Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Оятуллоҳ мухолифатни огоҳлантирди


Оятуллоҳ Али Ҳоманайи 19 июн куни ўз маърузасини олқишлаб турган минглаб тарафдорларини қувватламоқда.
Оятуллоҳ Али Ҳоманайи 19 июн куни ўз маърузасини олқишлаб турган минглаб тарафдорларини қувватламоқда.

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи президентлик сайловидан сўнг бошланган норозилик намойишларини қоралади ва мухолифатнинг қайта сайлов ўтказиш талабини қатъиян рад этди.

Миллионлаб эронлик қатори аксар дунë ҳам Эрон олий руҳонийсининг жума кунги ваъзини мамлакатдаги сиëсий бўҳронни бир ëқлик қилувчи ҳукм сифатида кутаëтган эди.

Оятуллоҳ Али Ҳоманайининг бу кутилган нутқи миллионлаб ислоҳот тарафдорлари тарвузини қўлтиғидан тушириб юборди.

Эронда сўнгги сўз айтиш ҳаққига эга олий руҳоний¸ Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг президентлик сайловида ҳалол ғолиб бўлганини билдирди ва мухолифатнинг қайта сайлов ўтказиш сўрови устига тупроқ тортди.

- Бизнинг мамлакатимизда ўрнатилган тизим сайловларни сохталаштиришга йўл бермайди. Сайлов масаласидан хабардор одамларнинг бари буни яхши билади ва мавжуд сайлов тизимини қўллайди. Ғолиб ва биринчи мағлуб ўртасида 11 миллион овоз фарқи бор. Агар бу фарқ 100 минг ëки 500 минг¸ ҳаттоки бир миллион бўлганда ҳам¸ сохтагарчилик бўлди¸ деса мумкиндир. Аммо орадаги фарқ 11 миллион бўлиб турган бир пайтда¸ қандай қилиб бундай даъвони ўртага қўйиш мумкин? дея хитоб қилди Теҳрон университети намозгоҳига тўпланган жамоага қарата Оятуллоҳ Ҳоманайи.

Олий руҳонийнинг нафақат Эрон¸ балки халқаро ахборот воситалари томонидан ҳам жонли тарзда кўрсатилган жума кунги маърузасида президент Аҳмадийнажод¸ шунингдек президентликка даъвогарлардан бири¸ ашаддий консерватив Муҳсин Ризойи ҳам иштирок этди.

Ҳукумат томонидан ташкил этилган бепул автобуслар минглаб режим тарафдорларини Али Ҳоманайи маърузасини эшитиш ва унинг сўзларини эҳтирос билан қувватлаш учун олиб келган бўлса¸ олти кундан бери ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавийнинг юз минглаб тарафдорлари Теҳрон кўчаларида норозилик юриши қилмоқда.

Ҳукуматнинг Басиж қуролли гуруҳи қўли билан 8 намойишчини ўлдиргани ва ўнлаб мухолифат фаолларини ҳибсга олганига ва кўча юришларини таъқиқлаганига қарамай¸ Мусавий тарафдорлари 1979 йилдан бери Теҳронда кузатилмаган намойишларни ўтказишга муваффақ бўлдилар.

Аммо Ҳоманайи сайлов натижаларидан норози бўлганларни ўз шикоятларини кўча намойишлари эмас¸ балки ҳуқуқий асосда ҳал қилишга чақирди.

- Сайловлардан сўнг кўчага чиқиб курашиш тўғри иш эмас. Бундай ҳаракат демократия ва сайлов принципларига ҳам соя солади. Мен ҳар бир фуқародан бу ишни тўхтатишни сўрайман. Бу йўл хатодир. Агар кўча намойишлари тўхтатилмаса¸ уни уюштираëтганлар бу бош-бошдоқлик ва унинг оқибатлари учун маъсул бўладилар¸ дея Мусавий ва унинг тарафдорларига кескин огоҳлантирув йўлалди Эрон олий руҳонийси.

Ўз нутқида Оятуллоҳ Али Ҳоманайи¸ айни пайтда Эронда юзага чиққан сиëсий кескинлик учун ташқи кучларни ҳам кескин қоралади.

“Ички ишларимизга аралашиш орқали хориждаги душманларимиз Эронда ҳам айрим собиқ совет ўлкаларидаги каби инқилоб қиламиз¸ деб ўйлашган бўлса¸ чучварани хом санашибди” ¸ дея туриб олий руҳоний эронликларни ғанимларга қарши якдил бўлишга чақирди.

- Душманларимизнинг бугунги шодлигимизни¸ улар умид қилаëтган каби¸ барбод этишларига йўл берманг! Албатта¸ агар кимлардир бошқача йўл танлашни истаëтган бўлса¸ мен ўз халқимга яна мурожаат қиламан ва улар билан очиқ сўзлашаман. Ноқонуний талабларга босим остида бўйин эгиш¸ мустабидликнинг бошланишидир¸ дея хитоб қилди эронликларга Оятуллоҳ Али Ҳоманайи.

Бундай хитобга маърузани эшитиш учун олиб келинган минглаб эронликлар эҳтиросли жавоб қайтардилар.

- Оллоҳу Акбар! Ҳоманайи буюк йўлбошчимиз! Ислом фақиҳларига қарши чиққанлар йўқолсин! Йўқолсин Америка! Йўқолсин Англия! Йўқолсин Ислом инқилоби душманлари! Йўқолсин Исроил! дея Оятуллоҳ Ҳоманайи баëнотларини қувватлади намозгоҳга йиғилган оломон.

Оятуллоҳ Али Ҳоманайининг Мусавий ва унинг тарафдорлари учун катта зарба деб қаралаëтган бундай кескин маърузасидан сўнг¸ мухолифатнинг ўз норозилигини қандай давом эттиришига оид ҳозирча маълумот йўқ.

Пайшанба кунги кенг кўламли тадбирдан сўнг ўз тарафдорларини намойишларни шанба кунга қадар тўхтатишни сўраган Мусавий¸ олий руҳонийнинг кескин баëнотларидан сўнг уларни шанба куни норозилик намойишини давом эттиришга чақирди.

Айни шанба куни Эронда олий конституцион суд мақомига эга Посбонлар кенгаши президентликка тўрт даъвогар билан учрашиб¸ номзодларнинг сайлов жараëнига оид шикоятларини кўриб чиқади.

Аммо Эронда барча масалада сўнгги сўз айтувчи Оятуллоҳ Али Ҳоманайининг жума кунги маърузаси¸ бу кенгашнинг бирор жиддий қарор чиқариши эҳтимолини пучга чиқарди.

Ҳоманайи ҳукм чиқарди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00
XS
SM
MD
LG