Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

O tempora, o mores !


Аксар дунëда талабалар¸ жамиятнинг энг фаол қисми ҳисобланса¸ Ўзбекистонда улар қуллуқчилик ва хўп-хўпчиликка ўргатилмоқда¸ деб куюнади мустақил кузатувчилар.
Аксар дунëда талабалар¸ жамиятнинг энг фаол қисми ҳисобланса¸ Ўзбекистонда улар қуллуқчилик ва хўп-хўпчиликка ўргатилмоқда¸ деб куюнади мустақил кузатувчилар.

Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети талабалари мавжуд таълим тизимидан норозилик билдириб, 17 июн куни норозилик акцияси ўтказишга уриндилар. Бу ҳақда uznews.net сайти хабар қилди.

Аввало, табиийки, журфакка телефон қилдик.

Котиба кўтарди телефонни.

Озодлик: Кеча журфакда талабалар норозилик намойиши бўлган экан. Шу ростми?

- Билмадим¸ мен бунақасини эшитмадим¸ деди гўшакни кўтарган котиба.

Бошқа телефонни кўтарган бошқа котиба “билмадим”, демади. У “ҳозир тўхтанг” деб¸ декан муовини билан улади.

Озодлик: Менинг исмим Сарвар Усмон. Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Кеча сизларнинг факультетда талабаларнинг норозилик акцияси бўлган эмиш. Шу гап ростми ëки ëлғонми?

- Ало.

Озодлик: Ало.

- Нимага узилиб қолаяпти?

Озодлик: Ало.

- Телефонингиз яхши ишламаяпти¸ шекилли. Ало.

Озодлик: Ало¸ ало.

- ............. (декан муовини овозимиз эшитилмаëтганини айтиб телефон гўшагини қўйиб қўйди)

Чехияниям, Ўзбекистонниям алоқачилари бизга ақлли телефонлар ўрнига эси йўқроқларини ўрнатиб берса бўлар экан.

Савол нохушроқ бўлиши биланоқ телефоннинг ўзи эшитаверадию¸ бошқа томонга эшиттирмай қўяди.

Ҳай...

Аслида, журфак талабаларининг норозилик акцияси ўтказгани янгилик бўлмаслиги керак.

Бўлғуси журналистларнинг шундай акция ўтказмаслиги янгиликдир.

Чунки¸ журналистлик касб эмас. Журналистлик – фаол ҳаётий позициядир.

Журналист микроскопнинг тешигига тикилиб сурункасига ҳайратга тушиб ўтираверадиган ботаник эмас.

Журналист ана ўша микроскопда кўринган молекулаларнинг ҳам ҳаракатига тартиб киритишни истайди, нима бу бетартиблик, деб жар солади.

Айниқса, ўша журналист ҳали талаба бўлса.

Бўлди. Журфак талабаларининг бўғилган норозилик акцияси тўрисидаги лавҳа тугади.

Лекин, журналист эмасмизми, ҳамкасбларимиз нимадан норози, деган савол жавобини излашга киришдик.

Тилга олинган ўқув юртининг аввал бакалавриатини, сўнгра 2003 йили магистратурасини битирган Шарифахон (ҳозир у пойтахтдаги соҳа нашрларидан бирида ишлайди) билан ўтказганимиз суҳбатдан ўша жавоб мана мен деб чиқиб келади.

Эшитинг. Бас, бугунги талабалар ўқитиш сифатидан қониқмаётган экан, Шарифахондан сўрадик:

Озодлик: Сизни ўқиш жараëнидаги олганингиз таълим сифати қониқтирганми ëки қониқтирмаганми?

Шарифа: Ўша пайтда мени қониқтирмас эди. Бизда жанрлар ўзгариб кетганку. Очерк¸ фелъетон¸ памфлет деган нарсалар секин-секин йўқолиб кетаяптию.

Мана ҳозир янгиликлар журналистикаси¸ интернет журналистикаси каби нарсалар кириб келаяпти. Бизга ахборотга товар сифатида қараш кириб келаяпти.

У аллақачон кириб келиб бўлди. Ўша кириб келаëтган пайтда ҳам домлаларимиз қандайдир¸ қониқтирмас эдида хуллас.

Озодлик: Ўша пайтда сизларни қонитирмаганини у ëки бу шаклда домлаларгами¸ жамоатчиликками бир айтганмисизлар?

- 1998 йилда “Ëш куч” журналида “Журфакда журналист тайëрлаб бўладими?” деган мақола ëзганман. Ўшанда факультетдаги бор нарсаларни ëзганман.

Хорижий журналистиканинг яхши ўқитилмаслигини¸ домлаларимизнинг ҳаммасининг хорижий журналистикадан бехабарлигини¸ дунë давлатлари журналистикаси билан яхши таниш эмаслигимизни ëзганман¸ лекин ҳеч қанақа эффект бўлмаган.

Биров бир жойга чақириб урушмаган¸ тўғри ëздинг ëки нотўғри ëздинг деб ҳеч ким айтмаган¸ дейди Шарифа.

Бу кечаги гап эди. Мана бу эса, бугуннинг гапи. Журфакнинг бугунги талабалари тўғрисидаги гап.

Шарифа: Ҳозир мен ўзим газетада ишлайман. Талабалар келади. Журналистиканинг учинчи-тўртинчи курсларида ўқиса ҳам нима деяëтганини¸ нима ëзишни билмайди.

Озодлик: Мен шу кундаги аҳвол тўғрисида сўрамоқчи эдим. Айтдингиз-қўйдингиз¸ менимча. Демак¸ аҳвол ўзгаргани йўғ-а?

- Мен билмайман. Бизга кўпинча амалиëт ўтагани талабалар келади¸ институтга кирмоқчи бўлганлар келади. “Мавзу беринг менга. Қанақа мавзуда ëзай?” дейди.

Мен уларга “Ўзинг журналистсан. Сени қийнаëтган¸ одамларга айтмоқчи бўлган фикринг бордир. Ўшаларни ëзиб кел” десам¸ “Йўқ¸ сиз менга мавзуни бераверинг” дейди.

Кейин мен уларга мавзу бераман¸ лекин ўшани ҳам қойиллатиб ëзиб келмайди. Орада битта-иккита чиқиб қолади.

Яқинда бизга битта бола келди. Бу йил битираяпти. Саводсиз. Орфографияни билмайди. Демак¸ аҳвол ҳали ҳам шунақа¸ дейди Шарифа.

Балки Шарифахоннинг қўлига журфакнинг энг бўлимсиз талабаси тушиб қолгандир. Балки.

Лекин Шарифахоннинг айтганлари журфак талабалари нимадан норози бўлаётганликларини яққол кўрсатиб турибди.

Одатда¸ журналистика факультетлари талабалари жанговар келади. Ўзбекистон Миллий университети журфаки ҳам ана ўша умумий қоидадан истисно эмас.

90-йиллар бошида мамлакат президенти аччиқ устида журфакни ёпишга буйруқ берган¸ ҳам дейишади.

Тажрибали журналист Шароф ака Убайдуллаев билан бугунги ўзбек журналистикаси аҳволи тўғрисида узоқ гаплашдик.

Домла, жумладан мана бундай куйинди.

- Бугунги матбуотнинг аҳволи жуда аянчли даражада. Эртага мана шу давр матбуотини кўтариб¸ ўшанинг тахламларини очганда¸ биз шу давр нақадар аянчли бўлганлигини кўриб афсуслар қиламиз.

Республиканинг энг етакчи¸ отахон газеталарида йиллаб на фелъетон бор¸ на бир жиддий танқидий материал бор¸ на бир оддий луқма бор¸ на бир бирор бир соҳага жиддий эътироз бор.

Ваҳолангки¸ бу қандай жамиятки¸ камчиликлардан мустасно бўлиши мумкин? Биз камчиликларни яшираверсак¸ касалликларни яшираверсак¸ биз бундан кўзни чирт юмиб тураверсак¸ матбуот нимага хизмат қилиши керак¸ деб куйинди Шароф ака Убайдуллаев.

Эртага нима бўлади, деб куйинди Шароф ака Убайдуллаев.

Журфак талабаларига норозилик билдиришга рухсат бермаган эканлар, афтидан, нафақат эртага, балки индинга ҳам бугунгидай бўладигандай.

Жамият нима учун журналист болачаларимиз норозилик билдиряпти деб эмас, аксинча нима учун ҳамма нарсадан рози, деб ташвишга тушса бўлмайдими?

Ахир розилик алоҳида, умр йўли тугаётган вақтда сўраладику?!

O tempora, o mores !

О замон, о тутумлар!
XS
SM
MD
LG