Линклар

logo-print

Европа Иттифоқи огоҳликка чорланди

  • Садриддин Ашур

Бундай чақириқларга жавобан жаноб Морел¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти Тошкент билан мулоқот мавзуи эканини таъкидлаб келмоқда.

Бундай чақириқларга жавобан жаноб Морел¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти Тошкент билан мулоқот мавзуи эканини таъкидлаб келмоқда.

Қатор халқаро ҳуқуқ фаоллари иттифоқнинг Марказий Осиë бўйича маъсулига мурожаат қилиб¸ уни Ўзбекистондаги сиëсий тутқунларни озод қилиш борасида лоқайдлик уйқусидан уйғонишга чақирдилар.

Европадаги бир қатор нуфузли инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотлари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пъер Морeлга мактуб йўллаб, диссидент ўзбек шоири Юсуф Жуманинг қамоқдан озод қилинишида кўмаклашишни сўрадилар.

Бу ташкилотлар Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатларида Юсуф Жума тақдири кун тартибининг бош масалаларидан бири бўлишини талаб қилмоқдалар.

Бу мактубга Франциядаги Қийноқлар ва ўлим жазосига қарши миллий ассоциация (АСАТ- France) президенти Анна Сесил Антони, Марказий Oсиёдаги Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси (FIDH) президенти Соуҳайр Белҳассен, Инсон ҳукуқи ҳимоячиларига ёрдам қилиш жамғармаси директори Мери Лолор, Женевадаги қийноқларга қарши халқаро ташкилот бош котиби Эрик Сотта, Ўзбекистондаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева ва яна бир қанча инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро гуруҳ фаоллари имзо чеккан.

Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси етакчиси Надежда Отаеванинг Озодликка айтишича, мактуб Европа Иттифоқининг Юсуф Жумани озод қилишга қаратилган ҳаракатларини тезлаштириш мақсадида ёзилди:

- Юсуф Жуманинг аҳволи ҳозир жуда оғир. Унинг олдига киргани адвокатига ҳам рухсат берилмаяпти.

Юсуф Жуманинг қизи отасини сўнгги бор қамоқда кўрганида, унинг қийноқларга солинганини ва тиббий ёрдамга жуда муҳтож эканлигини ёзган эди.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг бу ҳақда бонг урганлари ҳам натижа бермаяпти.

Шунинг учун биз Пьер Морeлга мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳукумати билан бўладиган ҳар қандай учрашувда бу масалани кўндаланг қўйишни илтмос қилдик, дейди Надежда Отаева.

Отаеванинг айтишича, ўтган йили ўз ташкилоти шу масалада Европа Иттифоқига мурожаат қилган эди.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукумати билан бўлган учрашувида бу масала кўтарилган ва ўзбек томони бу ишни ўрганиб чиқишга ваъда бергани айтилган эди. Бироқ¸ шу пайтгача Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам¸ Европа Иттифоқидан ҳам ҳеч қандай жавоб йўқ:

- Инсон ҳуқуқлари борасида Андижон воқеаларидан кейин Европа Иттифоқи ўзининг принципиал позициясини бир неча бор изҳор қилган эди.

Кейин унинг ўз позициясидан воз кечганлиги, менинг назаримда, кечирилиб бўлмас ҳолатдир. Чунки, Ўзбекистонда сиёсий тутқунлар сони камайиш ўрнига ошиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари гўёки сўнгги нафасларини олишмоқда¸ Европа Иттифоқи эса вазият билан муроса қилмоқда.

Биз Европа Иттифоқига мурожаат қилиб, ана шу лоқайдлик уйқусидан уйғонишга ва Юсуф Жума сингари сиёсий тутқунларни озод қилишда фаол ҳаракат бошлашини талаб қилаяпмиз, дейди Надежда Отаева.

Унинг сўзларига кўра, бу ташкилотлар нафақат Юсуф Жума, балки Ўзбекистон қамоқхонларида сақланаётган ёзувчи Мамадали Маҳмудов, журналист Солижон Абдураҳмонов, инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Аъзам Турғунов ва бошқа сиёсий тутқунларни озод қилишда кўмаклашишни Европа Иттифоқидан мунтазам сўраб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG