Линклар

Эрон: ислоҳотчилар намойишларни давом эттирди


Эрон Ички ишлар вазирлигининг намойишларга таъқиқ жорий этишига қарамай ислоҳотчи номзод Мусавийнинг мингга яқин тарафдори бугун Теҳронда норозилик намойиши уюштирди.

Хабарларга кўра, намойишчилар Мусавийнинг чиқиш қилиши кутилаётган Теҳрондаги Инқилоб майдони томон юриш қилган.

Ройтерс ахборот агентлиги эса Мусавий ва президент Аҳмадийнажод тарафдорлари ўртасида муштлашувлар рўй бергани тўғрисида хабар тарқатди.

Бундан бир оз аввал Эрон Ички ишлар вазирлиги Теҳрондаги ҳар қандай намойишларни таъқиқлаб қўйган эди.

Шунингдек, бугун Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи ўтган ҳафта бўлиб ўтган президентлик сайловида жиддий қонунбузарликлар қайд этилганига оид баёнотлар юзасидан текширув ўтказишга топшириқ берди.

Телевидение орқали чиқиш қилган Али Ҳоманайи ушбу сайловда мағлубиятга учраган номзод Мир Ҳусайн Мусавийни босиқлик ва қонунга риоя қилган ҳолда сайлов юзасидан шикоят билдиришга ундади.

12 июн кунги сайловда Маҳмуд Аҳмадийнажод ғалаба қозонгани эълон қилингандан сўнг ислоҳотчи номзод Мусавийнинг минглаб тарафдорлари Теҳрон ва бошқа шаҳарларда норозилик акциялари уюштирди. Намойишлар чоғида Мусавий тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Мусавий ҳукуматни сайлов натижаларини бекор қилишга чақирмоқда.

Аҳмадийнажод эса жума кунги сайловдаги ғалабаси ҳақонний бўлганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG