Линклар

logo-print

Шимолий Корея ядровий дастуридан воз кечмоқчи эмас


Шимолий Корея телеканалида расмий Пхеняннинг ядровий дастурни ривожлантириш тўғрисидаги баёноти ўқиб эшиттирилди.

Шимолий Корея телеканалида расмий Пхеняннинг ядровий дастурни ривожлантириш тўғрисидаги баёноти ўқиб эшиттирилди.

Шимолий Корея ҳукумати мамлакат реакторларида ишлаб чиқарилган барча плутонийни ўз ядровий дастури учун ишлатиши тўғрисида эълон қилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти Шимолий Корея давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилди:

-Мамалакат реакторларида ишлаб чиқарилган барча плутоний қурол ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилади. Шу кунгача ёнилғи стерженларининг учдан бир қисмидан кўпроғи қайта ишланди,-деди Шимолий Корея телевидениеси суҳандони.

Расмий Пхенян, шунингдек, ўз баёнотида АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Шимолий Кореяни яккалатиб қўйиш уринишлари оқибатларидан огоҳлантирди:

-Агар АҚШ ва унинг ҳамкорлари мамлакатимизни қуршовга олишга уринса, бу ҳаракатлар бизга уруш очиш сифатида баҳоланади ва биз бунга муносиб жавоб қайтаримиз,- дейилади Шимолий Корея баёнотида.

12 июн куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореянинг 25 май куни ер ости ядровий қурол синовини амалга оширгани ва халқаро ҳамжамият чақириқларини инкор этиб келаётганига жавобан бу мамлакатга қарши янги санкцияларни жорий этишга қарор қилди.

Янги резолюцияда Шимолий Корея билан қурол-яроғ олди-сотдиси таъқиқланиб, бир қатор қатор иқтисодий чекловлар жорий этилган.

Бундан ташқари, БМТга аъзо давлатлар Шимолий Кореянинг ер, ҳаво ва сув орқали ташилаётган юкларини текшириши ва шубҳали юкларни эса мусодара қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Қабул қилинган резолюция лойиҳаси икки ҳафта давомида ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинди. Бу муҳокамаларда Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси - АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия ҳамда Жанубий Корея ва Япония расмийлари иштирок этдилар.

Хавфсизлик кенгашининг барча 15 аъзоси Шимолий Кореяни Пекинда ўтказилажак олти томонлама музокараларга қайтишга чақирдилар.

Айни пайтда сўнги маълумотларга кўра, Шимолий Корея яқин келажакда ўзининг учинчи ядровий қуролини синовдан ўтказишга тараддуд кўрмоқда.

Пхенянда камида саккизта ядровий қурол ишлаб чиқариш учун қайта ишланган плутоний борлиги тахмин қилинади.

Шу кунгача Шимолий Корея ядровий каллакларни ташиш имкониятига эга экани тахмин қилинаётган ракетани ҳам синовдан ўтказди. Бироқ расмий Пхенян бу турдаги ракеталар суъний йўлдошларни ташишга мўлжалланганини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG