Линклар

logo-print

Тошкент сувни лойқалатмоқда


Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари¸ хусусан стратегик иттифоқчиси бўлмиш Россияга нисбатан ишончи¸ кузатувчиларга кўра¸ кун сайин юпқалашиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари¸ хусусан стратегик иттифоқчиси бўлмиш Россияга нисбатан ишончи¸ кузатувчиларга кўра¸ кун сайин юпқалашиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг 26 май куни Хонобод ва Андижондаги портлашдан кейинги ҳатти-ҳаракатларини шарҳлаëтган таҳлилчилар¸ бу воқеалар Тошкентнинг геосиëсий ўйинлардаги янги юришлари учун қулай замин яратганини айтмоқдалар.

11 июн куни Россия президенти МДҲ ишлари бўйича ўз махсус вакилини Тошкентга жўнатди ва Россиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси бўлмиш жаноб Фарит Мухаметшин Оқсаройда президент Каримов билан учрашди.

14 июн куни Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг олий даражали учрашуви бўлади ва унда Ўзбекистон президентининг иштирок этиши кутилмоқда. Унинг эртасига – 15-16 июн кунлари деярли айни гуруҳ энди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити учун Екатеринбургга боради.

Бу саммитлар арафасида ҳам хавфсизлик¸ ҳам иқтисодий ҳамкорлик борасида бир-бирига иттифоқчи ва шерик бўлиши лозим бу икки ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кескинлик кучайгандан кучаймоқда ва Ислом Каримов томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган жаноб Мухаметшин¸ норасмий манбаларга кўра¸ айнан шу кескинликни бироз юмшатиш топшириғи билан Тошкентга юборилган.


Кескинлик чашмаси - Тошкент


КХШТ аъзолари ичида¸ хусусан Марказий Осиëда куч йиғиб бораëтган янги кескинлик марказида¸ воқеалар ривожининг кўрсатишича¸ Ўзбекистон турибди.

Кескинликни суғораëтган бир неча омил мавжуд.

Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ичида жорий йил феврал ойида ташкил этилган Тезкор коллектив кучлар ҳақдаги қарорнинг кучга киришига тўғаноқ бўлмоқда. Бунга эса¸ КХШТ матбуот котиби Виталий Струговецнинг яқинда Озодликка айтишича¸ Тошкентнинг “ўзгача фикри” сабаб бўлмоқда. Тахминларга кўра¸ Оқсарой учрашуви давомида Каримов билан анча апоқ-чапоқлиги айтиладиган Фарит Мухаметшин уни Россиянинг йирик стратегик режаларини чалкаштираëтган ўз позициясини бироз силлиқлашга кўндиришга уринган бўлиши мумкин.


Андижон портлашлари Каримов қўлидаги кузир карта


Тошкентнинг Тезкор коллектив кучлар борасидаги ўзгача фикрига¸ Каримовнинг умуман ўз қўшнилари¸ хусусан эса¸ Қирғизистонга қўяëтган айблари асос бўлмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва кўп ўтмай мамлакат президенти 26 май куни Андижон ва Қирғизистонга туташ Хонободда содир бўлган портлашлар ижрочиларининг қўшни Қирғизистондан келганини баëн қилди.

Ўзбекистон миллий хавфсизлик идорасига тегишли экани тахмин қилинадиган www.press-uz.info ахборот агентлиги эса Андижон воқеаларида очиқчасига Қирғизистон ҳукуматини айблади.

“Бу ерда фақат битта хулоса қилиш мумкин: Қирғизистон чегарани террорчилар учун атайин очиб берди ва уларнинг нима иш қилмоқчилигини олдиндан билди. Ҳатто террорчиларнинг воқеадан сўнг номаълум йўналишда ғойиб бўлгани ҳам уларнинг ўз “уяси”¸ яъни қўшни давлат ҳудудига ўтганидан гапириб турибди“, деб ëзди Ўзбекистондаги расмий ахборот агентлиги.

Агентликнинг ҳеч қўрқмай икки давлатни уруш ëқасига келтириши мумкин бундай даъвони ëзишига эса¸ Ислом Каримовнинг мана бу гаплари доялик қилди:

- Шу ўзи чегарадан ҳар куни ўтишнинг нима кераги бор?! Агар чегаранинг нариги ёғида тинчлик бўлганида ва улар бизни ҳурмат қилганида эди¸ бунга кўнса бўлар эди.

Аммо 26 май куни содир бўлган воқеалар ўша ёқдан келган одамлар томонидан уюштирилди. Агар осмонимиз мусаффо ва у тарафда тинчлик бўлганида эса чегарага эҳтиёж бўлмас эди. Аммо афсуски, биз ўзимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз¸ деди 31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасига бориб¸ уни ëпиб келган президент Каримов.
Нега айнан Хонобод?

