Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

Латта ҳидими ëки ахборот хуружи?


Хонобод ва Андижондаги портлашлардан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасини қўриқлаш фавқулодда кучайтирилди.
Хонобод ва Андижондаги портлашлардан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасини қўриқлаш фавқулодда кучайтирилди.

26 май воқеаларидан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасида бошланган ғайриоддий жараëнларни таҳлил қилиш асносида айрим кузатувчилар¸ икки давлатнинг эълон қилинмаган уруш ëқасига келиб қолганини даъво қилмоқдалар.

- Икки халқ: ўзбек ва қирғизларни бир-бири билан тўқнаштиришни истаётган кучлар бор. Мана шундай шароитда Сиз журналистлар масалага оғир-босиқлик билан ёндошишинглар керак,- деб ўгит берди Озодлик билан суҳбат чоғида Қирғизистон республикаси Дипломатия академияси профессори Ўрўзбек Мўлдалиев.

Жаноб Мўлдалиевни суҳбатга тортишимизга Қирғизистон матбуотида сўнгги кунларда пайдо бўлган баъзи мақолалардан “латта ҳиди келаётгани” сабаб бўлди.

“Репортер-Бишкек” газетасининг сўнгги сонида профессор Мўлдалиев билан ўтказилган суҳбат босилди.

Унда қирғизистонлик сиёсатшунос Тошкент-Бишкек муносабатларига тўхталар экан, “Ўзбекистон минтақавий масалаларни куч билан ечишга ҳаракат қилмоқда”, деган.

Нимани назарда тутгансиз, деб сўрадик Ўрўзбек Мўлдалиевдан.

У ўзбек-қирғиз чегараси ҳануз делимитацияланмаганини эслатиб ўтар экан:

- Агар икки давлат ўртасидаги масалалар сўзлашувлар йўли билан ҳал қилинганида эди, қўшнилар ўзбошимчалик билан чегара мана бу жойдан ўтади¸ демас эди, чегарада одамларни отмас эди.

Мана шуларни назарда тутган эдим, Ўзбекистон масалаларни куч билан ҳал қилишга уринмоқда, деганимда, деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Профессор Мўлдалиевнинг айтганларига, у ишлайдиган Дипломатия академиясидаги ҳамкасби бошқа бир гапни айтмаганида, тўхталмас эдик.

Академия аспиранти Руслан Акматбекнинг “Қирғизистон-Ўзбекистон: эълон қилинмаган уруш ҳолатидами?” сарлавҳали мақоласини www.24.kg сайти 15 июн куни босди.

Мақолада айнан мана бу абзац бор:

“Шу кунда чегаранинг ҳар икки томонида воқеалар ривожининг турли версиялари - Тўқтағул сув омборига ўзбек десанти ташланишидан тортиб, ўзбек армиясининг Қирғизистон ҳудудига қурол билан бостириб киришигача муҳокама қилинмоқда”.

Қирғиз Дипломатия академияси аспирантининг бу гапини шарҳлаб беришни шу ўқув юртининг профессоридан, бояги суҳбатдошимиз, Ўрўзбек Мўлдалиевдан сўрадик.

- Бирон бир аспирантимизнинг баёноти¸ Дипломатия академияси баёноти дегани эмас. Бу ўша аспирантнинг уйдирмасидир. Чунки Ўзбекистон ҳеч қачон Қирғизистонга қарши ҳарбий куч ишлатмайди¸ дейди профессор Мўлдалиев.

Қирғизистонга “Ўзбекистоннинг десант ташлаши” тўғрисида россиялик экспертлар кўпдан бери айтиб юради, бундай экспертлар Қирғизистонда ҳам йўқ эмас, деб давом этди қирғизистонлик олим.

- Бу провокациядир, деди Мўлдалиев.

Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Мирослав Ниёзов Ўзбекистон ҳукумати чегарадаги ўз ҳаракатлари билан оддий фуқаро шуурида Тошкент қурол ишлатиши мумкин, деган шубҳани пайдо қилиб қўйди, дер экан:

- Новкен тумани чегарасидаги баҳсли Чек қишлоғи Ўзбекистон томонидан куч ишлатиб тортиб олинди, қирғизистонлик фуқароларнинг ўғирланиши, ўлдирилиши каби воқеалар юз берди, дейди Мирослав Ниёзов.

Мана шу фактларнинг ҳаммаси жам бўлиб, қўшнининг нияти агрессив, деган фикрни пайдо қилиши мумкин, деди Қирғизистон республикаси Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсум Сатпаев Ўзбекистоннинг ўз қўшнисига қарши қурол ишлатиш эҳтимолини инкор этмайди.

- Чунки Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида муросага интилишдан кўра агрессияга мойилликни намойиш қилмоқда, дейди Дўсум Сатпаев.

Лекин, деб давом этди у¸ гап тўлақонли ҳарбий агрессия устида эмас, балки аввал ҳам бўлганидек, радикал қуролли гуруҳга қарши зарба бериш баҳона қўшнининг ҳудудига кириш эҳтимоли устида бориши мумкин.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев эса, мана бу фикрни билдирди.

- Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати Тўқтағул сув омборига десант ташлаши мумкин ëки бўлмаса ўзининг қуролли кучларини Қирғизистон ҳудудига киритиши мумкин¸ деган нарсага ишониш қийин.

Сабаби¸ ҳар ҳолда Ислом Каримовдан ташқари бошқа амалдорлар ҳам бор. Булар ўзининг обрўсини¸ манфаатини ҳимоя қилиб¸ иложи борича бунақа авантюраларга йўл қўймаслик учун бор ҳаракатини қилади деган фикрдаман¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Унинг фикрича, Қирғизистон матбуотида пайдо бўлаётган ваҳимали материаллар 26 май куни Андижон ва Хонободда юз берган воқеалардан сўнг Қирғизистонга қарши Ўзбекистонда бошланган информацион хуружга жавоб тариқасида эълон қилинаётган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG