Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:35

Ўзбекистон келишувдан бош тортди


Ўзбекистон томони НАТОга тақлид сифатида ташкил этилаётган КХШТ Тезкор кучларининг ташкил этилиши миллий манфаатларга зид келмаслиги лозимлигини таъкидламоқда.
Ўзбекистон томони НАТОга тақлид сифатида ташкил этилаётган КХШТ Тезкор кучларининг ташкил этилиши миллий манфаатларга зид келмаслиги лозимлигини таъкидламоқда.

Якшанба куни Москвада бўлиб ўтган КХШТ саммитида қатнашган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тезкор коллектив кучларни ташкил этиш келишувни имзолашдан бош тортди.

Саммитдан аввал КХШТ матбуот котиби Виталий Струговец Озодлик радиоси билан суҳбатда Ўзбекистоннинг масала хусусидаги позицияси тўртта талабдан иборат эканини гапириб берди.

- Биринчиси, Ўзбекистон мазкур келишув барча аъзо давлатлар томонидан ратификация қилинмагунича, уни вақтинчалик кучга киритишга қаршилик қилмоқда. Лекин, биласиз, халқаро сиёсатда баъзи ҳужжатлар ратификация қилингунича вақтинча кучга киритилганига оид тажриба бор.

Иккинчиси, Ўзбекистон тезкор кучларни ишга солиш қарори, кўпчилик овоз билан эмас, барча аъзо давлатларнинг розилиги билан қабул қилиниши керак демоқда.

Учинчиси, Ўзбекистон тезкор кучларнинг у ёки бу мамлакатга юборилиши миллий қонунларга зид бўлмаслиги лозим демоқда.

Тўртинчиси, Ўзбекистон бу кучларнинг КХШТ ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги конфликтларда ишлатилмаслигини талаб қилмоқда, - дея маълум қилди КХШТ расмийси Озодлик радиосига.

Кузатувчилар Ўзбекистоннинг мазкур келишувга қўшилмаганини Тезкор кучларнинг Тошкент илгари сураётган талабларсиз ташкил этилиши Москванинг Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатларга нисбатан таъсирини, хусусан, уларнинг ички ва ташқи сиёсатига таъсир эта олиш имкониятини сезиларли даражада оширишига оид хавотирлар билан изоҳлашмоқда.

Айни пайтда, НАТОга тақлид сифатида яратилиши кўзда тутилаётган тезкор кучларнинг истиқболлари шубҳа остида қолмоқда, чунки якшанба кунги Москва саммитида Беларус Президенти Александр Лукашенко умуман қатнашмади ва келишувни имзоламади.

Москва етакчилари Тезкор коллектив кучлар Ўзбекистон ва Беларус келишувни имзолмаса ҳам ташкил этилаверишини айтаётган бўлсада, расмий Минск якшанба куни Москвада имзоланган келишувни нолегитим, деб баҳолади.

Бу ҳақда хабар қилган Интерфакс агентлигига кўра, Беларус Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида: “КХШТга аъзо ҳар қандай давлатнинг розилигисиз қабул қилинган қарор қонуний кучга эга эмас”, дейилади.

Беларус раҳбарининг КХШТ саммитини беписанд қолдирганига Россия Беларусда ишлаб чиқарилган сут маҳсулотлари импортини тақиқлаши сабаб бўлди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Ўзбекистон, Беларус ва Россиядан ташқари, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон киради.

15 июн куни эса Екатеринбургда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити бошланади.

Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари иштирокидаги йиғин кун тартибидаги асосий масалалар Шимолий Корея ва Афғонистон экани айтилмоқда.

Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
XS
SM
MD
LG