26 май кунги Хонобод ва Андижондаги воқеалар ортида Қирғизистон турибди¸ деган даъвони такрорлаш билан Ислом Каримов бир ўқ билан бир неча қуëнни уришни кўзламоқда.

Биринчидан¸ бу воқеалар ортидан Ўзбекистоннинг Қирғизистон¸ айни пайтда Тожикистон билан чегаралари ëпиб қўйилди. Биргина шу ҳаракати билан Тошкент ўз фуқароларининг ҳаракат эркинлигини кескин чеклади. Ўзбекистон фуқаролари ўз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чегарадан олиб чиқа олмаслик баробарида¸ қўшнилар бозоридан мол олиб келиш имконидан ҳам маҳрум бўлди. Айни ҳаракат билан¸ Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларидаги Ўш ва Қорасув улгуржи бозорларига жиддий зарба берилди ва тирикчилиги ўзбеклар билан савдо туфайли ўтиб турган минглаб қирғизистонликлар қозонига тош солинди.

Иккинчидан¸ 26 май кунги портлашларда қўшниларнинг қўли бор¸ деган даъво Ўзбекистон томонининг Қирғизистон¸ айни пайтда Тожикистон билан чегара чизиғи бўйлаб эни ва чуқурлиги камида 3 метр экани айтилаëтган хандақлар қазиши¸ айрим районларда эса¸ ҳатто 7 метрлик бетон девор қуришига баҳона бўлди.

Чегара чизиғи бўйлаб қазилаëтган хандақлар фақат эҳтимолий террорчи ëхуд контрабандачилар йўлини тўсибгина қолмай¸ қўшнилар ҳудудини сувсиз қолдиришга ҳам хизмат қилмоқда. 12 июн куни Акипресснинг ëзишича¸ айрим жойларда чуқурлиги 6 метрга қадар етган бу хандақлар сабаб Сузоқ районидаги айрим қишлоқлар экини сувсиз қолмоқда.

Учинчидан¸ Ўзбекистон вазиятдан фойдаланиб¸ ҳали узил-кесил демаркация ва делиматиция қилинмаган чегара ҳудудларини бир томонлама ¸ ўз фойдасига белгилаб чиқмоқда. 12 июн куни Фарғона.ру агентлигининг ëзишича¸ Қирғизистоннинг Новкен районига туташ қишлоқларда Ўзбекистон томони аҳолини зўрлаб уй-жойларидан кўчириб¸ чегарада 50 метрлик буфер зона ташкил қилмоқда. Бундай фавқулодда чора ҳам¸ айнан 26 май кунги воқеалар баҳонасида қилинмоқда.

Ва ниҳоят¸ айнан Хонобод ва Андижон воқеалари Ислом Каримовнинг 14 июн кунги КХШТ ва 15-16 июн кунлари эса ШҲТ саммитида тутадиган ўзига хос позициясини ҳар томонлама қувватлашга асос бўлади.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубновнинг ëзишича¸ бу воқеалар Каримовнинг “энг яқин шерик ва ҳамкоримиздан бизнинг тинчлигимизга доимий таҳдид бўлиб турган бир пайтда ҳамкорликни кучайтириш¸ айниқса ўзаро ишонч ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас“ дейишига қулай далил бўлиб хизмат қилади.


Тошкент нега яна оқимга қарши сузмоқда?



Бишкеклик сиëсий таҳлилчи Марс Сариев фикрича¸ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳозирги кескинлик илдизи Бишкекнинг Қамбарота гидроэлектрстанцияси қуриш режасига бориб тақалади.

Ўзбекистон томони чегара ҳудудларида кескинлик яратиш орқали Бишкекни бу режадан воз кечишга мажбурламоқда.

Айни пайтда Каримов¸ Роғун ГЭСи қуриш ниятидан қайтмаëтган Тожикистонга ҳам жиддий огоҳлантирув йўлламоқда.

Бишкек билан баëнотлар уруши бораëтган бир пайтда 11 июн куни Тошкент Душанбени 15 июнга қадар газ учун қарзини тўлаб қўймаса¸ газ таъминоти бутунлай тўхтатилишидан огоҳлантирдики¸ бу ишнинг КХШТ ва ШҲТ саммити арафасида қилингани¸ шунчаки тасодифга ўхшамаëтир.

Мустақил кузатувчилар¸ Хонобод воқеаларию улардан кейин Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида бораëтган жараëнлар остқатламида ëтган мақсадлар хусусида баҳс қилаëтган бир пайтда¸ яна юқорида тилга олинган www.press-uz.info ахборот агентлиги “Сув заҳираларидан унумли фойдаланиш минтақанинг барқарор ривожланиши гаровидир” деб номланган мақолани эълон қилди.

Бу мақоланинг айнан Россиянинг очиқ ва гизли қўллови билан режаланаëтган Қамбарота ва Роғун ГЭСлари қурилишига қарши кескин пафос билан ëзилгани¸ Марс Сариев каби таҳлилчилар фикрига навбатдаги қўллов бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG