Линклар

Қизил хоч сўрови жавобсиз қолмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Женева конвенциясини имзолаган давлат сифатида Ўзбекистон¸ Қизил хоч ва Қизил ярим ой ташкилотларининг мамлакатдаги фаолиятига имкон яратиб бериши лозим.

Женева конвенциясини имзолаган давлат сифатида Ўзбекистон¸ Қизил хоч ва Қизил ярим ой ташкилотларининг мамлакатдаги фаолиятига имкон яратиб бериши лозим.

Диний ва сиëсий эътиқоди учун қамалганлар яқинлари¸ Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқ ва зулмнинг ниҳоятда кучайганидан бонг ураëтган бир пайтда¸ Халқаро Қизил хоч вакиллари асл вазиятдан хабар тополмай ҳалак.

Ўзини Ҳизбут-Таҳрир партиясининг Фарғонадаги аъзосиман, деб таништирган тингловчимиз яқинда Озодлик радиосига мурожаат қилиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида диний ва дунёвий мухолифат аъзоларига нисбатан қийноқлар сўнгги пайтларда кучайиб кетганидан шикоят қилган эди.

- Ўзбекистон қамоқхоналарида диний эътиқод учун қамалганларни ëки дунëвий мухолифат аъзоларининг товони остига дубинка билан уриш¸ уйқусизлик билан қийнаш¸ суткалаб тергов қилиш¸ тирноқларни суғуриб олиш¸ тирноқнинг остига игна тиқиш кучайиб кетди, деган эди бу тингловчимиз.

У бу ҳақда қамоқхонадаги яқинларидан билганини гапирган.

- Диний эътиқоди учун қамалганларга ва дунëвий мухолифат аъзоларига мана шунақа қийноқлар бўлаяптида.

Яна сил¸ ОИТС га ўхшаган ҳар хил юқумли касалликларни юқтириш ҳам кучайиб кетган. Ўзи бу юқтириш ҳаракатлари аввалдан бор эди. Ҳозир жуда ҳам кучайиб кетган.

Эрларининг¸ ака-укаларининг олдига бориб кўриб келганлар шунинг хабарини бераяпти бизга.

Авваллари, ҳаë қилиниб¸ бор ҳақиқат гапирилмади. Эътиқоди учун қамалган биродарларимизнинг орқа томонларига арматура¸ дубинка тиқиш ҳолатлари камдан-кам бўлса ҳам кузатилаëтган эди. Ана шундай ҳолатлар ҳозир оммавий тус олиб кетди¸ деган эди ўтган ҳафта ўз исми очиқланишини истамаган тингловчимиз.

Ўзбекистон қамоқхоналарида диндор маҳбусларнинг қийноқ ва хўрликларга солинаётгани ҳақида Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳига ҳам сўнгги пайтларда кўплаб шикоятлар келиб тушган.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовга кўра, турма ва колониялардан келаётган узлуксиз шикоят ва аризалардан келиб чиқиб¸ у ердаги аҳволнинг нақадар аянчли экани ҳақида хулоса қилиш мумкин..

- Охирги пайтда мен диний эътиқод туфайли қамоқда ўтирганларнинг яқинлари билан кўришдим. Уларнинг гапларига кўра¸ ҳозир ҳам олдингидай қийноқлар мавжуд¸ дейди Суръат Икромов.

Ҳозирча ўзбек қамоқхоналаридаги вазият ҳақидаги умумий тасаввур маҳбусларнинг яқинлари берган маълумотлар асосида шаклланган.

Қамоқхоналарнинг мустақил экспертлар, ҳуқуқ ҳимоячилари тарафидан инспекция қилинишига Ўзбекистон ҳукумати рухсат бермаяпти.
Халқаро Қизил хоч ташкилоти сўнгги бор 2004 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарида инспекция ўтказган эди.

Ташкилот вакиласи Клер Каплуннинг айтишича, қамоқхоналарга ташрифларни таклаш борасида Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашувлар ҳамон давом этмоқда.

- Ўзбекистон қамоқхоналарига ташрифларимиз 2004 йил декабридан тўхтаб қолган. Инспекцияни қайта бошлаш борасида ҳали ҳам ўзбек томони билан сўзлашувларни олиб бораяпмиз.

Тошкентдаги вакилларимиз сўнгги давр мобайнида Ўзбекистондаги айрим қамоқхоналарни кўздан кечиришга муваффақ бўлдилар.

Лекин, биз Ўзбекистондаги барча қамоқхоналарга ташрифларни тиклаш учун рухсат олишга ҳаракат қилаяпмиз, деди Клер Каплун.

Халқаро Қизил хоч ташкилоти сиёсий маҳбуслар сақланадиган қамоқхоналарни ҳам кўздан кечиришга рухсат берилиши талабида.

- Женева конвенциясини имзолаган барча давлатлар халқаро инспекторлар учун барча қамоқхоналари эшикларини очиши ва уларнинг инспекциясига ҳеч қандай шартларсиз рухсат бериши керак.

Биз бошқа давлатлардаги каби, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳам барча қамоқхоналарни инспекция қилиш борасида келишувга эришишга ҳаракат қилаяпмиз.

Бу ерда ҳеч қанақа шарт қўйилмаслиги керак. Агар шартлар қўйиладиган ёки ҳукумат ўзи хоҳлаган қамоқхоналарни кўздан кечиришимизга рухсат берадиган бўлса¸ биз бунга рози бўлмаймиз. Инспекция қонун-қоидаси шундай, дейди Клер Каплун.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятни билиш учун Халқаро Қизил хоч ташкилотига инспекция учун рухсат берилиши кифоя эмас.

Сабаби, Халқаро Қизил хоч ташкилотига Ўзбекистондаги қамоқхоналарни инспекция қилишга рухсат берилгани тақдирда ҳам¸ улар инспекция натижаларини кенг жамоатчиликка очиқламайди.

- Биз ким¸ қачон ва қандай қийноққа учратилганлиги ҳақида уларга ахборот берамиз. Биз уларнинг қайси колонияларга кирганлиги ëки кираëтганлиги тўғрисида хабаримиз йўқ. Аммо¸ Ўзбекистондаги Халқаро Қизил хоч ташкилоти бизлардан анча маълумотларни олади.

Бизлар уларнинг бу маълумотларни ҳеч қачон ошкор қилмаслиги тўғрисида биламиз. Шунинг учун у ердаги вазият бизларга номаълум¸ дейди Суръат Икромов.

БМТнинг махсус маърузачиси Тео ван Бовен 2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечириб, у ерда қийноқлар мунтазамлик касб этади, деган хулосани берган ва уларни бартараф этиш учун Ўзбекистон ҳукуматига тавсиялар тақдим этганди.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сўзларига кўра, Ўзбекистон бу тавсияларга амал қилмаяпти, қамоқхоналарда қийноқлар қўлланишига оид вазият ҳам ўзгармаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG