Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:33

Юзга кирганга юз грамм


Паспортига ишонилса¸ тўрткўллик Тўтихон ая дунëдаги энг кекса одамлардан бири ва унинг ҳам ҳокимият¸ ҳам ўз чевара-эваралари ардоғида яшаëтгани айтилмоқда.
Паспортига ишонилса¸ тўрткўллик Тўтихон ая дунëдаги энг кекса одамлардан бири ва унинг ҳам ҳокимият¸ ҳам ўз чевара-эваралари ардоғида яшаëтгани айтилмоқда.

Кексаларга ғамхўрлик қилиш¸ ўзбек жамияти таянадиган қадриятлардан саналади. Айтилишича¸ Ўзбекистонда ҳокимият идоралари бу анъанага содиқ қолиш истагида¸ баъзан кулгили воқеаларга ҳам эшик очмоқдалар.

Ўзбекистонда бировга тилак тилар эканмиз¸ юз билан юзлашсин¸ 110 га ўрнашсин¸ деймиз.

Дунëдаги энг узоқ умр кўрган аëлнинг Ўзбекистонда истиқомат қилиши ҳисобга олинса¸ бу тилак ижобатига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Аммо умр фақат тилак билан узаймайди. Аввало тақдир¸ қолаверса мўйсафидларга катта эътибор лозим.

Ўзбекистонда 80 дан ошиб¸ 90 га тўқнашиб¸ 100 билан юзлашганларга ëрдам бериш ҳақида ҳукумат қарори бор.

Бундан ташқари¸ ҳокимиятлар тавсиясига кўра¸ ширкатлар ëши бир жойга борганлар ҳолидан хабардор бўлишмоқда.

Масалан¸ Бухоро ароқ заводи 100 ëшдан ошганларни бир яшик ароқ ва бир яшик вино билан сийлади.

Яшиклардаги ароқ-виноларнинг сони эгасига етгунча анча камайиб қолгани ҳисобга олинмаса¸ ҳадя олган 100 ëшли ватандошларимиз хурсанд.

100 га кирган отахону-онахонлар Бухорода¸ элга оши софий бериб тўй қилишади.

Тўйга эса тўëна билан келинади. Топган бир даста гул¸ топмаган бир боғ пиëз¸ дегандай.

100 ëшга кирганлар ҳолидан хабар олинсун¸ деган ҳокимият топшириғини олган Бухоро ароқ заводи шотирлари нима совға қилиш борасида калла қотиришмаган чоғи¸ уларнинг ҳадяси кулгига сабаб бўлди¸ дейди бухоролик уй бекаси Адибахон.

- 100 ëшдан ошганларга байрам муносабати билан ҳомий ташкилотларга топшириқ берилган. Улар ароқ¸ вино каби маҳсулотларни бериб чиқишган. Ҳомий ташкилотлардан биттаси вино ишлаб чиқариш акционерлик жамияти бўлган.

Қўшнимизнинг онаси 100 ëшдан ўтган экан. Қўшнимизнинг келиб кулиб айтиши бўйича¸ кампирларни шунақа узоқ яшагани учун¸ қария бўлганлиги учун байрам билан табриклаб тўрттадан ароқ ва вино бериб чиқишипти¸ дейди Адибахон.

Адибахон айтган ҳикоя қаҳрамонлари беадаблик қилишибди. Яхшиям улар чўчқа боқадиган ферма мудирлари эмас экан¸ деб гап бошлади тошкентлик Комрон Алиев.

- Бухородаги ҳомийларнинг ароқ ва вино олиб бориб бериши бу беадабликнинг бир кўриниши. Балки бирор нарсага алмаштиришар¸ бирор енгиллик бўлар деган нуқтаи-назардан шундай яхшилик қилинган.

Лекин бу маълум даражада бу масалага беэътиборлик билан қараш ва лоқайдликнинг бир кўринишидан иборат. Ҳар ҳолда ароқ-вино чиқарадиган ташкилотлар анча бой ҳисобланади. Улар бу нарсани охиригача мардлик қилиб чиройлироқ формада етказиши ҳам мумкин эди¸ дейди Комрон Алиев.

Комрон Алиевнинг бу гапига яна бир суҳбатдошимиз¸ наманганлик аëл қўшилди.

-Унинг ўрнига фойдалироқ нарса – унми¸ ëғми берса бўлмайдими? Ëки бўлмаса ўша нарсанинг пули берилса¸ ўзларининг камчиликларини тўлдиришарди.

Мен бунақа нарсани нотўғри деб ўйлайман. Қариялар “беришди” деб севинишган бўлиши мумкин. Қариялар ароқни қаëққа олиб бориб сотади¸ нима қилади? Бирор бир ўғли бўлса¸ ичиб¸ қайтанга ëмонлик келтирадию¸ дейди наманганлик аëл.

Ўзбекистонда ëши 100 дан ошганлар рўйхатга олинган ва уларнинг ҳолидан¸ аëлу эркаклигидан қатъий назар¸ биринчи навбатда ҳукумат хабар олади¸ дейди Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги мулозимаси Мўътабар Сатторова.

- 100 ëшдан қарияларимиз бизнинг республикамизда жуда ҳам иззат-ҳурматда. Ҳар байрамда 100 ëшдан ошган қарияларимизни туман ижтимоий таъминот бўлимлари¸ ҳокимликлар бориб табриклаб келади.

