Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:47

Ўзбек ëшлари пултопар касблар орзусида


Айтилишича¸ аксар ўзбек ëшлари Ўзбекистонда қонундан устун турадиган касблар¸ биринчи галда кучишлатар тизимларида ишлашга иштиëқманд экан.
Айтилишича¸ аксар ўзбек ëшлари Ўзбекистонда қонундан устун турадиган касблар¸ биринчи галда кучишлатар тизимларида ишлашга иштиëқманд экан.

Замонавий ўзбек ёшлари билан суҳбатлардан улар учун муайян касб-корнинг у қадар муҳим эмаслиги, қайси соҳа даромадлироқ ва қонундан устунроқ бўлса, ëшларнинг ўша соҳага мойил экани аëн бўлди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида ўзбек ёшлари орасида космонавт бўлишга иштиёқманд романтиклар кўп эди.

70-йилларида ўзбек ёшлари орасида шифокорлик ва ўқитувчилик касбларини танлаш урф бўлган.

80-йилларга келиб Ўзбекистонда юрист энг эътиборли касбга айланган.

90-йилларда дипломатия, журналистикага қизиқиш кучайгани кузатилди.

Ҳозир эса...

Тошкент Иқтисодиёт университети талабаси Шоҳсанамга кўра, ҳозирги ўзбек ёшлари орасида “мода”, яъни энг урф бўлган касблардан бири иқтисод билан боғлиқ касблардир. Хоразмлик Шоҳсанам Иқтисодиёт университетида ўқиганларга келажакда пул топиш осон бўлади, деган фикрда.

- Менимча, ҳозир Ўзбекистонда банклар кўпайиб кетгани учун ҳамма банк соҳасига, пул соҳасига ўзини ураяпти. Кўпчилик Иқтисодиëт университетига топшираяпти. Иқтисодиëт университетида ўқиш ёшлар орасида мода. Бу университетда шартнома пули ҳам қиммат. Лекин шундай бўлса-да ҳамма иқтисодиëтни танлаяпти, дейди Шоҳсанам.

Манғитлик Робия опанинг уч фарзанди балоғат ёшида. Робия опа болаларини замонга мос касбларни танлаганидан хурсанд.

- Катта қизимиз кўпроқ ўқитувчи бўлишни хоҳлайди. Кейинги иккаласи медик бўлишни хоҳлайди. Уларнинг докторликка қизиқишига сабаб дадаси врач ва мен ҳамшира бўлганлигим учун бўлса керак. Ўзимча “яхши касб” деб ўйлайман. Халққа хизмат қиладиган касб. Қайси касб эгаси бўлса ҳам, халққа хизмат қилаëтган инсонлар бўлиб етишишсин болаларим, дейди Робия опа.

Тошкентлик Гавҳар опа кейинги пайтда ўзбек ёшлари орасида энг эътиборли бўлган касбларни санайди.

- Ҳозир ëшларнинг ичида ҳуқуқшунослик ëки медицина соҳасини эгаллашга иштиёқ кучли. Ундан кейинги ўринда иқтисодиëт туради. Иқтисодиëт университетига ëшларнинг талаби жуда катта. Молияга ҳам шундай. Ҳозир яна Алоқа институти ҳам жуда престижний. Ёшлар орасида шу касбларга қизиқиш кучли. Чунки ëшлар бу каби касбларни танласа, иш топа олишини билади. Бу касб эгалари ишсиз қолмайди, дейди Гавҳар опа.

Сўнгги йилларда нефт ва газ саноати соҳаси бўйича ўқишни хоҳловчи ёшлар ҳам кўпаётгани кузатилади.

Андижонлик ўқитувчи Шокиржон Мўминовга кўра, ўқувчиларининг кўпчилиги юрист касбини энг обрўли касблардан бири деб билишади.

- Бизнинг давримизда “Медга борасанми ëки педгами” дерди. 1969-1970 йилларда педагогика институти ва медицина институти мода бўлган. Ҳозир педагогик институтларга кириш камдан-кам. Ҳозир ўқувчиларимизнинг кўпроқ орзуси юридик институтларга кириш бўлаяпти, дейди андижонлик ўқитувчи.

Аммо тошкентлик Сурайё фикрича, ҳозирги пайтда ота-оналар болаларини олий маълумотли қилишдан кўра, уларга бирорта ҳунар ўргатишни маъқул кўраяпти.

- Касб бошқа, ҳунар бошқа. Бир пайтлар журналистика касби мода бўлган. Инсонни бизнинг шароитда журналистика соҳаси боқадими? Ойлик билан, гонорар билан яшашнинг иложи йўқ-ку. Касб одамларни боқмай қўйди. Ҳамма пайтда ҳунар одамни боққан. Одамлар узоқни кўзлаб болаларига касбдан кўра ҳунар ўргатишаяпти, деб ўйлайман.

Масалан, ëш-ëш йигитларнинг қандолатчилик билан шуғулланаëтганини биламан. Пашмак, ҳолва, қанд ишлаб чиқаришни ўрганишаяпти. Қаëққа қараманг, қизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб торт, пишириқ пиширишлар, зардўзлик кабиларга қизиқиб¸ ўша курсларда ўқиëтганини кўраяпмиз. Ҳунар билан рўзғор боқса бўлади, дейди тошкентлик Сурайё.

Қашқадарёлик Раҳматжон эса кейинги пайтда ўз тенгдошларининг бирор ҳунар эгаллашдан ҳам кўра ҳуқуқ-тартибот органларига ишга жойлашиб олишга қизиқиши ортиб бораётганини айтади.

- Ўзбек ëшлари бугун, асосан, ички ишлар тизимида ишлашга ва куч ишлатар соҳага эга бўлган тизимларда ишлашга қизиқиб боришаяпти. Биринчи ўринда милиция¸ прокуратура¸ суд тизими ходимлари ва қолаверса, МХХ да ишлашга қизиқиш жуда катта. Чунки ëшларнинг онгига “Шу касб эгалари истаган ишини қилиши мумкин, улар учун йўл очиқ, улар учун қонун ишламайди” деган фикр сингдирилди. Шунинг учун ҳам тенгдошларимиз орасида бу касбларга иштиёқ кучли, дейди қашқадарёлик йигит.

Хуллас, Гагаринга ҳавас қилган 60-йиллар ёшларидан фарқли равишда бугунги ўзбек ёшлари кўпроқ ерлашган касб-ҳунарларни эгаллашга уринмоқдалар.

Мактаб дарсликларидаги “Космонавт бўлсам қани, деб орзу қилар Ғани” қабилидаги шеърлар эса уларнинг киноя-истеҳзосига сабаб бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG