Линклар

Қочқин қамоқдан озод қилинди

  • Садриддин Ашур

Қамоқдан озод қилинган андижонлик қочқин А.Каримов Россия прокуратураси томонидан ўзига қўйилаётган айблар асоссиз эканини айтади.

Қамоқдан озод қилинган андижонлик қочқин А.Каримов Россия прокуратураси томонидан ўзига қўйилаётган айблар асоссиз эканини айтади.

Россияда қўлга олинган андижонлик қочқин Абдумутталиб Каримов бир йиллик қамоқдан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати билан ҳибсдан озод қилинди, бироқ унга қўйилган айбловлар олиб ташлангани йўқ.

У ўтган йилнинг 11 май куни Ўзбекистон томонининг талаби билан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб қамоққа олинган эди. Гарчи Россия Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишга рухсат берган бўлса-да, лекин Европа суди ўз қарори билан бу экстрадицияни тўхтатган эди.

Йошкар-Ола шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторида бир йил сақланган Абдумутталиб Каримов уни қамоққа олиш ҳақидаги суд берган санкциянинг муддати тугаши билан озодликка чиқарилди.

Бироқ¸ ундан ҳали айбловлар олинганича йўқ. Страссбургдаги Европа суди айни пайтда Ўзбекистон томони унга қўйган айбовларни ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди:

- Булар мени Ўзбекистонга жўнатмай турадиган бўлса¸ менинг қамоқдаги муддатимни чўзиши керак. Шу туфайли менинг қамоқ муддатимни чўзиш учун судга олиб чиқишди.

Прокурор “Шунақа сабаблар туфайли бу одамни қамоқда сақлаб туришимиз керак. Шунинг учун қамоқ муддатини чўзишни сўрайман” деб судга ариза берди.

Прокурорнинг бу аризасини суд “Бу бола бир йил ўтирди. Бир йилдан ортиғини сўрашга Москвадаги Бош прокуратуранинг ҳаққи бор” деб қабул қилмади¸ дейди Абдумутталиб Каримов.

Унинг сўзларига кўра, унинг қамоқда сақланиш ёки сақланмаслигини энди Россия Олий суди кўриб чиқади. Чунки прокурор Олий Судга кассация шикояти ёзган.

45 ёшли А. Каримов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жиноят кодексининг Конституциявий тузумга тажовуз қилиш, террорчилик каби жами еттита моддаси бўйича айбланган ва унга халқаро қидирув эълон қилинган эди.

Абдумутталиб Каримовнинг ўзи эса бу айбловлар ғирт ёлғон эканлигини айтади. У ҳақиқатан ҳам 13 май куни Андижон фожеаларининг тирик гувоҳи бўлган, тадбиркорлик иши билан Жалолқудуқ туманидан Андижонга келганида Бобур майдонидаги митингга қўшилиб қолган ва ҳукумат аскарлари отишмани бошлаганидан кейин кўпчилик қатори қочган:

- Мен ҳам қизиқдим ва майдонга бордим. Митингда гапларга қулоқ солиб одамлар билан анча туриб қолдик.

Биз анча вақтдан кейин қайтмоқчи бўлганимизда қарасак¸ атрофни ҳарбийлар ўраб олган экан. Ҳеч қаëққа чиқиб кета олмайсизлар¸ деган хабарни эшитиб қолдик.

Шунинг орасида отишмалар бошланди. Машиналарда аскарлар ўтиб отишни бошлашди. Биз ҳам ўша ердаги одамларга қўшилиб шаҳардан чиқиб кетдик.

Шаҳардан чиқишда яна отишма бўлди. Кейин бошқа йўл топиб шаҳардан чиқиб кетдик¸ дейди Абдумутталиб Каримов.

Уйига қайтган Абдумутталиб ўша кунларда митингда қатнашган одамларнинг ёппасига қамоққа олинаётгани кўриб, Ўзбекистонни тарк этишга ва Россияда яшаётган акасининг олдига келишга мажбур бўлади. Россияда уч йил яшаб ишлаб юрганда¸ 2008 йилнинг 11 июнида қамоққа олинади.

Абдумутталибнинг айтишича, бир йил давомида Москвадаги Мемориал ташкилотининг инсон ҳуқуқи ҳимоячилари унинг айбсиз эканлигини исботлаш учун кураш олиб бордилар. У унга беминнат ёрдам берган инсонларга ўз миннатдорчилигини айтади:

- Ният фақат яхшиликка қараб юриши керак деган қоидалар борку. 18 июн куни Йошкар-Ола шаҳрида фуқаролик суди бўлади. Қочоқ деган статус бериши тўғрисида миграцион хизматга ариза ëзганимда¸ улар рад қилишган эди.

Рад қилинишининг ноқонуний деб топилишини сўраб¸ ариза ëзган эдим. Шу нарса кўрилади.

Суд агар ноқонуний деб топса¸ муграцион хизмат менинг аризамни бошқатдан кўриб чиқади. Ажабмас¸ Россия ўзининг қочоқ деган статусини берса¸ дейди Абдумутталиб Каримов.

Эслатиб ўтамиз¸ оммавий ахборот воситаларида “Иваново ўзбеклари” дея ном чиқарган Шукрулло Собиров ва унинг 12 ҳамроҳи 2005 йил июн ойида ҳибсга олинган ва 2006 йилнинг октябр ойида Европа Иттифоқи маҳкамаси талабига кўра¸ тутқунликдан озод қилинган эди. Шу йилнинг май ойида эса Европа суди оқлаган “иванова ўзбеклари”га Россия ҳукуматининг ўзи сиёсий қочқин мақомини берган эди.
XS
SM
MD
LG