Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:48

Бозоргул Эсмералдага айланди


Ўзбекистон телеканалларида намойиш этилаётган ўнлаб хорижий телесериаллар миллат руҳиятига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон телеканалларида намойиш этилаётган ўнлаб хорижий телесериаллар миллат руҳиятига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар орасида янги туғилган фарзандларига Эсмералда, Камилла, Алия, Самир, Жуманг, Шохруҳхон каби хориж сериалларидаги қаҳрамонлар исмларини қўйиш урф бўлаётир.

Хоразмлик 58 ёшли Рўзагул опанинг 9 фарзанди, 15 невараси бор. Рўзагул опа фарзандлари ва невараларининг барчасига замонавий исмлар қўйганлигини айтади.

- Худога шукур¸ 15 неварам бор. Ҳаммасига энг замонавий исмлар қўйганман. Қиз невараларимни Фарангиз¸ Нигина¸ Динара¸ Сабина¸ Жасмина каби исмлар билан атаганман.

“Шайтанат” деган кинодан қизиқиб¸ ўғил невараларимдан бирига Асадбек деб исм қўйганман. Невараларим катта бўлганда¸ исмидан уялиб юрмасин¸ деб яхши исмлардан қўйганман, дейди Рўзагул опа.

“Шайтанат” сериали телеэкранларга чиққач¸ хоразмлик онахон сингари фарзандларига Асадбек исмини қўйганлар кўпайгани кузатилди.

Gazeta.uz интернет сайтининг маълум қилишича, кейинги пайтда ўзбек ота-оталари орасида ўз фарзандларига хориж сериаллари қаҳрамонларининг исмларини қўйиши урф бўлаяпти. Масалан, ўзбек оилаларида Эсмералда, Камилла, Алия, Самир, Шоҳруҳхон, Амирхон, Райҳон, Жуманг исмли фарзандлар улғаймоқда.

Қашқадарёлик Юлдуз опа исмли суҳбатдошимиз замонавий исмларнинг кўпчилиги маъносиз эканлигини айтади.

- Биз томонда исмнинг маъносига эътибор беришмайди. Оҳанги чиройли бўлса бўлди¸ қўйиб юбораверишади. Олдин унақа эмас эди.

Ҳозир ëшлар кўпроқ замонавий исмни қўйишади¸ лекин исмнинг маъносини билишмайди. Олдинлари исмни маъносига қараб қўйишарди, дейди қашқадарёлик аёл.

Юлдуз опага кўра, Қашқадарёда ҳозир ҳам фарзандларига анънавий исмлар қўйиш ҳоллари учраб туради.

- Рўза ойларида туғилган бўлса¸ қиз бола бўлса¸ Рўзигул¸ ўғил бола бўлса¸ Рўзимурод қўйишади. Сафар ойида туғилса¸ қиз болага Сафия¸ ўғил болага Сафар деб исм қўйилади. Бу нарса ҳали ҳам бор.

Бозор кунлари туғилган бўлса¸ Бозорбой деб қўйишади. Йўлда туғилган бўлса¸ Йўлчи деб қўйишади. Бирор қариндошининг тўйи куни туғилса¸ ўғил болага Тўйчи¸ қиз болага Тўйчиой деб исм қўйишади, дейди Юлдуз опа.

Ўзбек оилаларида фарзандларини машҳур хонандаларнинг исмлари билан аташ анънага айланиб улгургани кузатилади.

Хоразмлик Рўзагул опа ҳам неваралари орасида ҳам хонандаларнинг исмлари билан аталганлари борлигини айтади.

- Ўғил невараларимдан бирига Раҳматжон Қурбоновга ўхшаган артист бўлсин деб Раҳматжон деб исм қўйганман. Яна бирига Бобомурод Ҳамадамовга ўхшасин деб Бобомурод деб исм қўйганман, дейди Рўзагул опа.

Тошкентда нашр этиладиган “21 аср” газетаси маълумотларига кўра, ўтган йили пойтахтда туғилган ўғил болаларга қўйилган исмлар орасида Абдулла, Абдураҳмон, Асилбек, Асфандиёр, Абдулазиз, Билолиддин, Бекзод, Беҳрўз, Жаҳонгир, Имрон, Иброҳим, Нурмуҳаммад, Муҳаммад, Муҳаммадамин, Муҳаммадали, Муҳаммадюсуф, Мифтоҳиддин, Мироншоҳ, Муҳаммадазиз, Саидамирхон, Шаҳбоз, Шоҳрўз, Шаҳзодбек, Фирдавс, Фарҳод, Фаррух, Билол, Зелимхон, Зубайр, Довуд, Ойбек, Умид, Самандар каби исмлар кўпроқ учрайди.

Ўтган йили туғилган тошкентлик қизалоқлар орасида эса Асал, Амина, Анора, Ансора, Ясмина, Робия, Робиябону, Сабина, Сабрина, Самира, Саида, Солиҳа, София, Севинч, Рухсора, Рухшона, Муслима, Мадина, Макнуна, Мухлиса, Мафтуна, Маъсуна, Комила, Камола, Фарангиз, Фарзона, Нозанин, Зарина, Забаржад, Шокира, Ширин, Хадича, Муниса, Марям, Мубина, Имрона, Нигора, Маржона, Фарида, Малика, Феруза, Шаҳризода, Осиёхон, Одина, Зайтуна, Эъзоза каби исмлар кўпчиликни ташкил қилади.

“21 аср” газетасининг ёзишича, кейинги пайтда Ўзбекистонда “хон”, “бону”, “бегим”, “зода”, “хўжа”, “бек”, “саид” каби қўшимчалар қўшилган исмлар ҳам кенг тарқалаяпти.

Маълумотларга кўра, 2008 йилда Ўзбекистонда 336 708 ўғил ва 317 623 қиз бола туғилган.
XS
SM
MD
LG