Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:39

"Исломнинг сиёсийлашувидан чўчимаслик керак"


Диншунос Қодир Маликов фикрича¸ Исломнинг сиëсийлашуви табиий жараëндир.
Диншунос Қодир Маликов фикрича¸ Исломнинг сиëсийлашуви табиий жараëндир.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 11-12 июн кунлари Марказий Осиёда диний эркинликларни таъминлаш масаласига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда мутахассислар шундай фикрни илгари сурдилар.

Мазкур анжуманда диний эркинликларни таъминлаш, дунёвий ва диний ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг олдини олиш йўллари ҳамда хавфсизликни таъминлашда ҳукуматлар ва диний ташкилотларнинг ҳамкорлиги масаласи муҳокама қилинди.

Бишкекдаги “Дин, ҳуқуқ, сиёсат” мустақил таҳлилий маркази раҳбари Қодир Маликов фикрича, минтақа ҳукуматлари мусулмон жамоатчилиги билан ҳамкорлик қилишдан масофаланаётгани жамиятда норозилик потенциалини пайдо қилмоқда. Диншуноснинг айтишича, бугунги кунда мусулмон жамоатчилиги “Ҳукуматлар диндорларда иттифоқчиларни кўрмоқдами ёки рақибларними?” деган саволга тўлақонли жавоб ололмаётир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қодир Маликовга кўра, ҳукуматлар Исломнинг сиёсийлашувидан чўчимасликлари керак.

- Сиёсийлашув Исломнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги иштирокини оширишга йўналтирилгандир. Бундан асло чўчимаслик керак ва бу йўналишда ҳукумат мусулмон жамоатчилиги билан тиғиз ҳамкорлик ўрнатиши лозим. Ҳукуматларнинг бу ҳамкорликка шубҳа билан қараши, ундан қўрқиши эса радикаллашувга сабаб бўлиши мумкин.

Биз мусулмонларнинг сиёсатлашувидан эмас, уларнинг радикаллашувидан чўчишимиз керак, деди Қодир Маликов.

Диншунос фикрича, дин уламолари ҳам бу йўналишда ўз ҳадафларини ўзгартиришлари лозим.

- Замон, реал ҳаёт чақириқлари ҳамда талаблари юқоридан ҳам, пастдан ҳам диний тузилмалар ориентирларини ўзгартиришга, ислоҳ қилишга мажбур қилади ва қилмоқда. Ниҳоят, ҳар бир имом нафақат Аллоҳ олдида, балки жамият олдида ҳам масъул эканини тушуниб етмоғи зарур. Имомлар сиёсий-ижтимоий ҳаётга фаол аралашмоқлари керак бўлади, деди Қодир Маликов.

Анжуман иштирокчилари дин жамиятни маънавий таназзулдан қутқариб қолувчи восита эканини алоҳида таъкидладилар. Жамиятнинг маънавий таназзулга учраши эса экстремист ва террорчи гуруҳлар пайдо бўлиши ва фаоллашуви учун ижобий шароит яратиб беради:

- Авваллари ҳуқуқ-тартибот тузилмалари экстремист ва террорчи деганда мутаасиб, жоҳил шахсни тасаввур қилар эдилар. Бугунги кунда эса кўпчилик экспертлар экстремист ва террорчи ўз мақсадини аниқ биладиган, ўз ҳаракатлари оқибатларини тушунадиган одам сифатида тасвирлайдилар.

Авваллари экстремистлик ва террорчилик ташкилотига фақат ўз молиявий аҳволини ўнглаш учун аъзо бўладилар, деган тушунча мавжуд эди. Бугунги кунда эса ғоя асосий ролни ўйнамоқда, деди Қирғизистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти бош эксперти Иқбол Мирсаидов.

Йиғин иштирокчилари икки кун давомида экстремизмга қарши курашда ғоявий усулларни қўллаш масаласига қайта-қайта тўхталдилар.

Диншунослар ва дин уламолари ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг экстремистларга қарши курашда фақат репрессив йўлдан бораётганини қораладилар. Шунинг учун йиғилишда диний асосда юзага келадиган зиддиятларнинг олдини олиш мақсадида Қирғизистонда Динлараро муроса жамоатчилик кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиқдилар:

- Бу механизм орқали уламолар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билан ҳамкорликда динлараро зиддиятларнинг олдини олиш йўлларини, экстремизмга қарши репрессив йўл билан эмас, ғоя орқали кураш йўлларини ишлаб чиқиш имкониятига эга бўладилар, деди анжуман ташкилотчиси бўлган “Халқаро толерантлик учун” ташкилоти раҳбари Рая Қодирова.

Айни пайтда Динлараро муроса жамоатчилик кенгаши мамлакатда диний эркинликлар вазиятини кузатиш ва диний эркинликларни таъминлаш масаласини ҳукумат олдида қўйиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилмоқда.
XS
SM
MD
LG