Линклар

logo-print

Президентлик пойгаси бошланди

  • Шерзод

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, 23 июл куни ўтажак сайловларда асосий кураш амалдаги президенти Қурмонбек Бакиев ва собиқ бош вазир Алмазбек Атамбаев ўртасида бўлади.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, 23 июл куни ўтажак сайловларда асосий кураш амалдаги президенти Қурмонбек Бакиев ва собиқ бош вазир Алмазбек Атамбаев ўртасида бўлади.

Жорий йилнинг 18 июн куни Қирғизистонда мамлакат президентлигига номзодларни рўйхатга олиш ишлари поёнига етди. Шу кундан бошлаб номзодларнинг сайловолди тарғибот ишлари бошланди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотга кўра, шу йилнинг 23 июл кунига белгиланган президентлик сайловида қатнашиш учун 22 одам истак билдирган. Улардан 6 нафари ўз аризаларини қайтариб олган, 10 нафари эса турли сабабларга кўра рўйхатга олинмаган.

Шу тариқа бугунги кунда 6 киши президентликка номзод сифатида рўйхатга олинди. Булар Қурмонбек Бакиев, Женишбек Назаралиев, Темир Сариев, Алмазбек Атамбаев, Тўқтайим Уметалиева ва Нурлан Мўтуевдир.

Қирғизистонлик кузатувчилар президентлик сайловида асосий кураш мамлакатнинг амалдаги президенти Қурмонбек Бакиев ва мухолифатдаги социал-демократлар партияси етакчиси Алмаз Атамбаев ўртасида бўлиб ўтишни айтмоқдалар.

- Менимча, сайловларда асосан икки киши - Бакиев ва Атамбаев бир-бири билан курашади. Бошқа номзодларнинг имкониятлари эса озроқ. Номзодлардан бири бўлган Темирбек Сариев ўз номзодини қайтариб олиши ва ўз тарафдорларини Алмазбек Атамбаев учун овоз беришга ундаши мумкин. Назаралиев, Уметалиева, Мўтуевларнинг сайловда ғалаба қозониши учун имконияти деярли йўқ, дейди қирғизистонлик сиёсатшунос Марс Сариев.

Аснода қирғиз мухолифати вакиллари сайловолди ташвиқоти чоғида иқтидордаги шахслар ўз рақибларига қарши турли чораларни ишга солиши мумкинлигидан хавфсирамоқдалар.

Хусусан, президентликка асосий номзодлардан бири Алмазбек Атамбаевнинг ишончли вакили Галина Скрипкина мухолифат тарафдорлари ҳукумат тарафидан босим учраётганини айтади:

- Ҳатто чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи мухолифат тарафдорлари, қишлоқ ҳукумати раҳбарларига ҳам босимлар бўлмоқда. Уларнинг хавфсизлиги ўйлаган ҳолда бу одамларнинг исм-фамилиясини айта олмайман. Бундай воқеалар кўп бўлмоқда, деди Галина Скрипкина.

Бироқ Қирғизистон президенти етакчилик қилаётган “Оқ йўл” партияси раиси ўринбосари Табилди Ўрўзалиев бу айбловларни рад этади. “Репортер-Бишкек” газетасига берган суҳбатида Ўрўзалиев ўз сафдошларининг сайловда мухолифат ғолиб бўлишидан чўчимаётганини, шу сабабли мухолифат тарафдорларига босим бўлаётгани тўғрисидаги гаплар ўринсиз эканини билдирган.

Айни пайтда Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Дамир Лисовский Озодлик билан суҳбатда МСКнинг сайлов жараёнида адолатли ва қонун доирасида иш олиб боришини айтаркан, комиссиянинг “амалдаги президентга ён босаётган”и ҳақидаги иддаоларни рад этди:

- Ҳар кимнинг ўзича муаммоси бор. Қанча одам бўлса шунча муаммо. Улар ўз фикрида қолишаверсин. Биз ўз ишимизни қилаяпмиз. Очиқ ишлаяпмиз. У ёки бу номзодга ёқиш фикри йўқ бизда, деди Дамир Лисовский.

Унинг маълум қилишича, президент сайловлари мониторинги учун мамлакатга мингга яқин халқаро кузатувчилар келади. Сайловни ўтказиш учун 153 миллион сўм (тахминан 4 миллион доллар – таҳр.) маблағ ажратилган.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, президентлик сайлови ҳар 5 йилда ўтказилиши керак. Бу йилги сайлов эса 4 йилда ўтказилмоқда. Президент Қурмонбек Бакиев бу лавозимга 2005 йилнинг ёзида сайланганди.

Бироқ 2009 йил баҳорида мамлакат Конституцион суди мухолифатдаги социал-демократлар партияси вакили бўлмиш депутат Асилбек Жеенбеков аризасини кўриб чиқиб, сайловни жорий йилда ўтказиш тўғрисида қарор чиқарган эди.
XS
SM
MD
LG