Линклар

Теҳронда норозилик намойишлари давом этаётир


Эрондаги президентлик сайловида ютқизгани айтилаëтган Мир Ҳусайн Мусавийнинг ўн минглаб тарафдори сайлов натижаларига қарши бугун Теҳрон марказида норозилик намойиши ўтказди.

Намойишчилар Мусавий расми ва яшил рангдаги байроқларни кўтариб, марказий кўчада юриш қилдилар. Гувоҳларнинг айтишича, намойишчилар колоннаси бир неча километргача чўзилган.

Аҳмадийнажоднинг жума кунги сайловда ғолиб, деб эълон қилиниши Теҳрон ва бошқа шаҳарлардаги норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи сайлов овозларини қисман қайта санаб чиқишга рухсат берди. Бироқ ислоҳотчи номзод Мусавий сайлов натижаларининг бекор қилиниши ва қайта сайлов ўтказишни талаб қилмоқда.

Шунингдек, Мусавий намойишлар чоғида ҳалок бўлган фуқароларни хотирлаш мақсадида ўз тарафдорларини пайшанба куни тинч намойишга чиқишга ёки масжидда тўпланишга чақирди.

16 июн куни Эрон ҳукумати мамлакатдаги барча хориж ахборот агентликларига рухсат берилмаган намойишларни ёритишни таъқиқлаб қўйди.

Ислом инқилоби посбонлари корпуси эса намойишлар ҳақда жаҳонга маълумот етказишга уринган интернет сайтлари ва блоггерларга қарши жиддий чоралар қўллаш тўғрисида огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG