлари эса чегарадаги вазиятни мураккаблаштирмаслик ҳақида аллақачон Ўзбекистон Олий мажлисига расмий мурожаатнома йўллаганлар.

- Биз яқиндагина Ўзбекистон Олий мажлисига мурожаатнома жўнатганмиз. Унда бизнинг ўзаро қардош туркий халқлар эканимиз таъкидланиб, Ўзбекистон тарафини чегара масаласига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндошувга, вазиятни мураккаблаштирмасликка даъват этганмиз.

Биз Ўзбекистон Олий мажлиси бизнинг мурожаатимизни ўрганиб чиқади ва унга муносабат билдиради, деган умиддамиз, деди қирғиз парламенти депутати Бегали Норғўзиев.

26 май куни Хонободда бўлиб ўтган портлашлардан сўнг ўзбек-қирғиз чегара чизиғи бўлаб хандақ қазиш ишлари бошлангани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон томони портлашни содир этган шахслар Қирғизистон ҳудудидан ўтган, деб даъво қилмоқда. Бироқ қирғиз расмийлари бу даъво асоссиз эканини билдирмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG