Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

Ўзбеклар ҳам қочқинлар сафини тўлдирмоқда


Ўзбекистонни ташлаб кетишга мажбур бўлган ўзбекистонлик қочқинлар хориждаги тўкин-сочин¸ сўлим-салқин ҳаëтга қарамай¸ ватан соғинчида яшашларини айтадилар.
Ўзбекистонни ташлаб кетишга мажбур бўлган ўзбекистонлик қочқинлар хориждаги тўкин-сочин¸ сўлим-салқин ҳаëтга қарамай¸ ватан соғинчида яшашларини айтадилар.

20 июн - жаҳон қочқинлар куни муносабати билан БМТ дунё эътиборини бошпанасиз қолган миллионлаб қочқинлар муаммосига қаратишга уринмоқда.

Сўнгги йилларда жаҳон бўйлаб ёйилган миллионлаб қочқинлар сафи ўзбекистонликлар ҳисобидан ҳам кўпайди.

Андижонда 2005 йил 13 май кунги қонли воқеалардан кейин чет давлатлардан бошпана сўраётган ўзбекистонликлар сони йилдан йилга ошиб борди.

Андижон қирғини боис¸ ватандан, фарзандларидан, оиласидан айро бўлиш қисмати¸ 62 яшар андижонлик онахон Гулсора Акбарова бошига ҳам тушди.

Гулсора онанинг икки ўғлини Андижон воқеаларида айблаб қамашди. Ўзи бугунги кунда Ҳолландияда яшаяпти.

- Тўртта ўғлим бор эди. Биз ҳаммамиз тирқираб кетдик. Уйдан олти жон ҳаммамиз чиққанмиз. Бири ўлди¸ яна турмага кетди¸ биз бу ëқдамиз.

Болаларим қамалган пайтда¸ дадасининг миясига қон қуйилиб ëтиб қолган. Орадан бир йил ўтиб¸ хўжайиним ҳам оламдан ўтди.

Ҳозир Ҳолландияда мен¸ қизим ва 23 нафар тадбиркорнинг ичидаги ўғлим. Унинг оилалари ҳам бор. Бу ëққа олиб келишди¸ дейди хўрсиниб Гулсора Акбарова.

Андижонлик Муҳаммаджон Андижон воқеалари пайти 15 ёшда эди. У ҳам ҳозир оиласидан узоқда, бир ўзи Швейцарияда яшаяпти.

Муҳаммаджон: Андижон воқеалари содир бўлган пайтда мен 15 ëшда эдим. Шу воқеалар сабабли бу ëққа келдим.

Озодлик: Ота-онангиз ҳам шу ердами?

Муҳаммаджон: Йўқ¸ бу ерда битта ўзимман.

Озодлик: Майдонга битта ўзинигиз чиқиб қолганмисиз?

Муҳаммаджон: У ерда дадам ва укам билан чиққанмиз. Мен уларни отишмадан кейин йўқотиб қўйганман. Улар Ўзбекистонда қолишди. Дадам ҳозир турмада ўтирипти.

Озодлик: Нима учун?

- Андижон воқеаларида айбдор деб топилиб қамалган. Энди у ерда ҳамма халқ бўлган. Ҳамма ўзининг дардини айтиб чиққан. Дадамни беш йилга қамашди¸ дейди Муҳаммаджон.

Маълумки, 2005 йил 13 май куни Андижонда ўқ ёмғиридан қочиб, Қирғизистонга ўтган 400 дан ошиқроқ ўзбекистонлик Руминияга кўчирилган. Шундан кейин андижонлик қочқинларнинг аксар қисми турли Ғарб давлатларига жўнатилган эди.

- Ҳозир андижонлик қочқинларнинг бари Европанинг кўпгина ривожланган давлатлари, Канада ва Қўшма Штатларда фаровонликда, хавфдан йироқда яшамоқда.

Улар аста-секин Европа ва Америка жамиятларига мослашишмоқда, дейди БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги матбуот вакили Мелита Сунич.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда ҳукумат босимлари кучайиши ортидан ўнлаб инсон ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат фаоллари, мустақил журналистлар ҳам Ўзбекистонни тарк этди.

Кўпчилигининг қариндошлари, ҳатто фарзанди ёки турмуш ўртоғи Ўзбекистонда қолган. Швециянинг Тимро шаҳридан бошпана топган Ҳайитбой Қўзиев шулардан бири.

- Мен учта ўғлимни ҳаддан ташқари суйиб яшаган инсонман. Менга ҳозир ҳам қийин. Агар шу фарзандларим ëнимда бўлганида эди¸ ҳаëтим бунчалик қийин бўлмас эди.

Мана кенжа ўғлим келди. Еганимиз олдимизда¸ емаганимиз кетимизда. Машина олдик¸ бошқа уй жиҳозларига аста-секин эришаяпмиз. Бу ҳаëтга ўрганиш қийин экан¸ дейди Ҳайитбой Қўзиев.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги матбуот вакили Мелита Суничнинг айтишича, қочқинлар оилаларини бирлаштиришнинг юридик имконлари йўқ эмас.

- Умумиятла¸ ҳар бир қочқин оиласини бирлаштириш ҳуқуқига эга. Яъни бирон қочқин бирон давлатдан қочқинлик мақомини олса, ватанида қолган ўз оиласини ҳам шу давлатга олиб келиш ҳуқуқига эгадир.

Лекин, айрим холатларда бу жуда узундан-узоқ бир бюрократик жараёндир, дейди Мелита Сунич.

БМТ маълумотларига кўра, 2008 йил охирига қадар жаҳон бўйлаб 42 миллион одам ўз уйини ташлаб, қочқинликка юз тутишга мажбур бўлган.

“42 миллион дегани¸ бу бутун Испания аҳолисидир”, деб сўзида давом этади БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги матбуот вакили Мелита Сунич. “Улардан 14.4 миллиони ёки учдан бир қисмига идорамиз кўмагида бошпана олишларига ёрдам этилди, дейди Сунич.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб тарқалган қочқинларнинг кўпчилиги Африка давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ўзга юртлардан бошпана сўраб мурожаат этаётганларнинг тўртдан бир қисми африкаликлардир.

Қочқинлар куни муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё жамоатчилигини қочқинлар муаммосига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Турли давлатларда уруш ва низолар боис қочқинликка юз тутган миллионлаб инсонлар тақдири халқаро жамоатчилик эътиборидан четда қолмаслиги керак¸ деб айтди БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссари Антонио Гуттерес.
XS
SM
MD
LG