Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:53

Тожикистон уран саноатини тикламоқчи


Мутахассислар фикрича, радиоактив моддалар чиқиндихоналарини бартараф этмай туриб Тожикистонда уран ишлаб чиқаришни қайта тиклаш минтақа экологиясига катта зиён етказади.
Мутахассислар фикрича, радиоактив моддалар чиқиндихоналарини бартараф этмай туриб Тожикистонда уран ишлаб чиқаришни қайта тиклаш минтақа экологиясига катта зиён етказади.

Тожикистонда уранни қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этган Россия томони, айни пайтда расмий Тошкент билан уран маҳсулотлари ва хом-ашёсини Ўзбекистон орқали транзит қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятининг Чкалов шаҳрида жойлашган “Востокредмет” давлат корхонасида яқин кунларда уранни қайта ишлаш бошланади.

Корхона бош директори ўринбосари Музаффар Юнусовнинг айтишича, бу борада Россия - Тожикистон қўшма корхонаси ташкил этилган.

Дастлабки келишувга биноан ҳарбий саноат учун зарур бўлган хом ашё уран қолдиқларидан олиниши назарда тутилган.

Музаффар Юнусовнинг айтишича, айни пайтда бу иш билан боғлиқ муаммо пайдо бўлган. Бу ҳам бўлса, қўшни Ўзбекистон уран билан боғлиқ бўлган маҳсулот ва хом ашёларни ўз ҳудудидан ўтказишни таъқиқлаган.

- Бугун биз қардош Ўзбекистон томонидан пайдо бўлган муаммони ҳис этмоқдамиз.

Гап шундаки, уранни қайта ишлаш билан боғлиқ баъзи маҳсулот ва хом-ашёлар борки, уларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб ўтиш учун, қўшни давлат парламентидан ижозат олиш керак.

Афсуски¸ Ўзбекистон расмийлари бунга ижозат беришмаяпти, дейди Музаффар Юнусов.

Унинг сўзларига кўра, қўшма корхона бўйича ҳамкор Россия томони ушбу муаммо билан шуғулланиб, Ўзбекистонда музокаралар олиб бормоқда.

Экологларнинг таъкидлашларича, минтақада уранни қайта ишлаш бошланса, атроф - муҳит ва инсон саломатлигига жиддий зиён етказилади.

- Минтақадаги уран чиқиндихоналари минтақага жиддий хавф туғдирмоқда. Чунки чиқиндихоналар дарё ва сойлар ёнида жойлашган.

Ҳозир вилоятда 55 миллион тонна радиоактив моддалар чиқиндиси бор. Бу радиацияли чиқиндихоналар 170 гектар майдонда жойлашган. Агар чиқиндихоналар очилса, даҳшатли бир «аждаҳони” жонлантирамиз.

Мана шу муамони ҳал қилмай, янгисини пайдо қиляпмиз. Россияликларга бунинг аҳамияти йўқ. Уларга тайёр маҳсулот керак.

Уран қолдиқлари минтақага қандай оғир оқибатлар олиб келиши уларни қизиқтирмайди, дейди вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси етакчи мутахассиси Асқар Абдувалиев.

2008 йил май ойида Тожикистон президенти жаҳондаги уран заҳираларининг 14 фоизи республикада мавжудлиги ва яқин орада бу конлар ишга туширилишини айтган эди.

Бироқ Тожикистон ядровий физика институтининг Сўғд вилояти бўлими директори Нуъмон Ҳакимовнинг айтишича, уран заҳиралари қаерда ва қайси минтақада мавжудлиги ҳеч кимга маълум эмас.

- Мен республика президенти қайси заҳиралар хақида гапирганини билмайман.Умуман бундай заҳиралар қаерда мавжудлиги ҳам ҳеч кимга маълум эмас.

Чунки Сўғд вилоятида мавжуд бўлган уран заҳиралари ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаёқ тугаб, 90- йилларда хом ашё асосан Қозоғистон ва Россиядан олиб келинарди, дейди Нуъмон Ҳакимов.

Олимнинг фикрича, республика раҳбариятининг сўнгги пайтларда уран ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилишига урғу бераётгани, қўшнилар олдида устунликка эришишга интилишдан бошқа нарса эмас.

Жумладан, яқинда Тожикистон ва Хитой давлатлари ўртасида ҳам, уранни қайта ишлаш борасида шартнома имзоланганлиги ҳақида хабар олинди.

Бироқ мазкур шартнома ҳақидаги тафсилотлардан олимлар ҳам бехабар.
XS
SM
MD
LG