Линклар

Ҳуқуқ ҳимоячиси судланди


Кузатувчиларнинг айтишларича, Нодир Аҳатовнинг маҳкамага тортилишига унинг касбий фаолияти сабаб бўлган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Нодир Аҳатовнинг маҳкамага тортилишига унинг касбий фаолияти сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 12 июн куни “Бирдамлик” ҳаракатининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Нодир Аҳатов интернет нашрлари орқали ёлғон маълумот тарқатганлик айби билан маҳкамага тортилди.

“Бирдамлик” ҳаракатининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Нодир Аҳатов “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш -таҳририят) бўйича айбдор деб топилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти хабар тарқатди.

Қашқадарё вилоят Шаҳрисабз туман жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Нодир Аҳатов маъмурий жавобгар ҳисобланиб, жаримага тортилди.

- Кеча Шаҳрисабз тумани судида менинг судим бўлиб ўтди. "Маъмурий кодекс"нинг туҳмат моддаси бўйича мени айбдор деб топишди. Расулов деган одам маҳкамага судьялик қилди.

Мен у одамдан “яна бир - икки кунга судни қолдириб туринглар”, деб илтимос қилдим. “Менга Тошкентдан адвокат келиши керак”, дедим. Лекин судя бунга рози бўлмади ва суд биносидан бир адвокат аёлни чақириб келишди.

Ўша аёл иштирокида менинг судим бўлиб ўтди ва 284 минг сўм жаримага тортишди. Бундан ташқари адвокат учун 28 минг сўм тўлашим кераклиги белгиланди, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Нодир Аҳатовнинг Озодликка маълум қилишича, уни интернет сайтлари орқали тарқатган иккита мақоласи учун маҳкамага тортишган.

- Мен икки ҳафта аввал Birdamlik.info сайтига иккита хабар жўнатган эдим. Биринчиси, Қарши шаҳрининг Фурқат кўчасида иккита аёлнинг мол-мулкини солиқчилар тортиб олиб қўйди ва шу билан Конституциянинг 24 –моддасига зид равишда ҳаракат қилиниб, шу аёлларнинг ҳаётига раҳна солинди, деган мазмунда бир хабар жўнатган эдим.

Иккинчи хабарим Тошкент шаҳрида формали одамлар “кучишлатар органларданмиз” деб ўзини таништириб, учта қизни олиб чиқиб кетиб исловатхоналарга сотиб юборган. Ҳудди шундай воқеа Яккабоғ туманида ҳам бўлган, деган хабарим эди. Эндиликда менинг берган маълумотларимни ёлғон деб, ўзимни туҳматчига чиқариб қўйишди, - дейди Нодир Аҳатов.

Биз Нодир Аҳатов иши бўйича маълумот олиш мақсадида Шаҳрисабз туман жиноий ишлар судига мурожаат қилдик. Телефон гўшагини кўтарган суд ходими шанба иш куни бўлмагани учун маълумот бермаслигини билдирди.

- Бу ҳақда сизга душанба куни маълумот беришимиз мумкин. Бугун айта олмаймиз. Бугун бизга иш куни эмас,- деди Шаҳрисабз туман суди ходими.

Нодир Аҳатовнинг ўзи маҳкамага тортилишини 10 июн куни Қашқадарёда ўтказилиши режалаштирилган пикет билан боғлайди.

- 10 июн куни Бирдамлик ҳаракати ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё бўлими фаоллари биргаликда пикет ўтказмоқчи эдик.

Нафақа, пенсия пулларини ўз вақтида беришсин деб, Мурод Жўраев ва Йўлдош Расуловнинг озод этилишини ҳамда солиқчилар томонидан товарлари тортиб олинган қаршилик икки аёлнинг нарсалари қайтариб берилишини талаб қилиб пикетга чиқмоқчи эдик.

Бу ҳақида Қашқадарё вилоят ҳокимлигини, миллий хавфсизлик ва ИИБни хат орқали огоҳлантириб, пикетга тайёргарлик кўргандик. Мана шу орада булар ( ҳуқуқ тартибот идоралари - Таҳр.) охирги иккита мақоламни ковлаб олиб, мени жавобгарликка тортишди, - дейди Нодир Аҳатов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораева ҳам Нодир Аҳатовнинг маҳкамага тортилишини унинг касбий фаолияти билан боғлайди.

Гулшан Қораевага кўра, кейинги пайтда Қашқадарёда ҳуқуқ фаолларига нисбатан босим ва тазйиқлар кучайган.

- Пойлоқчилар, кузатувчилар, тез-тез чақирувлар... Ўзимни ҳам ҳуқуқ -тартибот идораларига неча марта чақиришди. Нодир Аҳатовни ҳам қанча чақиришган. Мана охир- оқибат у маъмурий жавбогарликка ҳам тортилди.

Ҳозир ҳам “назоратчилар” уйимизнинг олдида туришибди. Қаерга борамиз, ким билан гаплашамиз, уйимизга ким келиб, ким кетаяпти шуни текширишаяпти. Ички ишлар ходимлари кўчамизни қоравуллаб ётишибди.


Чироқчи туманида инсон ҳуқуқлари фаоли Нурали Кулобовга ҳам жуда қаттиқ тазйиқлар бўлаяпти. Ҳозир у кишининг иши прокуратурада. Яна битта фаолимизнинг ишидан бўшагани ҳақида хабар эшитдик. Шу каби ҳолатлар кўп бўлаяпти,- дейди Гулшан Қораева.

43 ёшли Нодир Аҳатов 2001 йилдан буён “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти” халқаро ташкилоти фаоли ҳисобланади. Олти ойдан буён эса Бирдамлик ҳаракати билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG