Линклар

logo-print

Чагаев яна Ўзбекистон байроғи остида рингга тушади

  • Ҳурмат Бобожон

Руслан Чагаев Николай Валуевни мағлуб қилган ягона боксчи ҳисобланади.

Руслан Чагаев Николай Валуевни мағлуб қилган ягона боксчи ҳисобланади.

Профессионал боксдаги WBA йўналиши бўйича жаҳон чемпиони¸ ўзбекистонлик Руслан Чагаев 20 июн куни Германиянинг Гельзенкирхен шаҳрида украиналик машҳур боксчи Владимир Кличкога қарши рингга тушади.

Британиялик Дeвид Ҳeй жароҳатлангани боис Кличко билан жангдан воз кечганидан сўнг ўзбекистонлик Чагаев унинг ўрнига украиналик боксчига қарши рингга тушиш таклифини қабул қилди.

Ўтган ой охирларида Руслан Чагаев ва “россиялик дев” Николай Валуев ўртасида Ҳельсинкида бўлиши керак бўлган жанг ортга сурилган эди.

Ўзбекистонлик Чагаевнинг қонидан “гепатит” белгилари топилгани билдирилган ва касалликнинг юқишидан хавфсираган россиялик Валуев ўйиндан бош тортган эди. Бунинг ортидан Чагаев “танаффусдаги чемпион” деб эълон қилинган эди.

Эндиликда “Оқ Тайсон” лақабли Чагаев “Темир қўл” лақаби билан танилган украиналик машҳур боксчи Владимир Кличкодан чемпионлик камарини тортиб олмоқчи.
Украиналик боксчи Владимир Кличко ҳам мағлубиятни билмайдиганлардан саналади.

Чагаев ва Кличко ўртасида бўлажак жанг хусусида ўзбекистонлик боксчига ҳомийлик қилаётган Германиянинг Universum Box-Promotion ширкати вакили Георг Нолте билан суҳбатлашдик.

Озодлик: Россиялик Валуев билан жанг қолдирилганидан саноқли кунлар ўтиб, Руслан Чагаев украиналик машҳур боксчи Кличкога қарши жангга рози бўлди. Руслан жанг олдидан ўзини қандай ҳис этаяпти?

Георг Нолте: У ўзини жуда яхши ҳис этаяпти. Чунки¸ унинг ортида кучли промоуторлик ширкати, қолаверса малакали мураббийлар турибди.

Бокс бўйича бешта жаҳон чемпионига мураббийлик қилган, жаҳоннинг энг зўр тренери Майкл Тимм ҳозир Руслан Чагаев билан шуғулланаяпти.

Русланнинг аввалги рақиби Валуевнинг ҳам Русланга нисбатан бўйи узун эди, ҳозирги рақиби Кличконинг ҳам бўйи узун. Шу боис¸ жангга тайёргарлик жараёнига алоҳида ўзгартитиш киритилмади.

Марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев Николай Валуевни одамнинг тугаб¸ девнинг бошланиши дея атаган эди.
Озодлик: Руслан Чагаевнинг қонида “гепатит”" белгилари топилгани боис, унинг рақиби Николай Валуев касалликнинг юқишидан хавфсираб, ўзбекистонлик боксчига қарши рингга тушишдан бош тортган эди. “Гепатит”¸ бу гал¸ украиналик боксчини қўрқитмаяптими?

Георг Нолте: Аслида, Ҳельсинкидаги бу ҳолатни, рақибларимиз нимага бунақа иш тутишганини биз тушуна олмадик.

Сабаби¸ Русланнинг қон намуналари ўтган бир неча йил давомида, ҳаттоки жанг арафасида ҳам рисоладагидек бўлган.

Ҳозир ҳам Руслан ўзини “отдай” ҳис этмоқда ва Кличкога қарши жангга тайёр. Билишимча¸ унинг рақиби Кличко тарафидан ҳам ҳеч қанақа эътироз йўқ.

Менимча¸ жуда қизиқарли жанг бўлади. Владимир Кличко жаҳон бўйича WBA таснифидаги номер биринчи, Руслан Чагаев эса номер учинчи боксчи.

Озодлик: Ўзбекистондаги гап-сўзларга қараганда, Руслан Чагаев ватани Ўзбекистонни бутунлай тарк этган ва оиласи билан Германияда яшаётган экан. Қолаверса, Ўзбекистон телеканалларида ҳам Руслан Чагаев сўнгги йилларда камнамо. Унинг Ўзбекистондан бутунлай кетиб қолгани ростми?

Георг Нолте: Биласизми, мен бугун Руслан билан эрталаб бирга нонушта қилганимда¸ у менга “Германиянинг “Шалке” ўйингоҳида 60 минг ишқибоз балки Кличко тарафида бўлар, лекин Ўзбекистонда 25 миллион одам менинг тарафимда бўлади. Мен доим рингга тушганимда¸ буни ҳис қиламан ва бундан фахрланаман” деб айтди.

Озодлик: Демак, Руслан яна Ўзбекистон байроғи остида рингга тушади?

- Ҳа, ҳа, албатта. У германиялик эмас, ўзбекистонлик боксчи¸ дейди Георг Нолте.

Асли андижонлик Руслан Чагаев шу пайтга қадар жами 25та жанг ўтказган бўлиб¸ биронтасида енгилмаган.

Ўтган йилнинг феврал ойида жароҳатлари тузалиб¸ яна рингга қайтган ўзбекистонлик боксчи Германиянинг Росток шаҳрида коста рикалик рақиби Карл Девис Драммондни мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, Чагаев россиялик машҳур боксчи Николай Валуевни мағлуб этган ягона боксчи ҳамдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG