Линклар

Ўзбекистонда ҳақталаблар кўпаймоқда


Расмий маълумотларга кўра, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини талаб қилган истеъмолчиларнинг асосий қисми савдо соҳасидан шикоят қилганлар.

Расмий маълумотларга кўра, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини талаб қилган истеъмолчиларнинг асосий қисми савдо соҳасидан шикоят қилганлар.

Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилга нисбатан ўз ҳуқуқларини талаб қилувчи истеъмолчилар сони 46 фоизга ошган ва аризачиларга етказилган 12 миллиард сўмлик зарар ундириб берилган.

Ўзбекистон монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси хабар қилишича, ўзбек истеъмолчиларининг, асосан, савдо, коммунал хизмат, электр энергия, транспорт ва коммуникация соҳалари бўйича шикоятлари кўпайган.

Хоразм вилояти Питнак шаҳрида яшовчи Болтабой Бобожонов истеъмолчи сифатида савдо соҳасидаги хизматдан қониқмаслигини айтади.

- Чек берилмайди. Масалан, ҳар бир товарда истеъмол қилиш муддати деган нарса бўлади. Бизнинг бозор ва дўконлардаги товарларда унақа нарса ëзилган жойи йўқ.

Тош-тарозини ҳам ҳеч ким назорат қилмайди. Бир кило нарса олсангиз 300 граммгача кам чиқади.

Бозорга борамиз. Масалан, бозордан консерва олдим дейлик. Уни олиб келиб очсам¸ ичи сасиб кетган. Уни кимга олиб бориб берасиз? 1000 сўмга олдингизми¸ 10 минг сўмга олдингизми бу пулни сизга ҳеч ким қайтиб бермайди, - дейди Болтабой Бобожонов.

Амалдаги қонунларга кўра, истеъмолчи харид қилган маҳсулоти ёқмаса, сифатсиз чиқса, алмаштириш ёки пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Лекин ўзбек истеъмолчилари бундай ҳолатлар Ўзбекистонда деярли кузатилмаслигини, шунингдек, сотилган маҳсулот учун чек бермаслик, истеъмолчига сифатни тасдиқловчи сертификатни тақдим этмаслик каби қонунбузарликлар ҳам кўплаб кузатилишини айтишади.

Ўзбекистон монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида истеъмолчилардан тушган аризаларнинг энг кўпи (38 %) савдо соҳаси бўйича бўлган.

Мазкур ташкилотнинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходими Парда Нуриллаевга кўра, қашқадарёлик истеъмолчилар аризаларининг ҳам 32 фоизи айнан савдо соҳаси бўйичадир.

- Баъзи жойларда ун ва ëғ нисбатан қиммат нархда сотилган. Бу нарса ўрганилиб¸ истеъмолчиларга пуллари қайтариб берилди, - деди Парда Нуриллаев.

Шунингдек, мамлакат бўйича истеъмолчилардан тушган аризаларнинг 33 фоизи коммунал хизмат соҳаси ва 12 фоизи электр энергия, транспорт ва коммуникация соҳаси бўйича бўлган.

Тошкент вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходимига кўра, вилоят аҳлидан кўпроқ газ масалалари бўйича шикоятлар келади.

- Вилоят ҳудудий бирлашмасига, масалан, 20 та ариза келди дейдиган бўлсак¸ шунинг 80-90 фоизи газ масаласи бўйича. Нореал қарздорлик.

Ҳисоблагич кўрсаткичи бўйича қарзи йўқ¸ лекин назоратчи келиб “100-200 минг сўм қарзинг бор. Тўлаб қўйгин”, деб талаб қилади.

Биз буни кўриб чиққанимизда нореал қарздорликлар қўйилганлиги аниқланди. Ўша қарздорликни акт қилиб бекор қилдиртираяпмиз, -деди ташкилот ходими.

Наманган вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходими ҳам коммунал хизматлар бўйича шикоятлар кўплигини айтади.

- Газдан муаммоси бўлгани газдан¸ телефондан муаммоси бўлгани телефондан шикоят қилади. Шунингдек, турли ташкилотлардаги сансалорликлар бўйича, масалан, кейинги пайтларда ГАИ нотўғри ëзган бўлса¸ ГАИдан ҳам шикоят қилишлар кўпайган, - дейди ташкилот ходими.

Лекин суҳбатдошга кўра, Наманган вилояти аҳолиси орасида ҳануз истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини билмайдиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади.

- Юз фоиз аҳолига тушунтириб бўлмаяпти. Мана ҳозир пластик карточкалардан кўп эътироз билдиришаяпти. Лекин ариза қилиб кам одам келади-да.

Кўпчилик шикояти ижобий ҳал бўлишига ишонмайди, - дейди Наманган вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходими.

Бироқ Тошкент вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходими эса фуқаролар орасида истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини билиш ҳолатлари купайганлигини айтади.

- Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиб ëзаëтган аризаларида талаблар ҳам ўзгарган. Олдин “Менинг газимни узиб қўйишди. Газимни улатиб беринг”, деб ëзишган бўлса¸ ҳозир “Менинг газимни узиб қўйишди. Газимни улатиб беринг ва менга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириб беринг”, деб ëзишмоқда, - дейди ташкилот ходими.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, 2008 йилда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига истеъмолчилардан ўн мингга яқин шикоят аризаси келиб тушган бўлиб, уларнинг 97 фоизи истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган, яъни ўтган йили истеъмолчиларга 12 миллиард сўмдан ортиқ зарар ундириб берилган.
XS
SM
MD
LG