Линклар

Бан Ки Мун: “Покистон ёрдамга муҳтож”


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Покистонга берилажак халқаро ёрдамлар миқдори оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Ню Йоркдаги БМТ қароргоҳида қилган маърузасида Бан Ки Мун Покистонда фаолият олиб бораётган гуманитар ташкилотлар шу кунларда маблағ тақчиллигини бошдан кечираётганини, ҳукумат кучлари Покистон шимолий-ғарбида жангари гуруҳларга қарши ҳарбий амалиётларни бошлаши ортидан вазият яна ҳам кескинлашганини қайд этди.

БМТ маълумотларига кўра, сўнгги икки ой мобайнида Сват водийси ва унга туташ худудларда икки ярим миллион аҳоли ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги қочқинлар лагерида жон сақламоқда.

Покистон ҳарбийларига кўра, мамлакат шимолий-ғарбидаги Сват водийсида олиб борилган ҳарбий амалиётлар давомида 60 дан зиёд жангари йўқ қилинган. Аммо бу маълумотни мустақил манбалар тарафидан тасдиқлашнинг иложи бўлмаяпти.

Кеча Покистоннинг Пешовар шаҳрида худкуш ҳужумчи тарафидан содир этилган портлашдан икки одам ҳалок бўлди, ўндан зиёд одам яраланди.

Сешанба куни эса Пешовардаги беш юлдузли меҳмонхонага қилинган ҳужумдан тўққиз одам, жумладан, БМТ ходими нобуд бўлган эди.
XS
SM
MD
LG