Линклар

Эронда норозилар қамоққа олинмоқда


Эронда Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг қайта сайланганидан норози бўлган намойишчиларни ҳибсга олиш бошлагани хабар қилинмоқда.

Франс пресс агентлиги хабарига кўра, ислоҳотчи номзод Мирҳуссайн Мусавийни ҳимоя қилиб чиққан икки сиёсий гуруҳнинг камида 10 етакчиси ҳибсга олинган.

Эрондаги ИРНА расмий ахборот агентлиги хабарида айтилишича, улардан икки нафари сайловнинг расмий натижалари эълон қилинганидан бироз ўтиб Теҳронда бошланиб кетган норозилик намойишига етакчилик қилган.

Расмий натижаларга кўра, амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод сайловчиларининг асосий қисми овозини олиб, қайта президент этиб сайланган. Бироқ, мухолифат ҳукуматни сайлов натижаларини сохталаштирганликда айбламоқда.

Айни пайтда “Рейтер” ахборот агентлиги ислоҳотчи Мошерекат партиясининг ўнлаб аъзоси ҳибсга олингани ҳақида ҳам хабар тарқатди.

Аммо, Эрон Адлия вазирлиги матбуот котиби буни инкор қилиб: “Улар тарангликни кучайтирмаслик тўғрисида огоҳлантириш учун олиб келинган ва кечроқ қўйиб юборилган”, деди.
XS
SM
MD
LG