Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:44

"Назарбоевнинг қонуни қонун"


БМТ ҳимоятида бўлган ўзбекистонлик қочқин қозоқ полициясини халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол тарзда бузганликда айбламоқда.
БМТ ҳимоятида бўлган ўзбекистонлик қочқин қозоқ полициясини халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол тарзда бузганликда айбламоқда.

2 июн куни Олмаота шаҳрида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари БМТ ҳимоясида бўлган ўзбекистонлик қочқинни ҳибсга олиб¸ Ўзбекистонга қайтариб юбориш билан таҳдид қилган.

Маълум бўлишича, қозоқ хавфсизлик хизмати ходимлари ўз ҳаракатларини асли Сурхондарё вилоятидан бўлган Аҳмаджон Болтаевнинг Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга эълон қилингани билан изоҳлашган.

Бироқ, Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова фуқаро Аҳмаджон Болтаевнинг халқаро қидирувга эълон қилинганига оид маълумотни тасдиқламади.

Светлана Ортиқова: Менда унақа маълумот йўқ.

Озодлик: Қаердан билсак бўларкан?

- Ташқи ишлар вазирлигининг ëки Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизматига телефон қилсангиз¸ уларда бундай маълумот бўлиши мумкин¸ дейди Светлана Ортиқова.

Аҳмаджон Болтаевнинг Озодлик радиосига айтишича, ўзларини Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари деб таништирган шахслар унинг БМТ қочқинлар идораси ҳимоясида эканини тасдиқловчи ҳужжатини тортиб олишиб, калтаклашган ҳам.

Аҳмаджон Болтаев: 2 июн куни соат учларда бозорда юрган эдим. Уч киши келиб ҳужжатимни сўрашди. Кўрсатсам¸ қўлимдан олди ва қўлимга кишан солиб¸ машинага олиб кетишди.

Уйимга телефон қилиб олай десам¸ “Йўқ¸ телефон қилиш мумкин эмас” дейишди. Кейин мени машинада ўзларининг офисига олиб боришди.

Озодлик: Нима сабабдан олиб кетишганини тушунтиришдими? Сиз сўрадингизми?

Аҳмаджон Болтаев: Сўрадим. Менга “Сени Ўзбекистон сўраяпти. Шунинг учун сени Ўзбекистонга қайтарамиз” деган гапни айтишди.

“Нима қилдим сенга? Мен Қозоғистонда БМТнинг ҳимоясидаман. Мени 7 соатдан бери ушлаб турибсан. Менинг нима айбим бор?” десам¸ “Сени Ўзбекистонга жўнатиб юборамиз” дейишди.

Кейин бир ҳужжатларни чиқариб “Сен Ўзбекистонда қидирувдасан” деб Еттисув туман ички ишлар бўлимига олиб келишди. Бу ерда справкамнинг сертификатини кўрсатган эдим¸ қабул қилмади.

Кейин бошқа ИИБга олиб кетишди. У ерда ҳам қабул қилмади. Учинчи ИИБга олиб бориб¸ мени сертификатсиз топширишди.

Озодлик: Сизга нисбатан босим ўтказишдими, уришдими?

Аҳмаджон Болтаев: Биринчи мартасида урди. Уй адресингни бер¸ деди. Мен “Уй адресимни бера олмайман. Ëдимда сақлаб юрибман. Уйдагиларимнинг ҳаëтини хавф остига қўя олмайман” дедим. Кейин уч киши бўлиб “Ҳозир подвалга туширамиз¸ у қиламиз¸ бу қиламиз” деб қўрқитишди.

Озодлик: Сизга Ўзбекистон томон юборган бирор ҳужжатни кўрсатишдими?

Аҳмаджон Болтаев: Йўқ¸ унақа ҳужжат кўрсатишмади. Фамилиясини сўрасам¸ ҳатто “Менинг фамилиям Назарбоев” деб калака қилди.

Ҳатто БМТ нинг қочқинлар бўйича комиссарлиги ҳам бу ерда ҳеч ким эмас¸ деб Назарбоевнинг портретини кўрсатди ва “Мана бунинг қонуни қонун” деди.

Ҳужжатларимни¸ тахминан 20 минг атрофидаги тангамни (қозоқ пул бирлиги – таҳр.)¸ иккита телефонимни олиб қўйди. Ҳатто БМТ Қочқинлар иши бўйича комиссарликдан телефон қилиб сўрашса ҳам¸ бизда йўқ¸ деб айтиб юборишди.

Озодлик: Ҳозир қайси ҳужжатларингизни олиб қўйишган? Паспортингизни ҳам олиб қўйишдими?

Аҳмаджон Болтаев: Менинг ëнимда паспорт йўқ эди. Справка¸ миграцион томонидан берилган қоғоз¸ БМТ Қочқинлар иши бўйча комиссарлик томонидан берилган сертификат бор эди.

Озодлик: Сизни қачон қўйиб юборишди?

Аҳмаджон Болтаев: Икки кун ушлаб тўртинчи июн куни кечқурун қўйиб юборишди. Света деган юрист келиб¸ олиб чиқиб кетди.

Светага ҳам мени ушлаб келганлар телефонда “бизларда йўқ” деб айтишган экан. Ўшандан билдимки¸ мени қайтариб Ўзбекистонга жўнатмоқчи бўлишган.

Озодлик: Сизни Ўзбекистонда узоқ муддатга қамашган экан-а?

Аҳмаджон Болтаев: Ҳа¸ ҳа.

Озодлик: Сизни нима айб билан қамашган эди?

Аҳмаджон Болтаев: Мен ўзи ҳеч қанақа нарсага аъзо ҳам бўлмаганман. Мен у пайтда Тошкентда турардим. Меникига келган меҳмонлар қўлга тушган ва биттасининг телефон номерида менинг уйимнинг номери чиққан.

Ўшанда 14 кишини қамаган. Уларнинг ичида 12 нафарини танимайман¸ икки нафарини танийман. Ўша пайтда шунақа қилиб кўпчиликни қамаган. Ўтирган пайтимда кўпчиликни кўрганман. Ҳатто намозни тузук билмайдиганларни кўрдим.

Озодлик: Кейин амнистия билан чиққансиз-а?

Аҳмаджон Болтаев: Ҳа. 2003 йил 27 декабр куни чиққанман.

Озодлик: Қозоғистонга қачон чиқиб кетгансиз?

- 2006 йил 13 сентябр куни уйдан кечқурун кечаси соат 23.00 да болаларим билан меҳмонга кетсам¸ ярим кечаси соат 03.00 да МХХнинг ходимлари келиб¸ уйимни титкилаб¸ ҳужжатларимни ва укамни олиб кетган. Улар уйда мен бўлмаганлигим учун укамни олиб кетишган ва 6 йил муддатга қамаб юборишган. Мен шунда чиқиб кетганман¸ дейди Аҳмаджон Болтаев.

Россиядаги Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Болтаев саргузаштлари 26 май Андижон ва Хонобод воқеаларидан кейин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг кейин диндорларга нисбатан таъқибларни кучайтираётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хусусан, аввал хабар қилганимиздек, Тошкент вилояти ва шаҳрида диндор хонадонларда тинтувлар ўтказилиб, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг қидирилаётгани бу тахминларни тасдиқлаши мумкин.
XS
SM
MD
LG