Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:20

Мустақиллик: Хоразмийга дўнган Ленин


Совет иттифоқи тарқагач¸ аксар собиқ ўлкаларда Ленин ҳайкаллари бузиб ташланган бўлса¸ Ўзбекистонда унинг бошига салла кийғизиб¸ алломага айлантиришди.
Совет иттифоқи тарқагач¸ аксар собиқ ўлкаларда Ленин ҳайкаллари бузиб ташланган бўлса¸ Ўзбекистонда унинг бошига салла кийғизиб¸ алломага айлантиришди.

Ўзбекистонда давлат сиëсати ҳам¸ иқтисод ҳам¸ хавфсизлигу мафкура ҳам тўлиғича бир қўлда марказлашгани эски гап. Аммо мустақилликдан бери ҳайкаллар бошига тушаëтган саргардонликлар ортида ҳам шу қўл турганидан хабардормисиз?

Бир ҳафта муқаддам – 10 июн куни Ўзбекистон президенти “Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган асосий тантаналарни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга биноан юбилей тантаналари Мустақиллик байрами билан бир кунда ўтказилади. Хабарларга қараганда, юбилей объектларида шу кунда иш қизғин. Байрамга эса, оз фурсат қолди.

Вақт тиғизлигида муаммонинг кутилмаган ечимлари ўйлаб топилади.

Тошкентнинг тўйини Мустақиллик тўйига қўшиб юборганини Оқсарой нима деб изоҳлаганидан хабаримиз йўқ.

Ҳар ҳолда инқироз ҳукм суриб турган бир пайтда¸ икки марта ош еб ўтирмайлик, дейишгандирда.

Умуман, ўзбек тежамкор келади.

90-йиллар бошида Владимир Ленин номидаги Урганч давлат университетидан пролетариат доҳийси номи олиб ташланадиган бўлди.

Университетга Ал-Хоразмий номи берилди.

Шу муносабат билан ўқув юрти ҳовлисига ўрнатилган янгигина Ленин ҳайкалини олиб ташлаб, ўрнига Хоразмийникини ўрнатиш вазифаси кўндаланг бўлди.

Халқ орасида ҳануз юрадиган гапларга қараганда, ҳайкалтарош масалани жуда жўн ҳал қилган: Лениннинг бошига салла қўндириб, иягидаги соқолни каттайтирганда, пальтони чопонга айлантириб қўйган.

Бу шунчаки бир латифами ё чиндан ҳам бўлганми?

Бу саволни хоразмлик бир рассомга бердик.

- Бўлиши мумкин. Не исключаю(эҳтимолдан соқит қилмайман - таҳр.)¸ дейдику.

Озодлик: Мана сиз ўзингиз ҳам рассом одам экансиз. Нима учун "не исключаете"?

- Энди бизда юриб тургани шу. Нима дейди¸ осонроқ йўлини топишади¸ маблағидан қочишади. Янгисини қилай деса¸ маблағ керак.

Сиз айтаëтган вариантда эса соқол қўйишади¸ салла қўйишади¸ қошини¸ бурнини ўзгартиришади. Шу билан кичкина харажат билан битади¸ дейди хоразмлик рассом.

Ҳа, ҳайкалнинг тили йўқ. Мен Ленин эдим¸ Хоразмий бўлолмайман, деёлмайди.

Ҳайкалларнинг саргузаштлари тўғрисида гапираяпмиз.

Ҳайкалнинг тили йўқ. Кўчирсалар ҳам индолмайди.

Мустақиллик йилларида Тошкентнинг энг катта майдонларидан бирида турган Максим Горький ҳайкали Литературний институтининг ҳовлисига, Марказқўм биноси олидаги Юрий Гагарин Чилонзорга, “Халқлар дўстлиги”нинг олдидаги етимпарвар Шомаҳмудовлар бир этак болалари билан ипподром томонга бадарға қилинди.

Андижон вилоят ҳокимлиги олдидаги майдонга кўрк бўлиб турган Заҳириддин Бобур ҳам бошқа жойга кўчирилганини бугун бир тингловчимиздан эшитдик.

- Ҳайкал 2005 йилда жойида эди. Андижоннинг темир йўл вокзалининг рўпарасида Конституция майдони деб¸ арка қилинган эди.

