Линклар

logo-print

Тошкент - Бишкек: Даҳанаки жанг давом этмоқда

  • Сарвар Усмон

Оддий халқ ва ҳатто чегарачилар¸ Тошкент ва Бишкек ўртасида бораëтган келишмовчилик қурбонларига айланмоқда.

Оддий халқ ва ҳатто чегарачилар¸ Тошкент ва Бишкек ўртасида бораëтган келишмовчилик қурбонларига айланмоқда.

“Ўзбекистон республикаси Чегара қўшинлари Қирғизистон махсус хизматларининг ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазиятни таранглаштираётганидан ҳайрон қолмоқда”. 16 май куни Регнум ахборот агентлиги тарқатган хабар мана шу гап билан бошланади.

Регнумнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги бир манбага таяниб хабар қилишича, 2 июн куни Қирғизистон республикаси¸ Боткен вилояти¸ Қадамжой туманидаги Пулгон чегара масканида Ўзбекистон Чегара хизматининг икки аскари: кичик сержантлар Ш. Ҳасанов ва М. Бозоровлар қўлга олинган.

Ўзбек чегарачиларининг ушланиши тафсилотларига тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Гап масаланинг бошқа жиҳатида.

Ўша жиҳат тўғрисида гапиришдан олдин ўзбек-қирғиз чегарасининг тилга олинган участкасида юз берган яна бир воқеани эшитинг. Фарғоналик тингловчимиз гапиради.

- Чегарачининг хўжайини бор. Уриб¸ анжирини чиқариб¸ чегарачиларга борадиган озиқ-овқатларнинг машинасини селсоветнинг ичига олиб кириб қўйса¸ ҳукумат индамай томоша қилаверса¸ буни қандай тушуниш керак? Ўзбек халқини бунақа ем қилиб беришга кимнинг ҳаққи бор?

Озодлик: Қирғизистонликлар ўзбек чегарачисининг бошлиғини шунақа қилишдими?

- Қирғизистон чегарачилар эмас¸ Қирғизистон селсоветининг раиси. Уларда энди ҳокимиятда. Унинг нима ҳаққи бор? Чегаранинг бошлиғини уриб¸ ранжитиб¸ адойи тамом қилиб¸ башарасини бузиб....¸ дейди фарғоналик тингловчимиз.

Фарғоналик тингловчимизнинг ҳис-ҳаяжонга тўла гапларини мана шу жойда уздик.

У киши айтаётган воқеа Регнумнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси айтаётган воқеами ё бошқами – билмаймиз.

Ўзбекистон ёпиқ мамлакат. Ҳар қандай маълумот кўз қорачиғидай асралади. Ҳатто ўз фуқаросини бировлар хафа қилгани тўғрисидаги маълумотлар ҳам.

Айни пайтда¸ ўзбек чегарачилари ҳам “қараб ўтирмагани”ни эслатишни инсоф тақозо этади. 7 июн куни ўзбек чегарачилари отиб ташлаган қирғизистонлик 29 яшар Улуғбек Жўрахонов билан боғлиқ воқеани эсланг.

Андижон-Хонобод воқеаларидан кейиноқ Ўзбекистон Қирғизистонни айблади ва Регнумнинг кечаги хабарини ўша айбловнинг давоми деб тушуниш мумкин.

Айни пайтда Қирғизистон ҳам баъзи сиёсатчиларининг тили билан жавоб қайтариб турибди.

Ўша сиёсатчилардан бири Қирғизистон парламенти – Жўғўрқу Кенеш депутати Қабай Қарабековдир.

“Андижон вилоятидаги портлашларни Ўзбекистон махсус хизматлари уюштирган, деган гумонлар бор”, деган фикр ўша депутатники.

Жаноб Қарабеков Озодлик саволларига жавоб берди.

Депутатдан ана шундай гумон қилиш учун асосларингиз борми, деб сўрадик.

- Биринчидан, иш жуда қўпол қилинди, иккинчидан, воқеалар режалаштирилганга ўхшаб кўринди. Кимлиги тушунарсиз қандайдир кучлар э йўқ, бе йўқ ўт очавермайди.

Хуллас, бу бир ўйин бўлди, махсус хизматларнинг ҳаммаси ҳам бир хилда ишлайди, дейди Қабай Қарабеков.

Қирғизистонлик депутат билан узоқ суҳбатлашдик. Унинг хулосаси шуки, Андижон-Хонобод воқеаларини Ўзбекистон махсус хизматлари сув-энергетика масалаларида Қирғизистонга босим ўтказиш учун уюштирган бўлиши мумкин.

Агар чиндан ҳам шундай бўладиган бўлса, демак, икки давлат чегара хизматлари “асирга” тушираётган аскар-зобитлар, чегарачиларнинг ўқига учаётган оддий фуқаролар икки давлат ўртасидаги геосиёсий муҳораба алангасига ташланаётган қуруқ ўтинлар бўлиб чиқади.

Хўш, бу аланга сўнадими-сўндириладими?

Икки қўшни давлат президентларининг куни кеча бўлиб ўтган Екатеринбург саммити арафасида Москвада учрашиб олгани тўғрисидаги хабарга қараганда, саволимизга “Ҳа”, деган жавоб топилишига умид бор.

Учрашув тўғрисида “Время новостей” мухбири Озодликка мана бундай хабар қилди:

- Каримов билан Бакиев биринчи навбатда ўзбек-қирғиз чегарасида бунёд этилаётган фортификацион иншоотлар: хандақ ва девор масаласида бир-бирини тушуниб олишга эришдилар.

Каримов ўша иншоотларнинг Қирғизистонга қарши қаратилмаганини, балки чегара олди нолегал савдоси билан шуғулланадиган ва айни пайтда ҳокимиятга кўз тика бошлаган Ўзбекистоннинг ўзидаги молиявий-сиёсий гуруҳга қарши қаратилганини гўёки айтиб ўтган, деди Аркадий Дубнов.

Агар москвалик журналист берган маълумотдаги “гўёки” писандаси олиб ташланса, шунча кундан давом этаётган даҳанаки жанг икки пулга қиммат бўлиб чиқади.

Масала ечимини мутлақо бошқа томондан излашга тўғри келади.

Лекин бу энди бошқа мақола мавзуидир.
XS
SM
MD
LG