Линклар

logo-print

Исроил қуролсиз Фаластин давлати яратилишига рози


Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу яҳудий давлати қуролсизлантирилган Фаластин давлати яратилишига рози эканини баён қилди.

Нетаняҳу якшанба куни қилган чиқишида араб давлатлари етакчиларига мурожаат қилиб, тинчлик ўрнатишга оид музокараларга чақирди.
У Фаластин етакчиларини ҳам тинчлик музокараларини қайтадан бошлашга чақирди.

Нетаняҳу Исроил халқаро келишувларга содиқ қолиши ва бошқа томонларнинг ҳам ўз мажбуриятларини бажаришларини исташини қўшимча қилди.

- Фаластинликлар ҳам, - дея таъкидлади яҳудий давлати етакчиси, - Исроилни яҳудий миллатининг ватани сифатида тан олиши лозим.

Бош вазир фаластинлик қочқинлар масаласи Исроилдан ташқарида ҳал этилиши ва яҳудий давлати ичкарисида фаластинликларга тегишли маҳаллалар бўлмаслиги лозимлигини урғулади.

- Ўз навбатида Исроил ҳам эгаллаб олинган ҳудудларда янги яҳудий маҳаллаларини қурмайди, - дея ваъда қилди Нетаняҳу.

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос: “Нетаняҳунинг чиқиши тинчлик ўрнатиш уринишларига путур етказади”, дея баён қилди.

Ҳамас ҳаракати Исроил раҳабарининг чиқиши “ирқчилик ва экстремистик мафкура”ни акс эттиришини таъкидлади.

Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббс президент Барак Обама Исроил раҳбарининг нутқини олқишлагани ҳамда Яқин Шарқ можаросига икки давлатлик ечим топиш ғоясига содиқ қолишини баён қилди.
XS
SM
MD
LG