Линклар

Варақа баҳона - раскрутка ғанимат

  • Садриддин Ашур

Навоийдаги маҳбусларнинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари 159-модда билан қамалган шахсларнинг қамоқхона ичида варақа тарқатганига ишониб бўлмаслигини таъкидламоқдалар.

Навоийдаги маҳбусларнинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари 159-модда билан қамалган шахсларнинг қамоқхона ичида варақа тарқатганига ишониб бўлмаслигини таъкидламоқдалар.

Россия “Интерфакс”и Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига таянган ҳолда Навоий вилоятидаги жазони ўташ муассасаларида яширин фаолият олиб борган “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари фош қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарга кўра, қамоқхона ичкарисида “Ҳизбут- Таҳрир” аъзолари адабиётлар тарқатган, ўз сафларига янги аъзоларни жалб қилган.

“Ҳизбут-Tаҳрир” партияси аъзолари Ўзбекистонда жуда қаттиқ таъқиб қилинаётган бир пайтда қамоқхонанинг ичида яширин фаолият олиб бораётгани, боз устига, адабиётлар тарқатаётгани ҳар қандай одамни ҳам бир хушёр торттириши мумкин.

Интерфакс хабарида айтилишича, қамоқхонадаги яширин ташкилот икки бўлимдан иборат бўлиб, улар яна шaҳобчаларга эга бўлган. Бу шаҳобчалар тутқунлар орасидан янги аъзолар топиб, уч ва беш кишилик гуруҳлар тузган.

Ҳизбут-Таҳрир аъзолигига янги номзодлар билан машғулотлар олиб борилган, улар партиянинг таъқиқланган адабиётларини муҳокама қилганлар. Пировардида 20 га яқин айбдорлар топилиб, уларга қўшимча жазо муддатлари қўшиб берилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровнинг айтишича, Ўзбекистондаги қамоқхоналар учун бу ҳолат янгилик эмас.

- Бу ҳақиқий раскрутка. “Раскрутка нима учун фақат 159-модда билан қамалганларга қўлланилади?” дейдиган одам йўқ. Агар бирорта инсон, бирорта ташкилот шу муаммони кўтариб ўрганганида, ҳақиқий хулоса берган бўлар эди.

Яъни Ўзбекистон қамоқхоналарида берилаëтган раскруткаларнинг (қўшимча муддат қўшиб бериш) 99 фоизи 159-модда билан қамалганларга нисбатан ишлатилади, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили ҳам Навоийдаги 64/29-сонли қамоқхонада шундай раскруткалар қўлланилган эди:

- Навоийдаги 64/29-сонли қамоқхонада 2008 йилнинг июл ойидан бошлаб сентябр ойигача 12 нафардан гуруҳ қилиниб, 36 нафар маҳбуснинг устидан суд ҳукми чиқарилган, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бундай раскруткаларга қамоқда бўлган ўз ўғлини мисол қилиб келтиради:

- 28 майда ўғлимга айблов эълон қилинди. Яъни унга қамоқхонадаги Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига қатнашган, у ерда 36 та гуруҳ бўлган, адабиëтлар, варақалар топилган деяпти, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Унинг айтишича, ўта қаттиқ қўриқланаётган, ичига ҳатто пашша учиб киролмайдиган қамоқхонага Ҳизбут-Таҳрир адабиётининг кириши кулгили ҳолдир.

- Суд маҳкамасида адвокат қатнашиб, “Сизлар буларга ҳожатхонанинг олдидан варақа топилди, деб айблов қўяяпсизлар. Булар 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин колониянинг ичида алоҳида колонияга ажратилган бўлса, шу ҳолатда булар шу ишни олиб борган бўлса, бу ерда буларнинг курсисига қамоқхона маъмуриятини ўтказиш керак”, деб айтган.

Қандай қилиб қилиши мумкин булар? Мен борганимда фарзандим “Дада, ҳеч қандай нарса бўлган эмас. Мен шунинг учун кўрсатма ҳам бермаганман. Бирорта айблов хулосасига ҳам қўл қўймаганман”, деб айтди. Лекин барибир ўғлимга 16,5 йил қўшиб беришди, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

“Хўш, нега диний айбловлар билан қамалган маҳбуслар жазо муддати тугаса ҳам озодликка чиқарилмайди? Ҳукумат уларнинг нимасидан чўчийди?” деб сўраймиз инсон ҳуқуқи ҳимоячисидан.

- Мен буларга ўтказилган қийноқлар, зулмлар ошкор бўлишидан чўчиса керак, деб ўйлайман. Мен таъкидлаб айтаман: ҳали бирорта Ҳизбут-Таҳрир билан қамалган одамдан: “Чиқсам мен бундай қиламан” деган нарсани ëки ота-онасидан: “Ўғлим чиқса, бундай қиламан” деган нарсани эшитмаганман.

Булар: “Оллоҳ ўзи кўриб турибди, Оллоҳнинг ўзи жазосини беради”, дейди. Бу олиб борилаëтган нарсаларнинг ҳаммаси сиëсатдаги ноқислик, деб ўйлайман.

Бизда “Маърифат билан иш олиб бораяпмиз, тарғибот билан иш олиб бораяпмиз”, дейишади. Бизда маърифат, тарғибот эмас, фақат зулм бўлаяпти, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Норасмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида диний айбловлар билан қамалган 10 мингдан ортиқ тутқунлар бор.

Ўзбекистон ҳукумати жазони ўташ муассасаларида қийноқлар қўлланилмаслигини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG