Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:28

Теҳрон: Мухолифат мотам юриши бошлади


Мусавий тарафдорлари яшил рангни ўз рамзларига айлантирдилар.
Мусавий тарафдорлари яшил рангни ўз рамзларига айлантирдилар.

Сайлов натижаларига норозилик чоғида ўлдирилганлар хотирасига ҳурмат билдириш мақсадида Эрон ислоҳотчилари пайшанба куни Теҳрон марказида яна кенг кўламли норозилик тадбири ўтказишга киришди.

12 июн кунги президентлик сайловида расман мағлуб бўлгани айтилаëтган ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавий 18 июн кунини миллий мотам куни деб эълон қилди.

Шу куни яна норозилик намойишларини давом эттиришга чорлаган Мусавий¸ ўз тарафдорларидан қурбонлар хотираси учун қора либос кийишни сўради.

Душанба куни ўлдирилган 7 намойишчи хотирасига Мусавий шунингдек масжид ва кўчаларда жимлик сақлаш орқали ҳурмат изҳор этишга ҳам чақирди.

Мухолифат режасига кўра¸ пайшанба куни Мусавий тарафдорлари аввалига БМТ нинг Теҳрондаги идораси олдида тўпланиб¸ сўнгра пойтахт маркази томон мотам юриши қиладилар.

Мусавийга тегишли вебсайтлардан бирининг ëзишича¸ мотам юришида президентликка номзоднинг ўзи ҳам иштирок этади.

Ҳукуматнинг намойишларни таъқиқлаш қарорига қарамай¸ чоршанба куни ҳам Мусавийнинг юз минглаб тарафдорлари Теҳрон бўйлаб юриш ўтказдилар.

Мусавий ва унинг тарафдорлари Эрондаги ҳукмрон табақаларни 12 июн кунги сайлов натижаларини сохталаштириш ва ғалабани Мусавийдан ўғирлаб¸ иқтидордаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажодга берганликда айбламоқдалар.

Эрон ҳукумати хорижий мухбирларнинг мамлакатда сайловлардан сўнг юзага келган сиëсий бўҳрон¸ хусусан мухолифатнинг кенг кўламли норозилик намойишларини кўрсатишини таъқиқлаганидан сўнг¸ халқаро ахборот воситалари воқеалар ривожини асосан фуқароларнинг ўзларидан келаëтган видео¸ сурат ва овозлар ëрдамида ëритмоқдалар.

Ахборот ва фикр алмашинув тармоқлари¸ айни кунларда ҳам Эрон ичкариси¸ ҳам ташқарисидагилар учун маълумот тарқатиш ва олишнинг асосий воситасига айланди.

Озодликнинг форс тилидаги Фардо радиоси телефонларига ҳам қўнғироқ қилиб¸ вазият ҳақда хабар қолдираëтганлар сони кун сайин кўпайиб бормоқда.

- Мен Аҳмадийнажод тарафдорларига ачинаман¸ зотан бизнинг номзодимиз Мусавий сайловларда ғолиб чиқди ва Аҳмадийнажод ўз лавозимида қолиш учун бегуноҳ одамларни ўлдирди. Биз бундан кейин ҳам унга қарши чиқишда давом этамиз ва унинг бегуноҳ одамларни ўлдиришига қараб турмаймиз. Аҳмадийнажод исломий давлат президенти бўлишга лойиқ эмас¸ дейилади овозëзгичда Эрондан қолдирилган аудиоëзувда.

Айни пайтда¸ Мусавий мухолифлари ҳам бундай фаолликни бўшаштирмаëтир.

- Жаноб Мусавий¸ сиз ўзингизнинг президентлик сайловида ғолиб бўлганингизга шубҳа қилмаслигингизни айтаëтирсиз. Буни қаердан биласиз? Жаноб Мусавий¸ шаҳарлардаги суратларингиз бу ҳали сизни ҳамма қўллайди¸ дегани эмас. Бу сизда ўзингизни ташвиқ қилиш учун пул кўплиги белгисидир. Жаноб Мусавий¸ сиз аксилисломчилар етакчиси ва Эрон тузумининг рақиби рамзига айландингиз¸ дейилади Мусавийга қаршилардан бири қолдиган аудиоëзувда.

Айни дақиқаларда¸ Эрон ҳукумати Аҳмадийнажодга қарши кенг кўламли норозиликни ҳовурдан тушириш пайида бўлса¸ Мусавий ва унинг салафлари юзага келган имконни қўлдан бой бермаслик¸ ҳукуматни ўз талабини қабул қилишга мажбурлаш устида бош қотирмоқда.

Мамлакатда қайта президентлик сайлови ўтказилишини талаб қилаëтган ислоҳотчилар¸ айни пайтда ўз тарафдорларига нисбатан босимнинг пасайиши ва қўлга олинган мухолифатчилар озод қилинишини талаб этмоқдалар.

12 июн кунидан бери Эронда Мусавий ва ислоҳотлар тарафдори бўлган ўнлаб фаоллар ҳибсга олинди. Улар орасида Эрон озодлик ҳаракати етакчиси Иброҳим Яздий ва сиëсий шарҳловчи Саид Лайзазлар ҳам бор.

Ҳозирча Эрон раҳбарияти Мусавий талабларини қабул қилиш истагини кўрсатаëтгани йўқ.

Баҳсли сайлов участкаларида овозларни қайта санаш ҳақда қарор чиқарган олий Посбонлар кенгаши¸ сайлов натижаларини бекор этиш талабини ҳозирча рад этмоқда.

Айни пайтда¸ мамлакатда олий конституцион суд мақомида бўлган мазкур кенгаш¸ шанба куни президентлик сайловида ютқизгани айтилаëтган учала номзод¸ шунингдек ғолиб топилган Аҳмадийнажодни ҳам учрашувга чақирган.

Муҳокамалар марказига¸ кенгаш матбуот котиби Аббос Али Худхудойига кўра¸ Аҳмадийнажод рақибларининг сайловларга оид юзлаб шикоятларини кўриб чиқиш масаласи қўйилган.

- Кенгаш аъзолари тегишли идоралардан президентлик сайловининг қандай ўтганига оид тўпланган дастлабки маълумотларни ҳозирлаш¸ келган расмий аризалар ва улар бўйича қилинган ишларга оид ҳисоботни тақдим этишни ҳам сўрадилар¸ деди Худхудойи пайшанба куни.

Эрон Посбонлар кенгаши олти уламо ва олти ҳуқуқшуносдан таркиб топган бўлиб¸ исломий жумҳуриятдаги қонун ва қонунийликка оид сўнгги ҳукм чиқариш ваколати ана шу кенгашга берилган.
XS
SM
MD
LG