Линклар

Хоҳламасанг катта кўча...

  • Алишер Сиддиқ

Кузатувчиларга кўра¸ Екатеринбург саммитида Ўзбекистон ШҲТ га раислик навбатини кўп ҳам иштиëқсиз қабул қилмоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ Екатеринбург саммитида Ўзбекистон ШҲТ га раислик навбатини кўп ҳам иштиëқсиз қабул қилмоқда.

Якшанба куни Москва рижосини рад этган Ислом Каримов¸ душанба куни шу йўналишда яна бир ҳаракатга қўл урди ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик навбатини ҳам ўзига хос¸ ўзига мос шартлар билан қабул қилди.

15 июн куни Екатеринбург шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг икки кунлик саммити иш бошлади.

Россия, Хитой ва Марказий Осиёнинг Туркманистондан ташқари барча давлатларини ўз ичига олган ушбу ташкилотга келаси бир йил давомида Ўзбекистон раислик қилади. Ушбу вазифага киришишдан аввал президент Каримовнинг аъзо давлатларга қилган биринчи “совғаси” ташкилотнинг банклараро бирлашмасига раислик қилишдан бош тортиши бўлди.

Екатеринбургда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланишидан бир кун аввал Москвага келган президент Каримов Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида Тезкор коллектив кучларни ташкил этиш келишувини ҳам имзоламади.

Ўтган йил охирида, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқиб кетди, МДҲ га аъзо давлатлар раҳбарларининг бир неча учрашувини бойкот қилди.

ШҲТ га раисликни ҳам расмий Тошкент ўз шартлари асосида қабул қилиб олмоқда.

Расмий Тошкент буни давлат манфаатлари йўлида олиб борилаётган қатъий ташқи сиёсат деб билади. Айрим таҳлилчилар фикрича¸ бу аксинча¸ расмий Тошкент ташқи сиёсатининг заифлиги ва ноқобиллиги билан боғлиқ.

Келаси бир йил давомида ШҲТ га раислик қиладиган Ўзбекистон ташкилотнинг банклараро бирлашмасига раислик қилишдан бош тортар экан, Екатеринбургдаги саммитни кузатаётган журналист Аркадий Дубнов фикрича, бу мамлакат молия тизимининг халқаро ҳамкорликка тайёр эмаслигини билвосита тан олишдан бошқа нарса эмас.

- Ўзбекистон ушбу тор соҳадаги вазифани ҳам адо этишга қодир эмас, буни хоҳламайди ҳам. Ўзбекистон молия тизими даражаси Қозоғистон, Хитой ва Россиядан анча паст.

ШҲТ нинг молия соҳасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга Ўзбекистон ўзида тажриба йўқлигини англайди¸ дейди Аркадий Дубнов.

Ташқи сиёсат жабҳасида Ўзбекистон музокара қилиш мушкул ва ҳатти-ҳаракатларини олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган давлат сифатида танилган.

Россия стратегик тадқиқотлар институтининг таҳлилчиси Аждар Куртов фикрича, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка алоҳида ёндошуви унинг ўз мустақиллигини ҳар қандай масалада мутлақо устувор қўйиши билан боғлиқ.

- Бу ҳолат Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ўз зиммасига аниқ мажбурият олишдан бош тортаётганига сабаб бўлаяпти.

Буни эса Ўзбекистон қудратли давлатлар ўртасида қандайдир мувозанат сақлаётгани билан оқлаб келади.

Ўзбекистон ўзига хос йўлдан боришга ҳаракат қилаяпти. Аммо¸ ҳозирча¸ бу билан бирор нарсага эришганини кўрмаяпмиз¸ дейди Аждар Куртов.

Таҳлилчилар фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишга Ўзбекистон кучли иштиёқ билдириб келаётгани ҳам йўқ эди.

Россия, Хитой ва Қозоғистондан ташқари қолган давлатлар учун ШҲТ га раислик қилиш¸ саммитларни уюштириш ва бу тадбирлар билан боғлиқ қўшимча сарф-харажатдан ўзга нарса эмас, дейди москвалик сиёсий шарҳловчи Санобар Шерматова.

Ҳозирча Шанхай ҳамкорлик ташкилотига нисбатан Ўзбекистон қуюшқондан чиқиб ҳаракат қилгани йўқ. Шерматованинг фикрича, ушбу ташкилот Ўзбекистонга Хитой билан ҳамкорлик қилиш имконини берувчи восита бўлиб қолмоқда.

- Хитой ва ШҲТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳозирча Ўзбекистонни қониқтираяпти. Шунинг учун Ўзбекистоннинг бу ташкилотдан чиқишини мутлақо башорат қилмайман¸ дейди Санобар Шерматова.

Екатеринбургдаги саммит давомида президент Каримов Ўзбекистоннинг ШҲТ га раислиги даврида амалга ошириш кўзда тутилаётган вазифаларни эълон қилади.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ўз қўшнилари Тожикистон ва Қирғизистон билан тортишиб келаётган сув-энергетика муаммосини ўз фойдасига ҳал этишга уринади.

Айни пайтда Хитой¸ Россия ва Қозоғистон ўртасида ҳам Қора Интиш дарёси устида ўхшаш тортишувлар мавжуд.

Шу боис¸ Аждар Куртов фикрича, трансчегаравий дарёлар статусини белгилаш масаласини Хитой кун тартибига чиқаришни истамайди.

ШҲТ нинг икки кун давом этадиган саммити давомида давлат раҳбарлари Афғонистон ва Шимолий Кореядаги вазиятни ҳам муҳокама этадилар.

Россия президенти ёрдамчиси Сергей Приходьконинг таъкидича, учрашувлар давомида Афғонистонга юк транзити масаласида ШҲТ нинг Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилади.

ШҲТ саммит ниҳоясида Екатеринбург декларацияси қабул қилинади. Аммо анжуманни бевосита ëритаëтган журналистлар унда оламшумул баёнотлар қилиниши кутилмаётганини айтишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG