Линклар

Адвокатлар қасамëд мавсумини бошлади


Ўзбекистондаги маҳкама жараëнларида давлат қораловчилари билан юзма-юз ўтирса-да¸ адвокатлар ҳақларининг стол атрофидаги тенгликдан кескин фарқ қилиши айтилади.

Ўзбекистондаги маҳкама жараëнларида давлат қораловчилари билан юзма-юз ўтирса-да¸ адвокатлар ҳақларининг стол атрофидаги тенгликдан кескин фарқ қилиши айтилади.

Хабарларга кўра¸ Ўзбекистон адвокатлар палатасининг Тошкентдаги офисида аттестациядан ўтган адвокатлар қасамёдга келтирилаяпти ва бу жараëн маҳаллий телевидение орқали намойиш ҳам қилинаяпти.

Ўзбекистон адвокатлар палатасига қўнғироқ қилганимизда, ўзини палата раҳбари Миробид Мирсобитов деб таништирган шахс ўтказилаётган тадбир ҳақида телефон орқали маълумот бермаслигини билдирди.

Озодликнинг Ўзбекистондаги манбаларига кўра, адвокатларнинг қасамёд қилиш тадбири маҳаллий телеканаллар орқали ҳам намойиш қилинган.

Тошкентлик адвокат Анвар Мамедов аттестациядан мувафақиятли ўтган адвокатлардан бири. У ҳали қасамёдга келтирилмаган. Мамедовга кўра, имтиҳондан ўтиш жуда осон бўлган.

Анвар Мамедов: Менга қийин бўлган эмас. Қийин жойи йўқ. Энди эсдан чиққан жойларини ўқиб чиқдик. Бизлар аттестациядан ўтдигу ҳали лицензияни олганимиз йўқ. Уч-тўрт кундан кейин берамиз, дейишаяпти. Лицензияни қўлимизга олгандан кейин қасамёд қиламиз.

Озодлик: Қасамёд ёддан айтиладими ёки ўқиб бериладими?

Анвар Мамедов: Ёддан айтиш шарт.

Озодлик: Сиз ëдладингизми?

Анвар Мамедов: Ҳа.

Озодлик: Айтиб бера оласизми?

Анвар Мамедов: Мен фақат рус тилида айтиб беришим мумкин.

“Торжественно клянусь честно и добросовестно выполнять свой профессиональный долг, последовательно защищать права и свободы человека, хранить адвокатскую тайну и беспрекословно соблюдать Конституцию и законы Республики Узбекистан” (Касбий бурчимни виждонан ва ҳалоллик билан бажаришга, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини изчиллик билан ҳимоя қилишга, адвокатлик сирини сақлашга ва Ўзбекистон конституцияси ва мамлакатнинг бошқа қонунларига сўзсиз амал қилишга тантанали равишда қасамёд қиламан – таҳр.).

Озодлик: Ҳамма рус тилида айтадими?

- Йўқ. Ўзбекча айтиш мумкин. Ўзбекча яхши айта олмайдиганлар эса русча айтиши мумкин. Имтиҳон пайтида ҳамма билетлар ўзбек тилида. Ким ўзбек тилида қийналадиган бўлса¸ рус тилига таржимаси бор. Жавобингизни рус тилида бераверасиз, дейди Анвар Мамедов.

Адвокат Отабой Раҳмонов 23 йиллик тажрибага эга. У бундан 12 йил аввал адвокатлик лицензиясини олган пайтда қасамёд қилган.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик адвокатлар илк бор 1997 йили қасамёд қилиб, лицензия олишган.

Отабой Раҳмоновга кўра, айрим ҳолатларда Ўзбекистондаги мавжуд тузум адвокатларнинг касбий қасамёдларига мувофиқ ишлашларига тўсқинлик қилади.

- Адвокатлик қасамëдига кўпчилик адвокатлар амал қилади. Лекин шароит баъзи бир адвокатларни қасамëдни бузишига мажбур қилади. Уларга нисбатан руҳий ëки бошқача йўллар билан босим бўлади.

Охиригача курашиш керак бу ерда. Агар адвокат ўзининг позициясини исботлаб бера оладиган бўлса, охиригача олиб бориши керак. Лекин адвокатлар ярим йўлда қолиб кетаяпмиз.

Адвокатларга ишлаш жуда қийин бўлаяпти. Адвокатнинг фикрини тергов, суд жараëнида умуман эътиборга олишмайди, дейди Отабой Раҳмонов.

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуров, жуда кўплаб маҳкамаларда адвокатлар фаолиятини кузатган. Унга кўра, қасамёд қабул қилиш орқали адвокатлар ишини яхшилаш мушкул.

- Гап қасамда бўлса-ку¸ майли эди. Афсуски, бу ишлар битта қасам билан ҳал бўладиган нарса эмас. Қайси давлатда қонун устуворлиги баланд турадиган бўлса, ўша жойга қасам тўғри келади. Бизни давлатга ўхшаш қонун устуворлиги бўлмаган жойда минг марта қасам ичмайдими - барибир кўп нарсани ўзгартирмайди бу нарса.

Анча судларда қатнашамиз, ҳайрон қоласиз. Жиноят бўйича, масалан, беш киши айбланаяпти. Лекин улардан биттаси қамалаяпти¸ тўрттаси чиқиб кетаяпти. Қонун-қоида бўйича ҳаммаси бир хил жазо олиши керак. Қонун ҳаммага бир хил таъсир қилмаслиги ўша ердан кўриниб турибди.

Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Бу ерда муттаҳамчилик бор. Кимнинг қўли узунроқ бўлса, у ишни ютиб чиқади. Ҳалол бўлсангиз ва қонунга суяниб иш қиламан десангиз, ҳеч нарса бўлиши мумкин эмас.

Самарқандда ўзига зарарли бўлса ҳам, мансаб пиллапояларидан кўтармаса ҳам ҳақиқат учун охиригача борадиган адвокатлар бармоқ билан санарли, дейди Комилжон Ашуров.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов эса адвокатларнинг қасамёдга келтирилишини ўринсиз иш, деб ҳисоблайди.

- Бу нарса ўта кулгили ва мантиқсиз. Президент ҳам қасам ичади¸ лекин қайси қасамини бажарди? Қасам одамни тарбияламайди. Тизим шундай яратилиши керакки¸ унда ҳалол ишламасликка ўрин қолмаслиги керак.

Қасамёд қилиш - бу аҳмоқона ва совет коммунистларидан қолган эскича услуб. Ўрта асрлардаги феодал қозиларга ичириладиган нарса бу, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўтган йилнинг 12 сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси ўтказилиб, унда Адвокатлар ассоциацияси Адвокатлар палатасига айлантирилган эди.

Бу ташаббусга шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи бош-қош бўлиб, айни тадбир натижасида адвокатура тизимида ижобий ўзгаришлар қилиш режалаштирилгани таъкидланганди.

Жорий йилнинг 21 апрелидан бошлаб эса Ўзбекистондаги барча адвокатлар аттестациядан ўтказила бошлади.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 5000 дан зиёд адвокат фаолият кўрсатган. Ҳозирча улардан қанчаси аттестациядан ўтгани ва қасамёдга келтирилгани ҳақида маълумотлар йўқ.
XS
SM
MD
LG