Линклар

Олий руҳоний намойишларни тўхтатишга чақирди


Эрон Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи норозилик намойишларига сабаб бўлган президентлик сайловида ғолиб кимлиги аллақачон аниқ бўлганини таъкидлади.

Теҳрон университети стадионини намозгоҳга айлантириб¸ бир неча минг кишилик жамоа олдида нутқ қилган Али Ҳоманайи 12 июн кунги сайловда қатнашган 40 миллионга яқин сайловчиларнинг қарийб 24.5 миллиони амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод учун овоз берганини уқтирди.

Мухолифат иддаоларини рад этган Эрон Олий руҳонийси, ушбу сайлов эронликларнинг исломий тузумга бўлган ишончини намойиш қилгани ва Эрон душманлари сайлов қонунийлигини савол остига қўйиб¸ халқ ишончига путур етказишга уринаётганини айтди.

Бундан ташқари Али Ҳоманайи Мусавий тарафдорларини норозилик намойишларини тўхтатишга ундади.

Сўнгги ҳафта мобайнида Эрондаги президентлик сайловида мағлуб бўлгани айтилаётган ислоҳотчи номзод Мусавийнинг юз минглаб тарафдорлари сайлов натижаларига қарши Теҳрон кўчаларида олти кундан бери тўхтовсиз норозилик намойиши ўтказмоқда.

Мусавий ва унинг тарафдорлари сайлов натижаларининг бекор қилиниши ва мамлакатда янги сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG