Линклар

Эрон мухолифати сайлов натижаларидан норози


Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи ўтган ҳафта бўлиб ўтган президентлик сайловида жиддий қонунбузарликлар қайд этилганига оид баёнотлар юзасидан текширув ўтказишга топшириқ берди.

Телевидение орқали чиқиш қилган Али Ҳоманайи ушбу сайловда мағлубиятга учраган номзод Мир Ҳусайн Мусавийни босиқлик ва қонунга риоя қилган ҳолда сайлов юзасидан шикоят билдиришга ундади.

12 июн кунги сайловда Маҳмуд Аҳмадийнажод ғалаба қозонгани эълон қилингандан сўнг ислоҳотчи номзод Мусавийнинг минглаб тарафдорлари Теҳрон ва бошқа шаҳарларда норозилик акциялари уюштирди. Намойишлар чоғида Мусавий тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Мусавий ҳукуматни сайлов натижаларини бекор қилишга чақирмоқда.

Аҳмадийнажод эса жума кунги сайловдаги ғалабаси ҳақонний бўлганини таъкидлади.

Айни пайтда Эрон Ички ишлар вазирлиги Теҳронда ўтказилажак ҳар қандай намойишларни таъқиқлаб қўйди.
XS
SM
MD
LG