Линклар

Раҳмон марҳаматидан қолган вазир ўлди(рилди)


Тожикистон собиқ Ички ишлар вазири Муҳаммадназар Солиҳов яқин-яқингача президент Имомали Раҳмоннинг ишончли одамларидан бири ҳисобланар эди.

Тожикистон собиқ Ички ишлар вазири Муҳаммадназар Солиҳов яқин-яқингача президент Имомали Раҳмоннинг ишончли одамларидан бири ҳисобланар эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра¸ собиқ вазир Муҳаммадназар Солиҳов 17 июн куни ўз уйида ўз жонига ўзи қасд қилди. Аммо марҳум оиласи¸ Солиҳовнинг ўлдирилганини даъво қилмоқдалар.

- Жорий йилнинг 17 июн куни Тожикистон Бош прокуратураси мамлакат собиқ Ички ишлар вазири Муҳаммадназар Солиҳовни Тожикистонда давлат тўнтариши амалга ошириб, ҳокимият тепасига келишга уриниш каби қатор оғир жиноятлар содир қилганликда айблаб, уни ҳибсга олиш борасида санкция берди.

Шундан сўнг Муҳаммадназар Солиҳов Макаров русумли тўппончадан ўзини отди, дея хабар тарқатди 18 июн куни Ички ишлар вазирлиги мулозими Маҳмадулло Асадуллозода.

Муҳаммадназар Солиҳовнинг 12 ёшли ўғли Худойназар Солиҳов Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда отасининг оламдан ўтганини тасдиқлади. Аммо унга кўра, дадаси худкушлик қилмаган.

- 17 июн кечқурун бир гуруҳ номаълум шахслар бизнинг уйга бостириб кирди. Улар дадамни ҳақорат қилишди, таҳдид қилишди. Дадамни ана шу одамлар отиб кетишди, дейди Худойназар Солиҳов.

Муҳаммадназар Солиҳов сўнгги бир неча йил давомида республика Бош прокуратурасида ишлаб келган. Аввалроқ у Тожикистон Контитуцион суди раиси, Ички ишлар вазири, Президент ижроия аппарати раҳбари лавозимида ишлаган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Муҳаммадназар Солиҳов узоқ йиллар президент Имомали Раҳмон атрофидаги энг нуфузли ва қудратли шахслардан бири ҳисобланиб келган.

Жорий йил январ ойида Муҳаммадназар Солиҳов президент фармони билан Ички ишлар вазири вазифасидан озод қилинди. Нуфузли шахснинг ишдан бўшатилиши, жамоатчиликда турли фикрлар туғдирди. Аввалига оммавий ахборот воситаларида унинг уй қамоғида экани ҳақида хабарлар чоп қилинди.

Таҳлилчилар фикрича, Солиҳовнинг ишдан олинишига, биринчи навбатда, унинг президент Имомали Раҳмон ҳақида билдирган танқидий мулоҳазалари асос бўлган.

- Дарҳақиқат Муҳаммадназар Солиҳов Имомали Раҳмон атрофидаги жуда нуфузли шахслардан эди. Бироқ охирги пайтларда у эҳтиёткорликни унутиб қўйди. Чунончи¸ жорий йил бошида Тожикистон-Россия муносабатлари совуқлашганда Солиҳов президент нотўғри сиёсат олиб бораётганлиги ҳақида фикр билдирганди. Солиҳовнинг ўшанда “агар мен президент бўлганимда, Россия этагини маҳкам тутган бўлардим” деган ибораси унинг бошини еди. Орадан бир ҳафта ўтмай, у ишдан бўшатилди, дейди мустақил кузатувчи Хайрулло Мирсаид.

Айни пайтда расмийлар собиқ ички ишлар вазирининг бировлар томонидан ўлдириб кетилганига оид иддаоларни рад қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG