Линклар

logo-print

Эронда президентлик сайлови бўлиб ўтмоқда


Президентликка тўрт номзод, жумладан, амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод, Инқилоб посбонларининг собиқ раҳбари Муҳсин Ризоий ҳамда ислоҳотчилар Ҳусайн Мусавий ва Маҳдий Карубий даъвогарлик қилмоқдалар.

Расмийлар сайловчилар фаоллигининг юқори даражада эканини хабар қилдилар. Маҳаллий ва Ғарб телеканаллари бугун фуқароларнинг овоз бериш учун сайлов участкалари олдида узундан-узун навбат кутиб турганини намойиш қилди.

Сайлов участкаларидан бирида овоз берган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз халқига миннатдорчилик билдирди:

- Мен Эрон халқига уларнинг яхшилиги, олий ҳимматлиги, холислиги, фидокорлиги ва кечиримлилиги учун чин дилдан миннатдорчилик изҳор қиламан. Фуқароларимизнинг сайловдаги иштироки, иншаоллоҳ, бундан кейин бизнинг миллатимизга буюк ишлар, муҳим қарорлар ва ёруғ ҳаракатлар учун эшикларни очиб беради, деди Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Аҳмадийнажодга асосий рақиб бўлиши тахмин қилинаётган ислоҳотчи номзод Ҳусайн Мусавий сайловдан яхши натижалар кутаётганини таъкидлади:

-Умид қиламан, фуқароларимизнинг сайловдаги умумхалқ иштироки билан, иншаоллоҳ, бунданда гўзал ва яхши кунларга гувоҳ бўламиз, деди Ҳусайн Мусавий.

Агар ҳеч бир номзод сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини қозона олмаса, 19 июнда иккинчи давра сайловлари ўтказилади.
XS
SM
MD
LG