Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:45

Тоҳир Йўлдошнинг яралангани айтилмоқда


Йиллардан бери Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорлари Покистоннинг қабилалар назоратидаги ҳудудларида бошпана топиб келмоқда.
Йиллардан бери Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорлари Покистоннинг қабилалар назоратидаги ҳудудларида бошпана топиб келмоқда.

Исломобод расмийсига кўра¸ Покистон армиясининг Жанубий Вазиристонда амалга ошираëтган ҳаво ҳужумлари чоғида ўнлаб ўзбек жангарилари ўлдирилган¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдош эса¸ жароҳатланган.

Бу ҳақдаги хабарни 16 июн куни Озодлик билан суҳбатда Покистон армияси матбуот котиби генерал Аҳтар Аббос тасдиқлади.

Озодлик:
Айрим ахборот агентликлари Покистон армиясининг сўнгги амалиëтлари давомида Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг яралангани ҳақда хабар тарқатди. Сиз шу хабарни тасдиқлайсизми?

Генерал Аббос: Ҳа¸ мен бу хабарни тасдиқлайман. Жанубий Вазиристондан олганимиз хабарга кўра¸ минтақадаги ҳаво ҳужумлари чоғида ўзбек жангарилари етакчиларидан бири жароҳатланган.

Озодлик: Бу амалиëтлар айнан қайси минтақада бормоқда ва Тоҳир Йўлдошнинг жароҳатлангани ҳақдаги хабар Жанубий Вазиристоннинг қай қисмидан келди?

Генерал Аббос: Бу амалиëтлар Жанубий Вазиристоннинг Макин деб номланган ҳудудида бормоқда ва Тоҳир Йўлдош ҳам айни шу ҳудудда яраланган.

Озодлик:
Мазкур амалиëтларга оид бошқа яна қандай тафсилотлар бор? Ҳужумлар чоғида ўзбек жангарилари орасида ўлганлар ҳам борми?

Генерал Аббос: Ҳа¸ ўзбек жангариларининг Макиндаги машқ лагерига махсус ҳужум уюштирилди ва олинган хабарларга кўра¸ амалиëтлар давомида ўзбек жангариларидан 31 таси йўқ қилинган.

Озодлик: Тоҳир Йўлдошнинг яралангани ҳақда фақат бир манба хабар қилдими ëки унинг жароҳатланганини тасдиқловчи бошқа жиҳатлар ҳам борми?

Генерал Аббос: Йўқ¸ ҳозирча ўзбек жангарилари лагерига қилинган ҳужум давомида кўплаб жангариларнинг ўлдирилгани ва Тоҳир Йўлдошнинг жароҳатлангани ҳақда¸ алоҳида олинган бир хабар бор¸ холос.

Озодлик: Тоҳир Йўлдошнинг яралангани¸ сизнингча¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолиятига таъсир кўрсатадими?

Генерал Аббос: Ҳам¸ менимча унинг жароҳатланиши Жанубий Вазиристондаги ўзбек жангарилари фаолиятига таъсир қилмай қолмайди. Аммо ҳозирча унинг қанчалик жиддий яралангани аниқ эмас¸ кўп нарса шунга боғлиқ. Аммо минтақадаги ўзбек жангарилари сўнгги амалиëтлар чоғида махсус нишонга олинди ва ўлдирилди. Ҳозирча биз Сват ва Малокандаги жангарилар¸ хусусан ўзбекларга қарши фақат ҳаводан туриб зарба бермоқдамиз ва бу амалиëтлар яна давом этади.

Ҳозирга келиб Покистон армиясининг асосий нишонларидан бирига айланган аксар ўзбек жангарилари¸ айтилишича¸ Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати остида бирлашган. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Наманганда Адолат гуруҳи ташкил қилиб¸ 90-йиллар бошида Ўзбекистонда исломий давлат бўлиши талаби билан намойиш ўтказган Тоҳир Йўлдош¸ Ислом Каримов 1992 йилда президент этиб сайланганидан кейин¸ қўшни Тожикистонга қочиб ўтди ва бу ерда Ўзбекистон исломий ҳаракатига асос солди.

Узоқ вақт Тожикистоннинг Тавилдара туманидан туриб¸ тожик мужоҳидлари сафида қуролли кураш олиб борган Тоҳир Йўлдош¸ сўнгра Афғонистонга ўтди ва айрим хабарларга кўра¸ толибоннинг ишончли шерикларидан бирига айланди.

АҚШ қўшинлари 2001 йил кузида Афғонистонга қарши уруш бошлагач¸ Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аксар аъзолари Покистоннинг қабилалар назоратидаги ҳудудларидан бошпа топди. Ҳаракат қўмондони Жума Намангонийнинг Афғонистондаги ҳаво амалиëтлари чоғида нобуд бўлгани тахмин қилинади.

Бундан аввал ҳам Тоҳир Йўлдошнинг бир неча бор яралангани ҳақда хабарлар тарқаган¸ аммо кўп ўтмай ҳаракат томонидан рад этилган эди.

Ал-Қоидага алоқадор саналадиган Ўзбекистон исломий ҳаракати халқаро майдондаги террорчи гуруҳлар рўйхатига қўшилган.
XS
SM
MD
LG