Линклар

Тинч ётмаган мурдалар


Хўжандда жоҳиллар томонидан бузилган қабрлар сони ортиб бормоқда

Хўжандда жоҳиллар томонидан бузилган қабрлар сони ортиб бормоқда

Тожикистон шимоли Сўғд вилоятида жоҳиллар тарафидан қабрлардаги мурдаларнинг тилла тишларини ўғирлаш ҳолатлари кўпайганлиги аҳоли ўртасида ташвиш ўйғотмоқда. Ҳуқуқ - тартибот тузилмалари эса мурдаларни тунаётган жоҳиларни топа олмаётир.

Тожикистон шимоли Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотларга кўра,минтақанинг Бобожон Ғафуров ва Хўжанд шахарларидаги қабристонларда қабрлар қазилиб, мурдалар тилла тишлари ўғирланган.

Ички ишлар бошқармаси мулозими Диловар Ализоданинг айтишича, жоҳиллар ҳанузгача аниқланмаган.

- Жорий йил май ойи охирида Бобожон Ғафуров туманида ва июн ойининг бошларида Хўжанд шаҳрининг марказида жойлашган қабристонда олтита гўр қазилгани аниқланди.

Ўтказилган текширишлардан кейин маълум бўлишича, гўрдаги мурдалар тилла тишлари синдирилган ва ўғирланган. Мазкур иш бўйича қидирув тергов ишлари олиб борилмоқда, - дейди Диловар Ализода.

Диловар Ализоданинг айтишича,мазкур иш юзасидан Тожикистон Жиноий кодекси 243 моддаси, яъни оламдан ўтганлар жасади ва гўрларини тахқирлаш,бўйича жиноий иш очилган,деди Диловар Ализода.

“Мозори Озах” қабристони Хўжанд шахрининг марказидаги Пулчуқур маҳалласида жойлашган. Мазкур қабристонда гўрков бўлиб ишлайдиган Абдуали Дадабоевнинг сўзларига кўра, саҳарлаб келганида, аввалига қабрлар қазилганини пайқамаган.

- Дабдурустдан гўрлар қазилгани кўзга ташланмади. Лекин яқинроқ бориб қарасангиз қабрлар қазилганини сезмай қолмайсиз. Шундан кейин, бу қабрларда ётганларнинг қариндош - уруғларига хабар етказдик.

Улар келиб гўрни очишганда, бундай даҳшатли ҳолатни умримда кўрмаганман, жасаднинг жағи майда - майда қилиб ташланган, тилла тишлари синдириб олинган экан, - дейди Абдуали Дадабоев.

Абдуали Дадабоевнинг айтишича, жоҳиллр гўрни қазиб, яна ўз ҳолига келтириб кўмишган. Шунга қарамай, номаълум шахсларнинг бундай ваҳшиёна, ношарий қилмишлари уни даҳшатга келтирган. У қабристонда бошқа ишлай олмаслигини айтди.

Бу воқеадан хабардор бўлган маҳалла аҳолиси қабристонда навбатчилик ташкил этган. Чунки Тожикистонда қабристонлардаги қоровуллар ўз ихтёри билан, иш ҳақи олмай ишлайдиган одамлар. Кўп ҳолларда қоровуллар асосан кундуз куни қабристонда бўладилар. Тунда эса қабристонлар қаровсиз қолади.

Минтақада содир бўлган бу даҳшатли воқеалар кўпчиликни ваҳимага солиб қўйди. Суҳбатдошларимизнинг бир қисми “Одамлар ўртасида имон кўтарилди” деса, бошқалари “Мамлакатдаги қашшоқлик уларни бунга мажбур қилмоқда”, деб фикр билдиради.

- Одамлар ўртасида шарм - ҳаё кўтарилмоқда. Ахир мусулмон фарзанди бундай даҳшатли ишга қўл урмаслиги керк- ку. Охиратини ўйламайдими улар? - дейди хўжандлик Рахматжон.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Нажмиддининг айтишича, бугунги қашшоқ Тожикистонда одамлардан ҳамма нарсани кутиш мумкин.

- Рости гап, инсон ноиложлик, қашшоқлик оқибатида боши берк кўчага кириб қолгандан кейин, ўзини ҳар ҳил ишга уради. Минтақада сўнгги пайтларда рўй берган воқеалар ҳам шундан далолат бериб турибди.

Бунда биринчи навбатда давлат раҳбарларинининг айби бор. Чунки республикада рўзғорни тебратишга етадиган миқдорда пул тўлайдиган корхона мавжуд эмас.

Мен бу билан одамлар мана шундай ножўя ишларга қўл урсин, демоқчи эмасман. Зеро, хақиқий мусулмон бундай қилмайди, - дейди Нажмиддин.

Нажмиддиннинг сўзларига кўра, Россиядан қайтиб келиб, иш тополмай юрган тожикистонлклар ҳам шундай ишларга қўл уриши мумкин.

Вилоят дин уламолари шўроси раҳбари Шайҳ Муслиҳиддин масжидининг имом ҳатиби Хусейн Мусозоданинг айтишича, бугун республикадаги барча қабристонлар қаровсиз.

- Қабрларни вайрон қилиш, ўликлар нарсасини ўғирлаш гуноҳи азим ҳисобланади.

Мана шундай даҳшатли воқеалар такрор бўлмаслиги учун қабристонларга масъулиятли кишиларни тайинлаш керак.Улар қабристонга келиб кетаётганлардан хабардор бўлишлари шарт.Чунки одамлар орасида бир ёки иккита беинсоф шахслар пайдо бўлади ва мана шундай ношоиста ишларга қўл уришади, - дейди вилоят дин уламолари раҳбари.
XS
SM
MD
LG