2005 йил 13 май воқеаларидан кейин майдонни бузиб ташлаб¸ ҳайкални олиб¸ ҳозир ўша ерга олиб бориб шимол томонга¸ яъни вокзал томонга қаратиб қўйилган. Ҳозир ўша ер Бобур майдони деб аталаяпти¸ дейди бу тингловчимиз.

Шаҳар раҳбарияти ҳайкал нима учун кўчирилганини шаҳар аҳлига яхши тушунтирмаган шекилли, халқ ўзича ҳар хил, баъзан эса, хавфли тахминларга бормоқда.

Масалан¸ яна бир андижонлик бу тингловчимизнинг айтишича, Бобурнинг ҳайкали ё "акрамий" бўлиб қолгани учун ёки кети ҳокимиятга бўлиб қолгани учун жойидан кўчирилган.

Ҳар ҳолда андижонликлар орасида юрадиган гап бу.

Ҳайкалнинг "акрамий"га айланиб қолганига ишониш қийин, албатта. Яна ким билади, дейсиз. Лекин кети билан ҳокимиятга бўлиб қолгани рост.

Шунинг учун ҳам мамлакат раҳбари ҳар бир ҳайкални ўрнатишга шахсан бош-қош бўлиб туради.

Мана у кишининг ўтган йили ёруққа чиққан китобида ёзгани.

“1993 йили Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиëбонига ўрнатиладиган ҳайкални илк бор муҳокама қилганимиз эсимда. Ҳайкалтарошлар тақдим этган вариантда соҳибқирон қўлига найза тутган ҳолда тасвирланган эди.

Мен бунга эътироз билдириб “Соҳибқирон бобомиз қўлида найза эмас¸ отнинг жиловини тутиб тургани маъқул” деган фикрни билдирдим. Бунинг рамзий маъноси бор.

Чунки салтанатда найза кўтарган одамлар кўп бўлган. Аммо жилов Амир Темурнинг қўлида бўлган. Бу мустаҳклам давлат тизимини қўлда маҳкам тутиб туришни англатади”. (Юксак маънавият – енгилмас куч китобидан)

Ҳа, ўшанда давлат раҳбари бебош ҳайкалтарошнинг гапига кириб, Амир Темурга найза ушлатиб қўйса¸ нима бўларди?!

Умуман, совет давридаги анъаналарга оғишмай амал қилиб келинаётган бугунги Ўзбекистонда ҳар қандай санъатнинг, жумладан ҳайкалтарошликнинг ҳам жилови ишончли қўлларда.

Аниқроғи ишончли қўлда. Битта қўлда.

Фақат қўл қўлдир, қўл кўз эмас, дид эмас, деб куюнади тошкентлик ҳамкасбим Абдураҳмон ва Ўзбекистоннинг номер биринчи ҳайкали – пойтахтнинг Мустақиллик майдонидаги “Ўзбекистон глобуси” пойига ўтқазиб қўйилган онахон ҳақида гапиради.

- Глобус тагида бола қучоқлаб турган “Бахтиëр она” ҳайкали ўрнатилди. Лекин ўша она бахтиëрга ўхшамайди.

Бола қучоқлаб ўтирган аëл эри Россияга кетган аëл деган ўхшатма¸ “Мотамсаро она” ҳайкалини эса боласи Ҳизбут-Таҳрирда қамалиб кетган онанинг ҳайкали деган ўхшатмалар қилишади.

Бу ерда кўзга ташланадиган битта жиҳат бор: ҳайкалларнинг асосий маъмори президент Ислом Каримов¸ дейди Абдураҳмон.

Нимаям дердик. Меъмор бўлса бўлақолсин. Ана тунов куни, президент бўлмасаям, Владимир Путин ҳам Глазунов деган рассомга бир картинасини кўратуриб, қаҳрамонингизга қиличнинг ўрнига пакки ушлатиб қўйибсиз, деб танбеҳ бердику?!

Фақат, бир нарса одамни ўйлантиради: Нима учун бош меъморнинг кўрсатмаси билан ясалган “Бахтиёр она” ҳайкали эри Россияга ишлагани кетган хотинни эслатаверади?
XS
SM
MD
LG