80 ëшдан ошгандан кейин улар ўзгалар парваришига муҳтож бўлиб қолади. Уларга биринчи гуруҳ ногиронларига тенг имтиëзлар берилади¸ дейди Мўътабар Сатторова.

Мўътабар Сатторовага кўра¸ Ўзбекистондаги ҳар бир чол ва кампир ҳукуматнинг шафқати остида.

Суҳбатлашганимиз наманганлик аëл эса ëши бир жойга борган бувисининг ҳукуматдан ëрдам ола олмаганини айтади.

- Масалан¸ менинг абамнинг дадалари бор. Ëши 82 да. Ўғиллари йўқ¸ тўртта қизлари бор. Ëрдам берилади¸ дейдию¸ лекин маҳалла қўмитасига борсалар ëрдам берилмайди.

Ҳатто пенсияларини ҳам вақтида олаëтганлари йўқ. “Сизларга пул берай дейман¸ вақтида олиб келишмаяпти. Яна свет ва газга ушлаб қолишипти” деб менга айтиб хафа бўлдилар.

Озодлик: Мана Наврўз байрамида¸ Ҳайит байрамларида ҳомий ташкилотлар келиб ҳолидан хабар олган пайтлари бўлдими?

- Йўқ¸ мен бунақа нарсани эслай олмайман. Фақат 2006 йилда бувим ўлганларида бир марта ëрдам беришган. Ўлганларидан кейин қанчадир ой пенсияларини беришган.

“Ўғлингиз йўқ¸ сизга ëрдам пули берилади” деб айтиладию¸ сўраб борсалар¸ берилмайди. У кишига неваралари¸ яъни менинг опаларим қарашади. Қарайдигани борларга ëрдам пули берилади¸ дейди наманганлик суҳбатдош.

Бу наманганлик синглимиз билдирган маълумот эди. Инсоф юзасидан Тошкентдаги Нуроний деб номланган шифохонада кекса беморлар бепул даволанаëтганини ҳам айтиб қўйишимиз лозим.

Ўзбекистонда 100 ëшдан ошганлар сони ҳақида "Нуроний" ташкилотидан маълумот олдик.

- 100 ëшлилар 1 апрел ҳолатига бизда 2213 нафар эди¸ дейди "Нуроний" ташкилоти ходимаси.

"Нуроний" ташкилотидаги бу маълумот 2009 йил апрел ойигача бўлган даврни ўз ичига олгани боис таҳрирталаб. Яъни ўтган бир ярим ой ичида 100 ëшга кирганлар қатордан хато бўлгандир балки.

Агар паспортидаги ëзувга ишонилса¸ дунëдаги энг узун умр кўрган аëл 129 яшар Тўти Юсупова. У Ўзбекистон шимолидаги Тўрткўл шаҳрида яшайди.

Тўти Юсупова ҳақида бундан олти ой аввал сизга хабар берган эдик. Бу аëл омонми¸ деб Тўрткўл ҳокимиятига телефон қилдик.

- Соғ-омон. Эрталаб омон эди. Яхши¸ юрибди¸ деди Тўрткўл ҳокимияти мулозими.

Тўрткўл ҳокимияти мулозимига кўра¸ Тўти Юсуповадан ҳокимият мунтазам хабар олиб турибди.

Мамлакатнинг шимол ҳудудларида тўй-ҳашамга ароқ-вино кўтариб бориш айб ҳисобланмайди¸ аммо тўрткўллик амаки учун ҳам 100 ëшдан ошганларни ароқ билан сийлаш ҳаддан ташқари ғаройиб бўлиб туюлди.

- Қарияларга бунақа совға тўғри келмайдику. Қарияларга бунақа совға ҳам бериб бўладими¸ дейди тўрткўллик амаки.

Бухоролик Адибахон ҳикоясининг яна бир қирраси бор. Совғага келтирилган яшикдаги ароқлар завод эшигидан чиққанда 20 та эдию¸ эгасининг қўлига етиб борганида тўрттага тушиб қолди.

Бунга ўхшаган ҳолат Хоразмда ҳам юз берди. Қарияларга совғага берилган чинни сервис ичидаги финжонлар сони биттага камайиб қолди. Олтита эди¸ бешта бўлди.

Хоразмлик кекса журналист Константин Аксенов финжонларни ҳокимият мулозими ўғирлаб қўйганини аниқлаб мақола ҳам ëзди.

Таҳлилчи Комрон Алиев назарида¸ етим-есирларга¸ бева-бечораларга бериладиган ëрдамдан уриб қолишга бугунги ўзбек мулозимларининг бети чидагани ҳам кунимиз манзарасининг бир бўлагидир.

Бу вақтга келиб 100 ëшга кирганига юзта олган бухоролик умргузаронлар уйида тўй тонггача давом этди.

- Бувига совға бўлади. Кейин буви уни набираю ўғилларига совға қилиб дастурхонга қўяди.

Менимча¸ “Умрингиз узун бўлсин¸ яна шунақа нарсалардан келиб турсин” деб ният ҳам билдиришган бўлса керак.

Ароқ-винога ўғиллари¸ набиралари¸ келинлари байрам қилган бўлса керак. Кампирлар бу нарсани ича олмайдику¸ дейди Адибахон.

Кампир баҳонаю набираларни хурсанд бўлгани қолди.

Байт будир. Бода кирган уйга қайғу кирмағай.
XS
SM
MD
LG