Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:13

АҚШнинг Манасдан чиқиш режаси йўқ


 Кузатувчилар фикрича, Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасига янги қўмондон тайинланиши, базанинг Қирғизистондан чиқарилиши ҳақида гапиришга эрта эканидан даракчидир.
Кузатувчилар фикрича, Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасига янги қўмондон тайинланиши, базанинг Қирғизистондан чиқарилиши ҳақида гапиришга эрта эканидан даракчидир.

Қирғизистондаги айрим оммавий ахборот воситалари 15 июн куни Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базаси Пентагондан мамлакатни тарк этиш тўғрисида буйруқ олгани ҳақидаги маълумот тарқатди. Аммо...

Бироқ айни шу куни Бишкекдаги АҚШ базаси қўмондони вазифасига тайинланган полковник Блейн Ҳолт бу маълумотни рад этди.

Бишкекдаги АҚШ базасининг янги қўмондони Блейн Ҳолт, базадан айрим ускуналар олиб чиқиб кетилгани¸ аммо шу кунгача расмий Вашингтондан Қирғизистонни тарк этишга тайёрланиш тўғрисида ҳеч қандай буйруқ олинмаганини айтди.

“Менинг билишимча, бу масала ҳозир олий даражадаги расмийлар томонидан муҳокама қилинмоқда”, деди Блейн Ҳолт.

АҚШ ҳарбийларига кўра, Бишкекдаги база Афғонистондаги барқарорликни сақлашда алоҳида аҳамиятга эга.

Биргина ўтган йили база орқали Афғонистонга ва АҚШга 189 минг ҳарбий олиб ўтилган, ҳарбий учоқлар 6 минг 370 маротаба ҳавога кўтарилган.

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги берган маълумотда айтилишича, базада 600 нафар қирғизистонлик ҳам меҳнат қилади. База бир йилда Қирғизистонга 60 миллион долларлик фойда келтирмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, база қўмондонлигини ўз ҳамкасбига топшириш маросимида нутқ сўзлаган Бишкекдаги АҚШ базаси собиқ раҳбари Кристофер Бенс ҳарбий база Қирғизистондан чиқарилмаслигига умид билдирди.

Шунингдек, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай, кейинроқ эса АҚШ президенти Барак Обама президент Бакиевга мактуб йўллаб, Бишкекдаги АҚШ базасини сақлаб қолиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган эдилар.

Ҳозирча расмий Бишкек ҳар қандай ҳолатда ҳам базани мамлакатдан чиқариш тўғрисида қонун қабул қилингани ва у бажарилиши шартлигини таъкидлаб келмоқда.

Қирғиз парламентининг бир қатор депутатлари эса қирғиз ҳукуматининг бундай баёнотларига шубҳа билдирмоқдалар.

- Ҳарбийларнинг ҳали-бери кетиш ҳаракати йўқ. Аскарлар аввалгидай хизмат ўтамоқдалар, базага янги қўмондон тайинланяпти.

Шунинг учун мен ҳукуматдан АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қонун аниқ бажарилишини таъминлашни талаб қиламан, деди парламентдаги коммунистлар фракцияси раҳбари Исҳоқ Масалиев.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар эса¸ расмий Бишкек 2009 йил январ ойида Вашингтонни АҚШ базасини мамлакатдан чиқарилиши тўғрисида қарор тайёрланаётгани борасида матбуотда пайдо бўлган хабарлар асоссиз эканига ишонтиргани, бироқ орадан бир ой ҳам ўтмай базани чиқариш тўғрисида қонун қабул қилинганини эсга оладилар.

Сиёсатшунослар фикрича, расмий Бишкек ҳозир яна шундай сиёсий ўйин олиб бормоқда.

Сиёсатшунос Алексей Князевга кўра, бундан мақсад Вашингтондан кўпроқ моддий ёрдам ундиришдир.

Сиёсатшунос Марс Сариев эса базанинг Қирғизистонда қолиши масаласи юзасидан томонлар келишувга эришган, бугунги кунда бу база учун тўланадиган ижара ҳақи миқдори муҳокама этилмоқда, деган фикрда.

- Бу масалада тарафлар муросага келганлар. Тарафлар деганда Россия, АҚШ ва Қирғизистонни назарда тутяпман. Бунга Ҳамид Карзай ва Барак Обаманинг расмий Бишкекка йўллаган мактублари ҳам далили бўла олади, деди Марс Сариев.

Бишкекка АҚШ ҳарбий ҳаво базаси 2001 йилнинг декабрида жойлаштирилган эди.

Қирғизистон ҳукумати жорий йилнинг 3 февралида Бишкекдаги АҚШ базасини 18 августгача мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Президент Қурмонбек Бакиев расмий Вашингтоннинг ижара ҳақини кўпайтиришга рози бўлмагани АҚШ базасини чиқариш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинишига туртки берганини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG