Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:16

Эрон: Қайта сайлов талаби кучаймоқда


Расмий таъқиққа қарамай¸ сешанба куни Мусавий тарафдорлари Теҳрон марказида яна норозилик юриши ўтказдилар.
Расмий таъқиққа қарамай¸ сешанба куни Мусавий тарафдорлари Теҳрон марказида яна норозилик юриши ўтказдилар.

Эрон президентлик сайловида ютқизгани айтилган ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавий ўз тарафдорларини¸ кучайиб бораëтган босимга қарамай¸ пайшанба куни кенг кўламли норозилик намойишига чорлади.

Эрондаги энг қудратли қуролли тузилма бўлмиш Ислом инқилоби қўриқчилари гвардияси мамлакатда президентлик сайловидан сўнг юзага чиққан вазиятнинг интернетда ëритилишига жиддий эътироз билдирди.

Олий руҳоний Оятуллоҳ Ҳоманайигагина ҳисоб берадиган гвардия Эрондаги вазият ҳақда ахборот тарқатаëтган веб саҳифалар ва блоглардан “кескинлик оловига мой қуядиган” материалларни олиб ташлашни талаб қилди ва акс ҳолда уларни қонун олдида жавоб беришдан огоҳлантирди.

Эрондаги ислоҳотчи мухолифатга қарашли вебсайтлар¸ шунингдек Facebook ва Twitter каби очиқ фикрлашув тармоқлари Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорларининг ўзаро ахборот алмашинув маконига айланди.

Норозилик чиқишларининг қачон ва қаерда бўлишга оид муҳим маълумотлар ҳам¸ айнан шу тармоқлар воситасида тарқалаëтган эди. Ҳукумат сешанба куни хорижий ахборот воситаларининг норозилик чиқишларини ëритишини таъқиқлагач¸ айнан шу тармоқлар ташқи дунë учун ҳам ахборот олишнинг асосий манбаига айланди.

Эндиликда бу тармоқлар¸ шунингдек SMS хабарлар тарқатилиши ҳам¸ чоршанба кунги хабарларга қараганда¸ Эрон ҳукумати томонидан тўсилмоқда.

Буларнинг барини Эрон раҳбарияти 12 июн кунги сайловларда иқтидордаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ғалабаси эълон қилинганидан сўнг юзага чиққан сиëсий бўҳронни бостириш мақсадида қилинмоқда.

Шанба кундан буëн расман сайловда ютқизгани айтилган собиқ бош вазир Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорлари норозилик намойишларини давом эттирмоқдалар.

Ички ишлар вазирлигининг намойишларни таъқиқлаганига қарамай¸ душанба куни Теҳрон кўчаларига Мусавийнинг бир миллиондан ошиқ тарафдорлари чиқди. Намойиш чоғида 7 одамнинг нобуд бўлгани муносабати билан Мусавий ўз тарафдорларини сешанба кунги намойишни бекор қилишга чақирса-да¸ сешанба куннинг иккинчи ярмида яна сайлов натижасига норозилик билдириш мақсадида ўн минглаб эронликлар Теҳрон марказида тўпландилар.

Мухолифат тарафдорлари ҳовурини олий конституцион суд мақомида бўлган Посбонлар кенгашининг норозиликка сабаб бўлган участкалардаги овозларни қайта санаш ҳақдаги қарори ҳам боса олмади.

Мусавий ва унинг тарафдорлари мамлакатда янгидан ҳалол ва шаффоф президентлик сайлови ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Сешанба куни бу талабга Тинчлик бўйича халқаро Нобел мукофоти совриндори¸ эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ширин Ибодий ҳам қўшилди.

- Мен ҳозирги шароитда овозларни қайта санаш муаммога ечим бўлишига ишонмайман. Мамлакатда халқаро кузатувчилар назорати остида янгидан сайлов ўтказиш лозим. Бу жараëнни рақобатчи томонларнинг бари кузатиши ва сайлов қутиларига ташланган халқ овози ҳалол саналиши лозим¸ деди Озодлик билан суҳбатда Ибодий хоним.

Эрон ҳукуматининг норозиликни бостириш ҳаракатлари ва мухолифат талабига сал бўлса-да ëн бериб¸ овозларни қайта санаш қарори¸ ҳозирча кескинликни тарқатишга муваффақ бўла олмади.

Айрим кузатувчилар¸ 1979 йилги Ислом инқилобидан бери илк бор ўз кучини ҳис қилган оддий эронликларни ўз талабидан қайтариб¸ уйларига ҳайдашнинг энди оғир бўлажагини айтмоқдалар.

Бундайлар орасида¸ Ислом инқилоби тахтдан ағдарган Эрон шоҳининг АҚШда яшаëтган вориси Ризо Паҳлавий ҳам бор.

- Образли қилиб айтсак¸ жин кўзадан чиқиб бўлди. Бу гал одамлар ўз ғазабидан тушиб¸ уриниб кўрдик¸ аммо бундан ҳеч нарса чиқмади¸ деган таслимчилик билан уйларига қайтмайдилар. Менимча¸ халқ ўз талабини қўйишда яна давом этади¸ дейди Эрон тахтининг қувғиндаги вориси Ризо Паҳлавий.

Жаҳон раҳбарлари Эронда сайловлардан сўнг юзага чиққан сиëсий вазиятга эҳтиëткорлик билан муносабат билдирмоқдалар.

Сешанба куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Екатерингург саммитида меҳмон мақомида иштирок этган Маҳмуд Аҳмадийнажодни сайловдаги ғалабаси билан қутлаган Россия президенти Дмитрий Медведев¸ Эрондаги вазият мамлакатнинг ўз ички иши эканини таъкидлади.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам халқ талаби ва эътирозлари инобатга олинишига умид билдирган ҳолда¸ Эрон ички ишларига аралашув¸ деган айбловга асос бўлувчи баëнотлар қилишдан сақланишини билдирди.
XS
SM
MD
LG